GM Uzbekistan автомобилларининг сифати, нархи, ранги ва бошқалар ҳақида. Компания раҳбарияти журналистлар саволларига жавоб берди
08 июл 2017, 15:59 2968 кўрилди

alt

5 июль куни GM Uzbekistan ОАВ вакиллари учун Асака автозаводига (Андижон) медиа-тур ташкил этди. Медиа-тур давомида матбуот анжумани ўтказилди, унда компания директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистлар саволларига жавоб қайтарди. UZ24 мазкур савол-жавобларнинг энг муҳимларини келтиради.

— Бошқа давлатлар томонидан талабга жавоб бермаган автомобиллар яна Ўзбекистонга қайтарилиши ва ички бозорда сотилиши ростми?

— Техник томондан бунинг имкони йўқ. Ҳар бир автомобилга ишлаб чиқарилаётганда ягона код берилади. Агар у Яқин Шарқ учун ишлаб чиқарилаётган бўлса, унга Яқин Шарқнинг коди ёзилади ва унда сертификация, техник параметрлар бошқача бўлади. Масалан, кучайтирилган совутгич, махсус мой, пластиклар бошқалардан фарқланади. Компания маълум бир давлатга мослаб чиқарган автомобилни бошқа бир давлатга сотолмайди. Бу сертификатга тўғри келмайди. Назорат қилувчи органлар бунинг учун жарима солишлари мумкин. Совуқ ҳудудларга сотиладиган автомобилларимизда ўриндиқни иситувчи тизим бор. Ички бозор учун бу ортиқча, лекин уни маълум бир нархга ўрнатиш мумкин. Ички бозорга чиқариладиган ва экспорт қилинадиган автомобиллар сифат бўйича бир ҳил, фарқи фақат қўшимча вазифаларида.

Кўчаларда кўраётганингиз Daewoo машиналари бу —   қайтарилган машиналар эмас.  GM Uzbekistan Daewoo брендидан Ravon брендига ўтганда, бизда комплект деталлар қолган эди. Уларни ташлаб юбормаслик мақсадида компания ички бозор учун катта бўлмаган автомобиллар партиясини ишлаб чиқарди. Булар асосан, Lacetti эди —  1000 га яқин дона. Улар фақатгина харидор розилиги билан сотилган.

Янги бренд остида автомобиль ишлаб чиқарилганда албатта, ички бозор ҳам инобатга олинади, бу —   автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг одатий амалиёти. Харидорлар буни қандай қабул қилади, бу ҳақида  ўйлаймиз. Бизда ҳатто маҳаллий бозорни  Chevrolet дан Ravon га ўтказиш хаёли ҳам бўлганди ва биз бу брендларлардаги автомобилларнинг маълум қисмини ички бозорга “ташладик”, мақсад —  қай бири  яхшилигини аниқлаш, яъни Chevrolet ни қолдириш керакми ёки секин-аста Ravon га ўтиш керакми? Натижада маҳаллий харидорлар кўпроқ Chevrolet ни қабул қиляпти, деган хулосага келдик.

— Нега Россияда GM Uzbekistan автомобиллари нархи бизнинг ички бозорга нисбатан арзонроқ?

Алишер  Комилов, GM Uzbekistan компаниясининг режалаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича директори:

— Ҳозир Ўзбекистонда автомобилларни сотиб олиш фақат миллий валютада амалга оширилади. Агар нархларни давлат курсига эмас, бозор курсига айлантирсак, нархлар бир маромда эканини, аксар ҳолларда маҳаллий нархлар четдан арзонлигини кўрасиз.

— Ички бозорда автомобиль нархи нима асосида шаклланади?

— Нарх қуйидагича шаклланади: қиймат + компания маржаси + акциз солиғи + дилер маржаси. Ички бозорда биз —  монополиячимиз, бунда маълум бир қонун талаблари қўйилади. Солиқ махсус комиссия томонидан ўрнатилади, улар барча монопол тарифларни назорат қилади.

