"Билайн" миш-миш туфайли $500 минг йўқотди
08 ноябр 2013, 10:56 1445 кўрилди

altЎзбекистонда уяли алоқа хизматини кўрсатувчи «Билайн» (Unitel мчж ва Buzton қк) оператори лицензияси олиб қўйилгани ҳақидаги миш-миш туфайли $500 минг йўқотди.

 

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 25 октябрь куни «Билайн» абонентлари SMS ва WhatsApp орқали тарқатилган ёлғон ахборотнинг қурбони бўлишди.

 

Ушбу хабарда UNITEL МЧЖнинг лицензияси тўхтатилиши баён қилинган бўлиб, унга шу мазмундаги қарор илова қилинган.

 

Бироқ ўша куннинг ўзида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ва “Билайн” оператори ушбу хабарнинг ёлғон эканини расман маълум қилишди. Лекин шунга қарамай, айрим абонентлар бошқа уяли алоқа операторлари томон ошиқишгани бор гап.

 

Unitel МЧЖ Бош директори Андрей Сафронюк ушбу миш-миш туфайли табиийки йўқотишлар бўлганини таъкидлайди деб ёзади Uzdaily. Унинг сўзларига кўра, 25-26 октябрь кунлари компания абонентларининг бир қисми ўз ҳисобларини тўлдирмасликни маъқул кўришган. “Биздаги дастлабки маълумотларга кўра, ўша кунлари $500 минг атрофида зарар кўрилган», - дейди компания раҳбари. Бироқ у ушбу ҳолат абонент сонининг қисқаришига сабаб бўлмаганини қўшимча қилган. Сафронюкнинг қайд этишича, кимлардир иккинчи сим-карта олган бўлиши мумкин, лекин улар ҳозирда «Билайн» хизматидан фойдаланишда давом этишмоқда.

 

Маълумотларга кўра, “Билайн” оператори мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуротурасига ариза берган. Шунингдек компания WhatsApp Inc. маъмуриятига ушбу ҳуруж ташаббускорларини аниқлаб беришни сўраб мурожаат қилган. Ҳозирча WhatsApp ушбу сўровга жавоб бермаган. 

 

Шархлар
Реклама