Қонунчилик палатаси 2014 йилги давлат бюджетини тасдиқлади
15 ноябр 2013, 10:36 1531 кўрилди

altДастлаб депутатлар Ўзбекистон Республикасининг2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов ҳамда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуродов маъруза қилдилар.

Таъкидланишича, 2014 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш миқёсларини жадаллаштириш ва кенгайтириш ҳамда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга ошириш давом эттирилади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар беради.

2014 йилда ялпи ички маҳсулот 108,1 фоизга, саноат маҳсулоти 108,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш 105 фоизга ва капитал қўйилмалар 109,5 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. Давлат бюджети лойиҳасида юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқнинг базавий ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда, бу эса 132 миллиард сўмни корхоналар ихтиёрида қолдириш имконини беради. Жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ бўйича даромадларга солиқ солишнинг энг кам ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда.

2014 йилда таълим соҳасига ажратиладиган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 7,5 фоизини, соғлиқни сақлашга ажратиладиган харажатлар эса ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил этади. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар 2013 йилдаги 59,3 фоиздан 2014 йилда 59,6 фоизга кўпаяди.

Шунингдек, фуқароларни ижтимоий таъминлашга ажратиладиган харажатларни ошириш кўзда тутилмоқда. Ижтимоий нафақалар тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, шунингдек, компенсация тўловларига сарфланадиган харажатлар ЯИМга нисбатан 1,4 фоиз миқдорида назарда тутилмоқда.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,5 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади, ушбу маблағлар қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашга ва янги ташкил этилаётган турар-жой массивларида ижтимоий инфратузилма объектларини ва ички йўллар барпо этишга йўналтирилади. Хусусан, қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурига кўра 2014 йилда барпо этиладиган 11000 та турар-жой қурилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ЯИМга нисбатан 0,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш, шу билан бир қаторда якка тартибдаги уй-жой қурувчиларнинг ва Осиё тараққиёт банки заёмининг маблағларини сарфлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, 2014 йилда 983,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

Шархлар
Реклама