— Автомобиллар нархлари айни пайтда ҳафтасига ўсиб бораётган доллар курсига боғланган. Давлат курси бозор курсига яқинлашганда нархлар қандай бўлади?

— Нархлар камая бошлайди. Бир нарсани тушунишингиз керак-ки, биз буни, яъни нархларнинг давлат курсига боғлиқлигини ёмон бўлганимиз ва халқимизни яхши кўрмаганимиз ёки истеъмолчилар қийналишлари учун эмас, балки ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги моделлар яратиш мақсадида қилдик. Бу нархларнинг чегараси бор. Бунинг устида таҳлил олиб борилмоқда. Captiva 500 млн сўм бўлиши мумкин эмас. Биз кузатиб боряпмиз.

— GM автомобиллари нега ранг-баранг эмас?

— Биз истеъмолчилар талабидан келиб чиқамиз. Қозоғистонда турли рангдаги машиналар харидоргир: қизил, кўк, сариқ... Бизнинг истеъмолчилар эса ҳеч қачон бунақа рангдаги машиналарни сотиб олмайди. Биринчи фактор бу —  ҳаво ҳарорати. Қайноқ қуёш остида қора ёки оқ машинани қолдириб кўринг. Бир соатда машина салонида ҳарорат 10 даражага фарқланади. Иккинчи фактор бу  —  паст намлик, бундан бизда чанг кўп. Қора машина бир соат кўчада қолса, усти таниб бўлмас даражада чанг билан қопланади. Шунингдек, бизда автомобилларни бир йилда сотиш тенденцияси мавжуд, мақсад —  янгилаш. Одамлар оқ ранглисини сотиш осонлигини яхши тушунади. Компанияда 11 рангдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади, булар: оқ (62,3 фоизда), тўқ кулранг (11, 9 фоизда), кумуш ранг (8,5 фоизда), қаймоқранг (7,5 фоизда), кулранг-садаф (5,2 фоизда), қора (3 фоизда), салат ранги (0,4 фоизда), кўк (0, 4фоизда), қизил (0,3 фоизда), тўқ қизил (0,3 фоизда) ва сариқ (0,2 фоизда). Қизил, тўқ қизил ва сариқ рангларга асосан Россия ва Қозоғистон буюртма беради.

— Тез ёрдам машинаси сифатида фойдаланиладиган Damas автомобилларини янада яхшилаш учун қандайдир конструктив ечим режалаштирилганми?

— Damas — бу беморларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш ва касалхонага тезроқ етказиш мумкин бўлган автомобилдир. Улардан амбуланс сифатида 1996 йилда фойдалана бошланган. У пайтда беморларни ташийдиган бошқа автомобиллар йўқ эди. Яқинда Жиззах вилоятида Peugeot-Citroen заводи қурилиши режалаштирилган, у ерда 2019 йилдан бошлаб енгил автомобиллар билан бирга, А ва В тоифадаги замонавий реанимобиллар ҳам ишлаб чиқарилади.

— GM Uzbekistan ўзи мустақил равишда автомобилларни кредитга сотадими?

— GM Uzbekistan автомобилларни фақат ишлаб чиқаради ва сотади, кредит фаолияти билан шуғулланишга бизнинг ҳуқуқимиз йўқ. Лекин биз банклар билан ҳамкорлик қиламиз. Ҳозирда “Асака” банки билан бирга кредит дастурларини ишлаб чиқмоқдамиз, унда биринчи тўлов 25 фоизни, ставкаси эса тахминан 18 фоизни ташкил этади ва 3 йилга берилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
ABROR
  20 июл 2017, 00:24
Bir yarim oy oldin asaka avtosavdodan damas olgandim.mashina ichidagi kraskasi qorayib ketyabdi.kim javob beradi bu sifatsizlikka???
Мехмон
  13 июл 2017, 18:38
Хали нафас олаётган хавога хам пул тулайсан
Меҳмон
  13 июл 2017, 01:08
Mashina minish bir umr orzu bo'lib qolar ekanda, bu ketishda!?
Реклама