"Аҳмадбой": "Мен одамларни алдамаганман. Агар алдаганимда, одамлар мени тинч қўйишмасди"

фев 16 / 2018

alt

Бугун, 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳамда унинг 6 нафар шеригига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлиси очиқ тарзда ўтказилиб, унга Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Дилшод Комилов раислик қилди. Шунингдек, унда халқ маслаҳатчилари, прокурор, жабрланувчилар, фуқаровий даъвогар вакили, судланувчиларнинг адвокатлари ва журналистлар иштирок этди.

“Аҳмадбой”:

– Муҳтарам судья, ўртоқ прокурор! Мен фуқароларни алдамаганман. Улар ўз хоҳишлари билан пулларини олиб келган. Мен деҳқончилик, қассобчилик ва чорва билан шуғулланганман. Мен ҳеч қачон халқни алдамаганман, бировнинг ҳақини емаганман. 

Менинг мақсадим мана шу 20 минг бош қорамолга, 1 млрд товуқ фермага жой қилаётгандим. 2 минг гектарга балиқчиликка кўл барпо қилаётгандим. Мени мақсадим фуқаролар билан ишлаш бўлган, алдаш бўлмаган. Мен шу вақтгача одамларни алдамаганман, уларнинг мол-мулкини олмаганман. Агар мен уларни алдаганимда, одамлар мени тинч қўйишмасди. Лекин мен ҳеч кимнинг ҳақини емаганман. Аммо қилган ишимдан пушаймонман.

Мен Президентимиздан, халқимдан, судья ва прокурордан кечирим сўрайман!”

Суд мажлисида бошқа судланувчиларнинг ҳам сўнгсўзлари эшитилди.

Сўнгги суд қарори суд маслаҳатлашуви тугаганидан сўнг эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмаджон Турсунбоев Жиноят кодексининг бир неча моддалари (фирибгарлик, порахўрлик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланмоқда.

Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июнь ойида Чиноз туманида қўлга олинган эди. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *