Уруш ҳақидаги фильмлар ўнталиги
09 мая 2017, 12:15 5909 кўрилди

alt

Мазкур ўнталикдаги 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳикоя қилувчи фильмлар Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов фикри бўйича танланган.

"Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Пўлат Саидқосимовнинг фикрича, ушбу фильмларни ҳар бир киши, айниқса, ёшлар  кўриши, улардан сабоқ олиши керак. “Мен бу фильмларнинг ҳаммасини олий ўринга лойиқ, деб биламан. Ҳеч бирини паст ўринларга қўйиб бўлмайди. Шу боис тузиладиган ўнталик рўйхатни нисбий қабул қилишингизни сўрайман”, - деди Пўлат Саидқосимов.

Нима учун айнан “Сен етим эмассан” фильмини биринчи ўринга лойиқ кўргани сабабини актёр шундай изоҳлади:

“Болалигим уруш йилларига тўғри келган. Ҳаётимиз жуда оғир эди. Акаларим  армияга олиб кетилгач, ота-онам билан ёш бошим билан бозорларга бориб тирикчилик қилардик. Ўшанда 11-12 ёшли бола бўлсам-да, ҳаммасини тушунардим. Фильм воқеалари ҳам қайсидир маънода менинг болалик ҳаётимни, хотираларимни ёдга солади. Фильм ҳаётда бўлган вақеа асосида суратга олинган. Унинг ютуқларидан бири ҳам шунда, деб ўйлайман”.

“Сен етим эмассан” (1962 йил)

alt

Кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг  картинаси уруш йилларида турли миллатга мансуб 14 (15) нафар етим болаларни асраб олган ўзбек оиласи ҳақида ҳикоя қилади. Фильм воқеалари ҳаётий асосга эга. Унинг қахрамонлари тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ҳамда аёли Бахри Акромоваларнинг прототипидир.

Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг киносценарийси бўйича суратга олинган фильмда темирчи Маҳкам ота Меҳринисо аянинг ягона ўғли урушга кетгани, уруш  тугагач қайтиб келиб, ўзи билан немис болани олиб келгани, Меҳринисо она бошқа болалар каби “душман”нинг боласини ҳам қучоғига олгани кўрсатилади.

“Аскарнинг отаси” (“Отец солдата”, 1964)

alt

Режиссёр Резо Чхеидзонинг картинаси 1942 йил воқеаларига асосланган. Бош қахрамон, аскарнинг отаси жароҳат олган аскар ўғлини кўриш учун госпиталга боради. Бироқ ўғлини у ердан чиқариб юборишган эди. Ота урушда қатнашишга қарор қилиб, фронтда жанг қилади ва ўғлини топади. Лекин аскар оғир жароҳати боис отанинг қўлида жон беради.

“Ҳур қизлар” (“А, зори здесь  тихие”, 1972 йил)

alt

Станислав Ростоцкийнинг драмаси эндигина мактабни тамомлаган беш зенитчи қизлар ҳақида ҳикоя қилади. Васков бошчилигидаги қизларнинг отряди немис диверсантларига дуч келади. Уларни ҳар қандай йўл билан тўхтатиб қолиш керак эди. Тенгсиз жангда барча қизлар вафот этади. Фақат уларнинг старшинаси тирик қолади ва у уруш тугагач, довюрак қизлар хотирасига ёдгорлик ўрнатади.

“Аскар ҳақида баллада” (“Баллада  о солдате”, 1959 йил)

alt

Григорий Чухрайнинг ҳарбий драмаси ёш аскар Алёша Скворцов ҳаёти ҳақида. Унга кўрсатган жасорати учун маҳнат таътили беришади. У таътилда онасини кўришга боради. Машаққатли йўл босиб уйига келгач,  Алёша онаси билан атиги бир неча дақиқа кўришади. Сўнг яна фронтга қайтади. Онасига албатта қайтиб келишни ваъда беради, бироқ ваъданинг амалга ошмаслиги унинг тақдирига битилган эди. Она эса ҳар куни ўғлини урушга кузатган йўлга чиқишни канда қилмайди...

“Турналар учмоқда” ("Летят журавли", 1957 йил)

alt

Михаил Калатозовнинг драмаси икки севишганлар – Вероника ва Борис  ҳақида ҳикоя қилади. Уларни бир-биридан уруш жудо қилган. Вероника севгилисининг келишини кута олмай, унинг укасига турмушга чиқади ва ўзини хиёнаткорликда айблаб, азоб чекади. Борис фронтда вафот этади, ундан ёдгорлик сифатида фақат Вероникага қилган совғаси қолади.

“Жангга фақат “қариялар" боради”("В бой идут одни старики" 1973 йил)

alt

Леонид  Быков суратга олган ушбу фильм уруш ҳақидаги энг яхши картиналар қаторига киради. Унинг сюжети реал воқеаларга асосланган ва оғир кунларнинг бирида қизилгвардиянинг қирувчи самолёт учувчилари полкаси ҳақида ҳикоя қилади. Эскадра капитани Титаренконинг деярли барча “қариялари” 20 ёшдан ошмаган эди. Уларнинг кўпчилиги Ватан учун курашиб, жон беради.

“Иваннинг болалиги” ("Иваново детство" 1962 йил)

alt

Андрей Тарковскийнинг картинаси бола нигоҳидаги уруш даҳшатлари ҳақида. Уруш 12 ёшли Иваннинг нафақат энг яқин инсонларини, балки болалигини ҳам тортиб олади. У душманлардан ўч олиш мақсадида разведкачи бўлади. У энди фақатгина тушларида ўзини бола сифатида ҳис қила оларди...

