Бухоро – Мискин янги темир йўли фойдаланишга топширилди
02 декабр 2017, 00:23 579 кўрилди

alt

Бухоро – Мискин темир йўли қурилишининг биринчи босқичи ўз якунига етди. Янги темир йўл фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил 13 мартдаги “Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорига кўра, мазкур линияда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилди. Иншоотни сифатли, ўз муддатида фойдаланишга топшириш учун 1500 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар, йўл қурилиши билан боғлиқ соҳа мутахассислари, 1000 дан зиёд қудратли механизмлар жалб этилди.

Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томонда олиб борилди. Лойиҳани замон талаблари даражасида фойдаланишга топшириш учун республикамизда ҳозиргача амалга оширилган йирик лойиҳалар, жумладан, “Навоий-Учқудуқ-СултонУвайстоғ-Нукус”, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон”, “Ангрен – Поп” темир йўл қурилишларида фаол қатнашган тажрибали темирйўлчилар мазкур лойиҳага бириктирилди.

“Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган янги темир йўлнинг умумий узунлиги 355 км.ни ташкил этади. Айни пайтда 335 км.га пўлат излар ётқизилди, 20 кмда тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, мазкур линияда 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. 21,2 млн кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, ушбу йўналишда 5 та станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачик, Сузакдор, Даутепа) ва шунча разъездлар (Машак, Азанир, Алабуга, Жакасай, Акчуқа) ҳам барпо этилди. Мазкур лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилгач, поэздлар ҳаракати тезкорлиги ошади, уларнинг ҳаракатланиш вақти қисқаради.

Дастлаб, мазкур темир йўл линияси орқали юк поездлар қатнови амалга оширилади. Бу эса ушбу ҳудуддаги қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишга замин яратади.

Шу кунга қадар пойтахтдан Урганчга қатновчи поездлар 1064 километр йўл босиб, “Навоий – Учқудуқ – Мискин” магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши билан поездлар қатнови қарийиб 100 километрга яқин қисқарди.

Ушбу темир йўлнинг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилиб, келгусида мазкур темир йўл орқали электропоездлар қатнови амалга оширилиши кўзда тутилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама