"Нақдлаштириш"нинг қийинчиликлари: Нега Ўзбекистонда пулни нақдлаштириш мураккаб?
15 июн 2017, 11:22 4015 кўрилди

alt

Пулни нақдлаштириш масаласи Ўзбекистонда пластик картага эга фуқароларнинг асосий муаммоларидан биридир. Буни қонунан амалга ошириш деярли имконсиз. Кўпинча аҳоли халқ орасида “пул алмаштирувчи” дейиладиганларнинг хизматига югуришларига тўғри келади. Улар эса нақдлаштирилаётган пулдан ўз хизматлари учун 10 фоиздан кам бўлмаган ҳақ олиб қолишади. Маблағларни нақдлаштириш масаласи, шунингдек, тадбиркорлар олдида ҳам кўндаланг туради, улар “нақдлаштириш”нинг турли схемаларидан фойдаланишларига тўғри келади.

UZ24 мамлакатда нақд пул етишмовчилигининг сабабларини айтиб беришини сўраб, мустақил молиячи экспертга мурожаат қилди.

Талаб таклифни оширади

Дунёнинг нобозор ва энг ёпиқ иқтисодиётларида ҳам бозор қонун-қоидалари барибир ўз сўзини айтади. Бизнинг ҳолатда нақд пулга бўлган талаб таклифдан ортади, шунинг учун биз нақд пулнинг доимий етишмаслиги ва дефицитига гувоҳ бўлмоқдамиз. Қачонки дефицит бўлса, нақд пулнинг чайқов қиймати ҳосил бўлади ва бу халқона тил билан айтганда "фоиз" ҳосил бўлишига олиб келади ва истеъмолчилар ўзларига кўрсатиладиган хизмат учун ҳақ тўлашга мажбур бўлишади.

Пул-кредит сиёсати

Нолинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистоннинг пул-кредит ҳокимияти инфляцияни ушлаб туриш мақсадида пул массасининг муомалага чиқарилишини бюрократик усулларда қисқартиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Ёпиқ иқтисодиёт шароитида, масалан, Шимолий Кореяда айланмада нақд пулнинг кўпайиши чиндан ҳам инфляцияни ҳаракатга келтирувчи омил ҳисобланади. Бироқ бозор муносабатлари ёки унга босқичма-босқич ўтиш шароитларида бу инфляцияга доир муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланмайди. Мустақил экспертлар Ўзбекистонда 2000 йиллардан бошлаб инфляциянинг бош сабаби — монополиялар тарифларининг ошиши ёки харажатларнинг ортиши каби номонетар омиллар, деган ягона фикрдалар. Монетар омиллар ҳам, албатта, инфляцияга таъсир кўрсатади, бироқ имтиёзли кредитлаш ва паст нобозор фоиз ставкалари (амалда — манфий ставкалар) муомаладаги нақд пуллардан кўра каттароқ инфляцион босим юзага келтиради. Нақд пуллар ҳажмини сунъий камайтириш сиёсатидан воз кечиш ва келгусида уни адекват даражагача ўстириш — бугунги иқтисодий вазиятда Марказий банк янги раҳбарияти учун кун тартибининг ўта критик масаласи ҳисобланади.

Яширин иқтисодиёт

Яширин иқтисодиёт — Ўзбекистон иқтисодий тарихининг энг зиддиятли жиҳатларидан бири ҳисобланади. У бизда ҳануз  чуқур таҳлил қилинмаган ёки унинг устида илмий изланишлар олиб борилмаган. Турли баҳолашларга кўра, яширин иқтисодиётнинг даражаси мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан 50 фоизига қадар ҳажмга тенг. Бундай иқтисодиёт ҳар доим нақд пулга талабни яратади ва қоидага кўра, пуллар "яширинади" ва қайтмайди. Бундан ташқари, яширин иқтисодиёт шароитларида ўзаро ҳисоб-китоблар одатда "қора нақд пул" дейилувчи усулда амалга оширилади. Яширин иқтисодиётнинг ҳажми қанчалик катта бўлса, нақд пулга бўлган талаб ҳам шунчалик юқори бўлади. Натижада, расмий иқтисодиётда ҳам унинг етишмовчилиги бошланади.

Эркин конвертациянинг йўқлиги

Конвертацияга нисбатан жорий этилган чекловлар сабаб алоҳида импортчилар, айниқса, халқ истеъмоли молларини олиб кирувчилар, ўзларининг хорижий валютага бўлган талабини турли йўллар билан қониқтиришга мажбур бўлишади. Нақд валюта харид қилиш учун уларга "қора" бозорда нақд сўм керак бўлади, шу сабабли кўпинча кенг истеъмол моллари импортчиларининг товар муомаласи табиий шакли қуйидаги шартли формула бўйича юз беради: "қора бозор"да нақд долларни сотиб олиш — импорт маҳсулотларни нақд сўмга сотиш ва яна нақд доллар харид қилиш. Бундай формула нақд сўм айланмасига босим ўтказади унинг банкдан ташқаридаги айланмасини кенгайтиради ва нақд пул тақчиллигига сабаб бўлади.

Солиқ солиш

Иқтисодиётнинг қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш каби меҳнат сарфи катта бўлган соҳаларида ойлик маошлар кўп ҳолларда "конверт"да ёки "қўлдан" ҳеч қандай шартномаларсиз тўланади. Иш берувчи харажатларни қисқартириш учун ҳамма нарсаларда иқтисод қилишни истайди ва биринчи навбатда — ходимлар тўлайдиган солиқдан. Иш берувчи учун "конверт"да бериладиган маошларнинг устунлиги ўз-ўзидан равшан. У ижтимоий бадаллар, ягона ижтимоий тўлов, даромад солиғи, пенсия ва бошқа ажратмаларда иқтисод қилади. Масалан, иш берувчи ходимига "конверт"да 1 миллион сўм тўласа, у турли солиқларда 500 минг сўм иқтисод қилади. Шу сабабли уларга маблағларни 8-10 фоиз эвазига бошқа бир харажатлар қисми кўринишида нақдлаштирилиб, 25 фоиз ЯИТ, 23 фоизгача даромад солиғи, 8 фоиз пенсия жамғармасига ажратма, 1 фоиз индивидуал тўпланиб борувчи пенсия жамғармаси, 1 фоиз касаба уюшмасига бадал тўлаш ўрнига "қора" маошни тўлаш афзалроқ.