“Мени кут” (“Жди меня” 1943 йил)

alt

Режиссёр Александр Столпернинг фильми фронтдаги дўстлик ва муҳаббат ҳақида. Унда уч дўст: журналист Миша Вайнштейн ҳамда икки учувчи – майор Николай Ермолов ва Андрей Панов урушдан кейин қайта учрашишга ваъда беради. Вайнштейн душман фронти ортига партизан командиридан интервью олиш учун юборилади. Ўша капитан эса дўсти Николай Ермолов бўлиб чиқади. Ермолов фурсатдан фойдаланиб, хотини Лизага Вайнштейн орқали хат бериб юборади. Бироқ Вайнштейн учаётган самолёт уриб туширилади ва журналист вафот этади. Хат ҳам эгасига етиб бормайди.

Уруш давомида уч дўстдан иккиси (Вайнштейн ва Панов) ҳалок бўлади. Фақат Ермолов омон қолиб, аёли ёнига қайтиб келади.

“Қизалоқ отасини изламоқда” (“Девочка ищет отца”, 1959)

alt

Режиссёр Лев Голубнинг фильми командир Панасанинг кичкина қизи уруш вақтида ёлғиз қолиб кетгани ҳақида. Қизалоқни кекса ўрмончи душманлардан ҳимоя қилади. Душманлар қизни асира қилиб олиш учун излаётган эди. Ўрмончи ҳалок бўлгач, унинг набираси ўз ҳаётини хатарга қўйиб, қизни душманлар қўлидан қутқаради...

“Муҳаббат можароси” (“Драма любви”, 1971 йил)

alt

Режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг яна бир фильми 1946 йил баҳорида урушга кетган ўғилнинг ўлими тўғрисида “қора” хат келгач, келин боласи билан шаҳарга кетмоқчи бўлгани, бироқ қайнотаси уни иккинчи ўғлига турмушга чиқишга мажбурлагани, вақт ўтиб, фронтда омон қолган катта ўғилнинг уйга қайтиб келиши ҳақида ҳикоя қилади...

Пўлат Саидқосимовнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон аҳлига билдирган табриги:

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олиш, эъзозлаш катта саодат. Бугун юртимизда бундай ишлар миллий қадриятга айланган. Гарчи Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган кишилар тобора камайиб бораётган бўлса-да,  уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор, ҳурмат жуда катта. Бу ҳол ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодлардан  фахрланиш, уларга муносиб ворис бўлиш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Барча фахрийларимизни, азиз юртдошларимизни Хотира ва қадрлаш куни билан табриклайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!”

Шархлар
Мехмон
  09 мая 2017, 17:48
НЕГА ЭНДИ ГАРБ ЁКИ АМЕРИКАНИ БЕХАЁ ФИЛЬМЛАРИ КУРИШГА РУХСАТУ СОВЕТ КИНОЛАРИНИ ТАКИКЛАШ КЕРАК, ХУДДИ УША УРУШДА 1,5 МИЛЛИОН УЗБЕК ФАРЗАНДЛАРИНИ ИШТИРОКИНИ ШУ ФИЛЬМЛАР ОРКАЛИ ТАСАВВУР КИЛИШ УЧУН ЮЗАКИ КАРАМАСДАН БИР ОЗ АКЛ КЕРАК ХОЛОС
Мехмон
  09 мая 2017, 17:13
“Сен етим эмассан” бу фильм нечта Оскар олишга лойиқ
Мехмон
  07 июл 2016, 15:38
Ишонаверинг бу фильмларни кўрсатишни дарҳол тўхтатиш керак!
Мехмон
  15 мая 2016, 08:47
Бундай кинолар тарбиявий ахамиятга эга.
Мехмон
  11 мая 2016, 17:08
Совет фильмларини кўрсатишни таъқиқлаш керак! Уруш ҳақидаги ўзбек фильмлари балки миллийликни тарғиб қилар,аммо уларни ҳаммаси эски коммунистик истибдод мафкураси асосида суратга олингандир!
Мехмон
  11 мая 2016, 14:24
Мен булар каторига яна икита фильмни кушган булардим: "Генерал Рахимов" ва "Фарходнинг жасорати" .Бу фильмларда ўзбек йигитларининг айнан уруш майдонларида курсатган кахрамонлиги хакида хикоя килинган.Биз уз кахрамонларимизни билишимиз,фарзандларимизга хам улар хакида хикоя килиб беришимиз керак. Хозирги ёшлар Собир Рахимов, Тўйчи Эрйигитов,Мамадали Топиволдиевлар хакида деярли билишмайди...
Мехмон
  11 мая 2016, 11:40
Бундай киноларни ҳар куни, ҳар ҳафта телевидение орқали кўрсатиб бориш керак....
Раҳмат Пўлат ака! Сизга ўхшаган буюк актёрларни борига шукр, соғ ва омон бўлинг,
Ҳар қандай келин қайнона можаролари, ўзбек олигархлари ҳақида кино туширгандан кўра, шуларга ўхшаш кино ёки буюк сиймолари, олимлар ва инсонлар ҳақидаги тарихий кинолар суратга олинса яхши бўлар эди...
Мехмон
  11 мая 2015, 09:55
Яхши
Реклама