Академик Ўткур Исломов вафот этди
25 октябр 2013, 09:45 921 кўрилди

 

altЎзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Атоқли археолог ва тарихчи олим, тарих фанлари доктори, академик Ўткур Исломов 81 ёшида вафот этди.

        

Ў.Исломов 1932 йили Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. 1956 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетини тамомлади.

 

Бўлғуси олим ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих ва археология институтида лаборант сифатида бошлади, дастлаб номзодлик, кейинчалик эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Археология ва тарих фани ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

 

Ў.Исломов ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих ва археология институтининг илмий ходими, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтининг Тошкент бўлими мудири каби вазифаларда меҳнат қилди.

 

Таниқли олим археология ва тарихшуносликнинг долзарб масалаларига оид кўплаб монография ва рисолалар, илмий мақолалар муаллифидир. Айниқса, унинг раҳбарлигида Фарғона водийси ҳудудида олиб борилган археологик изланишлар Ўзбекистон замини энг қадимий одамзод манзилгоҳларидан бири эканини илмий асосда исботлаш имконини бергани, мамлакатимизнинг мезолит даврига оид тарихи айнан ана шу изланишлар асосида яратилганини илмий жамоатчилигимиз яхши билади.

 

Жонкуяр ва фидойи олим ўз фаолияти давомида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

 

Академик Ў.Исломовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

 

Атоқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ўткур Исломовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

И.Каримов, И.Собиров, Д.Тошмуҳамедова,

Ш.Мирзиёев, Ш.Солиҳов, Э.Ртвеладзе

Шархлар
Реклама