Иқтисодиётнинг долларлаштирилганлиги (миллий валютада жамғарма функциясининг йўқлиги)

Юқори даражадаги инфляция ва чекланган конвертация туфайли айни пайтда миллий валюта жамғарма функциясини қисман бажармаяпти. Ўзбекистонда кўчмас мулк ёки авто олди-сотди битимлари кўпинча долларда амалга оширилади. Турли тадбирлар, масалан, тўй ўтказиш учун жамғармалар ҳам долларда йиғилади. Айрим ҳолларда эса доллар инвестиция киритиш вариантларидан бири бўлиб хизмат қилади. Жамғармани долларга ўтказиш фақат нақд сўм кўринишида амалга оширилади, ахир пластик карточкага доллар харид қилиб бўлмайди-да.

Бозорга оид бўлмаган хизматлар

Ўзбекистонда картадан нақд пул ечиш унификацияланган тарифлар туфайли барча банкларда текин хизмат саналади. Шу сабабли бирорта банк ўз ихтиёри билан нақд пул бермайди. Пул борасида текин хизмат ҳам бўладими ахир? Хориждаги исталган банкда картадан нақд пул ечиш — пуллик хизмат ҳисобланади ва банклар фойда олиш учун уни жон деб барча мижозларига тақдим этади. Инкассация қиймати бизнинг банкларимизга камида 3 фоизга тушади. Буларнинг барисида ҳали кассирларга, пулни ўраш каби касса чиқим материаллари ва қўриқчиларга тўланадиган харажатлар ҳисобга олинмаган. Вилоятларда инкассация хизмати янада қимматроққа тушади (абсолют монополия эканлиги туфайли инкассация хизматининг ҳаддан зиёд қимматлиги — яна битта муаммо аслида). Қайси банк шундай шароитларда ўзининг зарарига нақд пулни текинга беради? Яъни банклар картадаги пулнинг нақдлаштирмаётганига сабаб — бу хизматнинг зиёнли эканлигидадир. Банкларга картадан нақд пул ечиб олишга комиссияларни эркин ва чекловларсиз жорий этиш имкониятини қайтариш зарур.

Александр Давлетов, молиячи–эксперт

Муаллиф фикри таҳририятникидан фарқ қилиши мумкин

Шархлар
Мехмон
  04 июл 2017, 12:45
Конунларимизда валюта айрибошлаш тугрисида алохида боблар бор. Шоу жумладан "кора бозор"тугрисида хам.
Нима учун такиб эти ва жазолашформаси шоу"соха" учун
Фалаж холатда тутиб турилади.
Ё конунни узгартириб куйиш керак ёки конун кучи сезилиши керак.
Давлат молиявий тизимини
хусусий тарзда устига устак хеч кандай солик туловларсиз четдан бошкарилишига йул куйиб берилишлиги албатта инфиляция
даражасини ошиб боришлигига.
Давлат ичида давлат шаклланишига олиб келади.
Судларда, прокуратура ва ички ишларда конунга нисбатан буйсунмаганлик ёки итоат этмаганлиги эьлон килиниб айбланаётган оддий фукаро
конун факат мен учунми деб уйламайди деб ким кафолат бера олади.
Амалдорларимиз нахотки кундалик хаёт тарзларини шоу даражада халкдан йирок, хаётдан бехабар ва узок тарзда яшаётган булишса.
Хозирги дамларда Президентимизга канчалик огир ва
машаккатли эканини оддий халк теран англаб турибди.
Мехмон
  18 июн 2017, 18:04
олдиндан узр сурайману яна битта масала бор мисол учун мани уртогим нос чекади нос олгани борсак утган хафта 2000 сумга олган носини бу хафта бозорда 3000 сум дейишди сабаб десак "доллар" кутарилди дейилди. баъзан уйлаб коламан шу 10000 сумликни чикариб пул инфилацияси янаям ошиб кетди мана масалан гушт 24000 сум эди 10000 сум чикиб 28000 сум булди худога шукр олиб еймиз биз.........лекин бизни бир танишимиз бор иложи борича унга гамхурлик киламиз тугри узи яшайди узи харакат килсин дейишингиз мумкин лекин у одамни 3 нафар фарзанди бор 1 кило гушт олиш учун 5 жуфт пойфзални жорий таъмирлаши керак узр у одам косиб бирок икки оёги ногирон шундай булса хам бировдан садака сурамай уз халол мехнати билан рузгор камчиликларини бартараф киляпти илтимос бир шу масалалар хакида уйлаб куринглар пули купларга мазза муаммо йук биз учун...... авваламбор худога шукр ойлигимиз тирикчиликка етади.лекин фарзандлар укиши учун................
гуля
  15 июн 2017, 14:13
жонга тегди шу доллор ошиши бутун хаетимиз шунга боглик болиб колган, банкда доллорни сотиш бемалол болса кора бозор йук булармиди, биз оддий халк кийналяпмиз маошим 430,000 сум ,,,,, икки уч йил олдин ойлигим 100доллорга тенг эди, хозир эса ойлигим 50 доллорга тенг келмокда кандай яшаш мумкин бу пулга.................
Реклама