Абдулла Авлоний набираси ким?
02 декабр 2017, 00:23 888 кўрилди

alt

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига қилган ташрифи чоғида бу ерда яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашганди. Улар орасида АҚШ университетларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, илмий-техник ишлаб чиқариш муассасалари олимлари, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар, шу жумладан, Жамшид Авлони ҳам бор эди.

Вазирлар маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари, Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов ташаббуси билан АҚШнинг Con Tex LLC компанияси президенти Жамшид Авлони Ўзбекистонга таклиф этилди. У Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университетида бўлиб, университет профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистрлари учун маҳорат дарси ўтказди. 

Атоқли марифатпарвар, шоир, ёзувчи, драматург, журналист, педагог Абдулла Авлоний (1878 - 1934) набираси бўлган Жамшид Авлони бир неча йиллардан бери АҚШда истиқомат қилиб келади. У 1978 йилда Тошкент политехника университетини, 1987 йилда Москва давлат университетини  тамомлаган. 1995 йилгача Пенсильвания (АҚШ) университети кимё кафедрасида Нобель мукофоти (2000 йилги) лауреати, профессор Алан Мак-Диармид гуруҳида таклиф қилинган илмий ходим бўлган. 1995 йилдан 2013 йилгача электр ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи CEO Eeonyx Corporation компаниясида ишлаган. 2014 йилда ўзининг Altinit LLC консальтинг компаниясига, 2015 йилда эса ConTex LLC компаниясига асос солган. Ҳозирги кунда бу компания бир қанча йўналишларда фаолият олиб бормоқда, жумладан, турли хилдаги кимёвий материаллар ишлаб чиқариб келмоқда.

Жамшид Авлони бундан аввал ҳам (2016-2017 йилларда) Тошкентда бўлиб, Startup Mix лойиҳасида спикер сифатида қатнашиб келган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама