Жорж Крол: Ўзбекистон мустақил давлат сифатида улкан ишларни амалга оширди
28 август 2013, 12:54 793 кўрилди
alt– Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Сармоявий ва савдо-иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлик борасида эришилган келишувлар ижроси тўғрисидаги фикрингиз? Истиқболда давлатларимиз яна қайси соҳаларда ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириши мумкин, деб ўйлайсиз?
 
– Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўтган йигирма бир йил мобайнида мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча соҳаларда, жумладан, таълим, савдо-иқтисодий, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, минтақавий хавфсизлик ва маданият каби жабҳаларда изчил кенгайиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Вашингтон ва Тошкентда ўтказилаётган музокаралар, хусусан, ҳар йили ўтадиган икки томонлама маслаҳатлашувлар орқали ўзаро муносабатларнинг барча масалаларини қамраб оладиган очиқ ва дўстона муҳокамага тенг ҳуқуқли шерикларни жалб қиламиз.
 
Биз Ўзбекистоннинг иқтисодиётни ривожлантириш ва диверсификация қилиш, хорижий сармоя жалб қилиш учун янада қулай муҳит яратиш ҳамда минтақавий савдо ва тижоратни ривожлантириш учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ҳам улкан салоҳиятга эга. АҚШ элчихонаси Тошкентдаги Америка савдо палатаси билан ҳамкорликда мамлакатингиз билан мустаҳкам иқтисодий ва савдо алоқаларига эга «General Motors», «Boeing» ва «Nukem» каби АҚШ компаниялари билан бир қаторда Ўзбекистонга сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётган бошқа компанияларга ҳам ёрдам кўрсатиб келмоқда.
 
Ўзаро алоқаларимиз узоқ йиллар давомида янада ривожланиб бораверишига қатъий ишонаман. Мен таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг кенгайиши ва такомиллашишини истардим. Зотан, бу йўл орқали мамлакатларимиз фуқаролари бир-бирлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши мумкин. Фан ва технология ҳам ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларидандир.
 
– Ўзбекистоннинг Президент Ислом Каримов раҳнамолигида минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлари ва ташаббуслари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.
 
– АҚШ ва Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишидан ва минтақанинг янада равнақ топишидан бирдек манфаатдор. Биз Ўзбекистон раҳбарияти ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан минтақавий барқарорликни таъминлаш, терроризм, гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларни қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз. Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини, хусусан, Афғонистонга кўрсатаётган доимий кўмагини юксак қадрлаймиз. Минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган ишлар ва ташаббуслар борасида Ўзбекистон билан кенг кўламда ҳамкорликни изчил давом эттираверамиз. Америка Қўшма Штатлари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга ҳам бефарқ эмаслигини билдиради ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақада сув ва энергияни бошқариш борасидаги мулоқот мазкур муаммога барҳам беришига ишонади.
 
– Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг аҳамияти тўғрисида фикрингизни билмоқчи эдик. Бу йилги фестивалда АҚШдан қайси санъаткорлар иштирок этади?
 
– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида бу йил ўзим ҳам иштирок этиш шарафига муяссар бўлаётганимдан жуда мамнунман. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу халқаро фестиваль ғоят ноёб форумдир. Унда миллий, фольклор ва замонавий мусиқа байрамини нишонлаш учун сайёрамизнинг барча минтақаларидан санъаткорлар иштирок этади. Бу ўзига хос санъат байрами турли халқлар ўртасида маданий алоқаларни ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
 
Фестивалда америкалик дўмбирачи Кеннет Дункан қатнашади. «Cedar Hill Refugees» гуруҳи «bluegrass» йўналиши ва миллий ўзбек мусиқасини уйғунлаштирган ҳолда ўз ижро намуналарини намойиш этади. Биз қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўтаётган мазкур ажойиб фестивалда америкалик санъаткорларнинг иштирок этаётганидан жуда мамнунмиз.
 
– Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2013 йил Ўзбекистонда Обод турмуш йили, деб эълон қилинди. Бу ташаббуснинг аҳамияти ва самаралари ҳақидаги фикрларингизни билдирсангиз.
 
– Ўзбекистон раҳбарининг инфратузилма объектлари, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини янада ривожлантириш йўлида амалга ошираётган ташаббуслари жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай залворли масалаларни бир кунда ҳал этиб бўлмайди, балки кўп йиллик меҳнатни талаб қилади. АҚШ ўз давлат мустақиллигининг дастлабки даврида фуқароларнинг эркинлигини ва хавфсизлигини кафолатлаш учун узоқ йиллар тер тўккан. Ўзбекистонда ҳам ана шу мақсадда, яъни халқингиз фаровонлигини янада ошириш учун изчил ишлар амалга оширилиб, фидокорона меҳнат қилинаётгани қувонарли. Бу – мураккаб вазифа, ҳар икки давлат ҳам ушбу хайрли мақсадларга эришиш учун бор куч-ғайратини аямайди.
Шархлар