Автобус, юк машинаси ва махсус транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш қимматлашди
12 феврал 2018, 16:34 1263 кўрилди

alt

Ички ишлар вазирининг 9 февралдаги буйруғи билан автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун тўловларнинг янги ставкалари белгиланди, деб хабар беради "Норма".

2018 йил 9 майдан бошлаб қуйидаги тўлов миқдорлари қўлланила бошлайди:

Юридик шахсларга тегишли транспорт

Юк ва махсус автотранспорт воситалари — ЭКИҲнинг 40%и (68 896 сўм)

Автобуслар (микроавтобуслар) — ЭКИҲнинг 20%и (34 448 сўм)

Енгил автотранспорт воситалари — ЭКИҲнинг 10%и (17 224 сўм)

Мототранспорт воситалари ва тиркамалар (ярим тиркамалар) — ЭКИҲнинг 10%и (17 224 сўм)

Жисмоний шахсларга тегишли транспорт

Юк ва махсус автотранспорт воситалари — ЭКИҲнинг 20%и (34 448 сўм)

Автобуслар (микроавтобуслар) — ЭКИҲнинг 20%и (34 448 сўм)

Енгил автотранспорт воситалари — ЭКИҲнинг 10%и (17 224 сўм)

Мототранспорт воситалари ва тиркамалар (ярим тиркамалар) — ЭКИҲнинг 5%и (8 612 сўм)

Кўрсатилган санадан бошлаб мажбурий техник кўрикдан (бундан кейин – техник кўрик) ўтказганлик учун тўлов автотранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари) ҳар гал рўйхатдан ўтказилганда (қайта рўйхатдан ўтказилганда) ундирилади. Ҳозир олдинги техник кўрик муддати ўтмаган бўлса, тўловлар тўланмайди.

Енгил автотранспорт учун унинг амалдаги ставкага (ЭКИҲнинг 10%и) солиштирма қиймати ўзгармайди. Бунда қайд этилишича, жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорти (М1 тоифасидаги) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказилганда ДЙҲХХ органлари тўлов ундирмайдилар. ЭКИҲнинг 10%и миқдоридаги ставканинг ўзи эса фақат 1.01.2019 йилгача амал қилади. Яъни шундай хулоса чиқариш мумкинки, кейинги йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг енгил автомобилларини техник кўрикдан ўтказишни тўлалигича тадбиркорлик субъектларига бериш режалаштирилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама