Ипотека кредитлари асосида уй-жойларни олиш тартиби, талаблари, тўловлари ва бошқалар... "Ипотека банк" вакиллари билан савол-жавоб
28 июл 2017, 23:10 2999 кўрилди

alt

28 июль куни “Ипотека-банк” АТИБ ҳамда Халқаро Пресс-клуб ҳамкорлигида “Ипотека-банк: Халқ фаровонлиги йўлида” мавзусида анжуман ўтказилди.

Анжуманда “Ипотека-банк” раҳбарияти, масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар. Бир пиёла кофе устида ўтган мулоқотда журналистлар экспертларга ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, батафсил жавоб олдилар.

UZ24 мазкур мулоқотнинг энг асосий савол-жавобларини келтиради.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки 2005 йилда ташкил этилган. Банк республиканинг барча вилоятларида 38 та филиалларига эга. 156 та минибанклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, аҳолидан турли тўловларни қабул қилиш, омонот хизматларин  кўрсатиш бўйича 575 та жамғарма кассалари очилган.

Банк томонидан чиқарилган пластик карталар сони 1 млн 800 мингдан ошган. Савдо объектларига 21 минг 700 дан ортиқ савдо терминаллари ўрнатилган. 118 дан ортиқ инфокиосклар қўйилган.

Ҳозирги кунда банкоматлар 38 тани ташкил этади. Банкоматлар сони яна кўпайтирилади.

“Ипотека банк”нинг устав капитали қарийб 304 млрд. сўмни ташкил этади. Банкнинг асосий қисми акция эгаларига тегишли. “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Молия вазирлиги, “Ўзтрансгаз”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, суғурта компаниялари ва бошқа юридик шахслар банкнинг акциядорлари ҳисобланади. Яна 4 фоиз жисмоний шахслар ҳам банк акцияларига эга.

Бугунда “Ипотека банк”да 4 минг 800 дан ортиқ ходимлар фаолият юритиб келмоқда.  

"Ипотека банк", шунингдек, балиқчиликни ривожлантиришга ҳам кредитлар ажратади. 2016 йил давомида 131 млрд 725 млн сўм миқдорда кредитлар берилди. Бу орқали Ўзбекистондаги балиқчилик хўжаликларининг 95 фоизи Ипотека банкда ҳисоб рақам очган ҳолда фаолиятини бошлади. 2017 йилда ҳам кредитлар берилмоқда. Бугунги кунда Жиззахда етиштирилаётган балиқлар Туркия давлатига экспорт қилинмоқда. МДҲ давлатларидан ҳам талаблар бўлмоқда.

alt

Ипотека кредитлари асосида уй-жойларни қандай олиш мумкин? Бунда фуқароларга қандай талаблар қўйилган?

“Ипотека банк” АТИБ 2017 – 2020 йилларга мўлжалланган дастур асосида шаҳарларда тегишли муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмаларига эга бўлган 5, 7 ва 9 қаватли 945 та кўп хонадонли уй-жой бунёд этилиши режалаштирилган. Шундан жорий йилга мўлжалланган 191 та уй-жой (жумладан, 102 таси Тошкент шаҳрида) бўйича қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Ҳар бир уй-жойнинг атрофида дам олиш маскани, болалар майдончаси, автомобил турар жойи, чиқинди йиғиш пункти сингари қулайликлар яратиляпти. Бу каби уй-жойларга эга бўлиш учун фуқароларга аниқ талаблар қўйилган. Жумладан, уй-жой олувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг туман ҳокимликларида ташкил этилган ҳудудий комиссияларга ариза билан мурожаат этиши лозим. Комиссиянинг ижобий хулосасига кўра, кўп қаватли уй-жойдаги хонадонлардан бири фуқарога бириктирилади. Шу вақтнинг ўзида хонадон қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги сумма бошланғич бадал сифатида “Ипотека-банк” филиалларида шакллантирилиши зарур. Уй-жой қуриб битказилгач эса бириктирилган хонадонни сотиб олиш истагидаги фуқаро банкка қатор ҳужжатларни тақдим этади. Булар:

ариза;

кредит олувчининг паспорт нусхаси;

кредит олувчининг охирги 12 ой давомида олган даромадлари тўғрисидаги маълумот.

Ипотека кредитлари 20 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан, кредитдан фойдаланганлик учун дастлабки 5 йил давомида йиллик 7 фоиз ва қолган даврда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда банк сотиб олинадиган уй-жой умумий қийматининг 75 фоизи миқдоригача бўлган суммани қарз олувчига кредит сифатида беради.

Кредит олувчи учун қатор солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бунда кредит олувчининг ўзи ёки оила аъзоларининг кредит бўйича ойлик тўловларни қайтариш учун йўналтирган маблағи солиққа тортилмайди. Агар корхоналар қайтиб олмаслик шарти билан ўз ходимларига ипотека кредитининг бошланғич бадалини тўлаб берган бўлса, мазкур маблағ ҳам солиққа тортилмайди. Шунингдек, кредит тўлиқ қайтгунига қадар хонадон учун мол-мулк солиғи тўланмайди.

