Андижонда 200 нафардан ортиқ киши музқаймоқдан заҳарланди
17 мая 2017, 17:47 2192 кўрилди

alt

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, 15 май куни давомида Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига ва Юқумли касалликлар шифохонасига овқатдан заҳарланиш белгилари (қайт қилиш ва ич кетиш каби) билан 212 нафар фуқаро мурожаат қилган.

Уларнинг барчасига шифохонада тиббий муолажалар кўрсатилиб, 186 нафари стационар ҳолатда даволаниш учун ётқизилган. Беморларнинг барчаси туман марказида жойлашган “Макс” кафесида музқаймоқ истеъмол қилишганини айтишган ва касалланишларини шу билан боғлашган.

Юзага келган кескин эпидемик вазиятни юмшатиш ва зарур маслаҳат ҳамда амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, 15 май кунидан бошлаб туманда Давлат Бош санитар врачи - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари С.Сайдалиэв раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Беморларга кўрсатилган барча зарур даволаш муолажалари самараси ўтган суткалар ичида, яъни 17 май соат 8.00 ҳолатига 153 нафар фуқаронинг ҳолати яхшиланиб, уйига жавоб берилган. Қолган 33 нафар беморнинг ҳолати қониқарли, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан беморлар истеъмол қилган музқаймоқ ҳамда ичимлик суви манбаларидан бактериологик ва кимёвий таҳлиллар ўтказиш учун намуналар олинган, уларни текшириш ишлари давом этмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан Шаҳрихон туманида амалга оширилаётган профилактик тадбирларни мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Юз берган овқатдан заҳарланиш ҳолатининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида, туман Ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама