"Айритом" чегара божхона комплексига сканер ўрнатилди
21 ноябр 2013, 15:11 4203 кўрилди

alt

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона комплексига темир йўл вагонларини инспекцион-кўрикдан ўтказувчи “Rapiscan Eagle R60” маркали сканер қурилмаси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 20 ноябрь куни мазкур божхона комлпексида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирокида  тақдимот маросими бўлиб ўтди.

alt
 
Чегара божхона комплексига ўрнатилган мазкур сканер қурилмаси юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган вагонлар составини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.
 
alt

Эслатиб ўтамиз,Ўзбекистон ва АҚШ Ҳукуматлари ўртасида 2001 йилда имзоланган Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни қўллаш бўйича Битимга жорий йил 1 февралда киритилган қўшимчага мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Қорақалпоғистон” темир-йўл божхона пости ва Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона комплексини темир йўл вагонларини сканер қилувчи, қиймати 6 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи назорат-кўрик мажмуалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

alt

Эслатиб ўтамиз, бир йил муқаддам Япония ҳукумати билан ҳамкорликда вилоятдаги яна бир - “Ғалаба” темир йўл чегара божхона постига ҳам қиймати 3,4 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи шу турдаги сканер қилувчи қурилмаси ўрнатилган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур қурилма кўмагида 27,4 мингдан ортиқ темир йўл юк вагонлари ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилиб, қиймати 1 млрд. сўмга яқин бўлган товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

 

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

 

 

Шархлар
Реклама