Уйнинг нархи ва унинг бошланғич бадали қанча?

Агар 2 хонали уй бугунги кунда 110 млн сўм бўладиган бўлса, унинг бошланғич бадали 27,5 млн сўмга тўғри келади. Шунда қолган 82,5 млн сўм 20 йил давомида тўлаб борилади. Дастлабки 3 йилда фақатгина ўша 82,5 млн сўмнинг фоизини тўлайди. Ойига тахминан 450-460 минг сўмга тўғри келади.

Бошланғич бадал тўлови нега фақат нақд пулда қабул қилинади?

Бошланғич бадални мижозлар хоҳласа нақд пулда, хоҳласа пластик карта орқали тўлашлари мумкин. Бу бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ. Агар нотўғри ҳаракатларга дуч келишса, банкнинг “Ишонч телефони”га ва Бошқарув раисининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилишлари мумкин.

Ишонч телефонлари: + 99871 150-89-55 ҳамда +99871 147-00-17.

Кредит олган шахсга ота-онаси кафил бўлиши мумкинми?

Агар фуқаро 1 минимал миқдорда бўлса ҳам ойлик даромадига эга бўлса, унга ота-она ёки бошқа бир шахс кафил бўлиши мумкин, уларга ҳам солиқ имтиёзлари берилади.

Авваллари солиқ имтиёзлари фақат ёш оилаларга бериларди, ҳозирда қолган барча оилаларга ҳам берилмоқда.

Ипотека кредитини олишда ёш чегараси борми?

Ёш чегараси йўқ, ойлик даромадга эга бўлган барча шахслар олиши мумкин.

Қурилиш материаллари сифатлими?

Уй-жойлар маҳаллий қурилиш материалларидан қурилмоқда. Бунда маҳсулотини етказиб бераётган қурилиш ташкилотлари ҳам солиқдан озод қилинган. 40 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари ишлатилаётан бўлса, ундан бор-йўғи 4-5 хилдагиси импорт қилиняпти, қолганлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва албатта, сифатлидир.

Қурилаётган уй-жойларнинг дастлабкиси қачон эгаларига топширилади?

Бу йил Тошкент шаҳри ва вилоятларда қурилаётган жами 100 уй жорий йилнинг 1 сентябрида ўз эгаларига топширилади, қолганлари декабрь ойида.

Кейинги йилларда ҳам яна Сергелида қуриш давом эттирилади. Бошқа туманларда ҳозирча режалаштирилмаган.

“Ипотека банк” уй-жойлар қурилишига қанча маблағ ажратган?

Бугунда “Ипотека банк” томонидан намунали ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун ажратган жами маблағи 1 трлн 200 млрд сўмни ташкил этади, 2016 йил мобайнида 2 минг 985 нафар фуқарога уй-жой олиш учун 400 млрдга сўмга яқин кредит маблағлари ажратилган.

Овердрафт (ингл. Overdraft) кредит тизими ҳақида маълумот берсангиз?

Овердрафт бу – банкнинг янги маҳсулоти ҳисобланади. Бу банк хизмати тури бўлиб, у кредитга ўхшамайди. Яъни мижозларга қулайлик шундан иборат-ки, улар ишлатган маблағларидангина банкка тўланадиган фоизларни амалга оширишади. Масалан, банк кредити олинганда маблағни ишлатиш ёки ишлатмасингиздан қатъий назар, шартнома имзоланган кундан бошлаб банк фоизлари ҳисоблана бошлайди. Бу янги маҳсулотда эса қачонки пул ишлатилсагина (дўкондан нарса харид қилинганда) банк хизмати ҳақини олишни бошлайди бу қулай тўлов усули ҳисобланади. Ҳозирда бу аҳолига маъқул келмоқда, унинг фоиз тўлови ҳозирги кунда қайта молиялаш ставкаси бўйича 14 фоизни ташкил этади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Тожибоев Нуриддин
  11 август 2017, 13:37
Салом мен Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшайман. Ёшим 29 да оилалиман 2 нафар фарзандим бор . Мен ва турмуш уртогим хам ишлаймиз .хозирги кунда уй куриш у/н бизга курилиш матеряллари к/к булмокда. Шунга узок муддатли имтиёзли кредит олсак буладими.
Мехмон
  08 август 2017, 09:29
Салом,.Мен,Сурхондаре вилояти Жаркургон туманида яШайман.укитувчиман.нафакадаман.аммо ишлайман.ойлик маошим яхши.мен 2нафар углим Билан яшайман.уй олишим керак.фарзандларим коллеж битирувчиси.ишсиз..менипотека банки имтиезларидан фойдалансам.буладими.
Мехмон
  29 июл 2017, 12:07
Автокредитлар тўғрисида хам маълумот беринглар
Реклама