Колбаса харид қилаётганда нималарга эътибор бериш керак?
04 феврал 2016, 22:22 2378 кўрилди

alt

Колбаса сотиб олаётганда биринчи ўринда, дўконларда қандай сақланаётганига эътибор бериш лозим. Ишлаб чиқарилаётган колбаса маҳсулотлари ҳажмига ва турига қараб, савдо тармоқларида 0°С дан 6°С гача ҳароратда ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги 70-80 фоиз бўлган шароитда сақланиши зарур.

Қайнатилган колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддати олий нав учун 72 соат, биринчи ва иккинчи нав учун эса 48 соатдан ортмаслиги шарт. Полиамид плёнка қобиғидаги сосиска ва сарделкаларнинг яроқлилик муддати 10 кундан ошмаслиги керак.

Бугунги кунда озиқ-овқат дўконларининг деярли ҳаммасида “ҳалол” белгиси қўйилган маҳсулотларни учратиш мумкин. Гўшт ва колбаса маҳсулотларига бундай белги қўйилиши ушбу маҳсулотларни тайёрлашда шариат қоидаларига риоя қилинганлигини билдиради. Бироқ сотувдаги маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам харидор ишончини қозона олади, деб айтолмаймиз.

Кузатув-ўрганишлар ҳамда мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларига қараганда, Давлат техник шартларига асосан ўрта ҳисобда 100 кг. хом ашёдан 77-82 кг. тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунда 100 кг. колбаса маҳсулотлари учун турига қараб 25-50 кг. гўшт қўшилади.

Сир эмаски, колбаса маҳсулотларига турли ингредиентлар, ранг берувчи, таъм берувчиларнинг қўшилиши табиий ҳол. Қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятида, шунингдек, колбаса маҳсулотлари таркибида “Е” белгиси остидаги қўшимчалар мавжуд. Маҳсулот ёрлиғидаги “Е” ҳарфи ушбу озиқ-овқатнинг Европа стандартларига мос эканлигини билдирса, унинг ёнидаги рақамлар модданинг қайси гуруҳга тегишлилигини кўрсатади. Мисол учун, “Е” белгиси остидаги маҳсулотларнинг айримларида Е300 дан Е399 гача рақамларни учратиш мумкин. Бу тез айниб қолишдан сақлаш учун қўшилган кимёвий моддаларнинг белгисидир. Е900 дан Е999 гача эса шакар ўрнини босувчилар (сахарин) киради.

Мазкур кимёвий моддалар маҳсулотнинг асосини ташкил қилмаса-да, у ишлаб чиқарувчининг харажатларини камайтириш мақсадида табиий маҳсулотлар ўрнини қоплаш, яроқлилик муддатини узайтириш, одатдагидан кўра мазалироқ таъм бериш учун ишлатилади.

Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Е102, Е104, Е110, Е120- 124, Е127-129, Е131-133, Е142, Е151, Е153-155, Е173-175, Е180, Е214-217, Е219, Е226-227, Е230-231, Е233, Е236-240, Е249-252, Е296, Е320-321, Е620-621, Е627, Е631, Е635, E924a-b, Е926, Е951-952, Е954, Е957 рақами остидаги озуқа қўшимчалари инсон саломатлиги учун ўта хавфли деб топилган ҳамда 2005 йилдан буён озиқ-овқат саноатида ишлатиш тақиқланган.

Маҳсулот харид қилаётганингизда ушбу қўшимчалардан фойдаланилмаганига ишонч ҳосил қилинг. Шунингдек, колбаса маҳсулотларини бозор ёки йўл четида туриб сотаётганлардан эмас, балки озиқ-овқат дўконларидан (сертификатини суриштирган ҳолда) харид қилганингиз маъқул.

Манба: “Истеъмолчи” газетаси

Шархлар
Реклама