2014 йилда Ўзбекистонда 1 млн.га яқин иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилмоқда
19 ноябр 2013, 15:17 1802 кўрилди

alt

2013 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг “2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури” лойиҳаси тўғрисидаги масала муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири биринчи ўринбосари Б.Алимуҳамедовнинг сўзларига кўра, 2013 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида республика бўйича жами 833,4 мингта иш ўрни яратилган ва дастур параметрлари 103,8 фоизга бажарилди. Яратилган иш ўринларининг 488,3 мингтаси қишлоқ жойларига тўғри келди.

Унинг таъкидлашича, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури туманлар ва шаҳарлар бўйича, меҳнат бозори эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, ҳудудларни ривожлантириш дастурларига мос равишда ишлаб чиқилди.

Мамлакатимизда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бўйича жами 983,6 мингта иш ўринлари ташкил этилиш кўзда тутилмоқда. Дастурни амалга ошириш доирасида таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Янги яратиладиган, мавжуд бўш ва захира иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафарга яқин битирувчиларини жойлаштириш мўлжалланган.

Дастурга кўра, келгуси йилда йирик объектларни ишга тушириш, фаолият юритаётган корхоналарни реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали 59,4 мингта иш ўринлари, кичик бизнес корхоналарини, асосан саноатда, қурилишда, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида жадал ривожлантириш ҳисобига 370 мингта иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.

Корхоналар билан меҳнат шартномаларига асосланган касаначилик меҳнати ва оилавий тадбиркорликнинг ривожланиши ҳисобидан 221,3 минг нафар банд бўлмаган фуқароларни, асосан аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бошқа тоифаларини иш билан таъминлаш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда. 

Йиғилишда “2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури” лойиҳаси маъқулланди. Мажлис сўнггида фракция нуқтаи-назари белгилаб олинди. 

Шархлар
Реклама