Туркманистон Президентининг юртимизга расмий ташрифи кутилмоқда
12 ноябр 2013, 10:31 1096 кўрилди

alt

2013 йилнинг 11 ноябрь куни Ашхабод шаҳрида Ўзбекистон ва Турманистон Республикалари ташқи ишлар вазирликлари делегацияларининг сиёсий маслаҳатлашуви бўлиб ўтди. 

Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан бўлиб ўтган музокарада ўзбек-туркман муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Томонлар шунингдек, навбатдаги иккитомонлама сиёсий мулоқотларнинг амалий жиҳатлари ҳамда имзоланиши кутилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.

Шу куни Савдо мажмуаси маъмурий биносида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик масалалари бўйича Туркманистон-Ўзбекистон қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳам ўтказилди. Туркманистон давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, мажлисда Ўзбекистон делегациясига ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилик қилди. 

Мажлисда кўпқиррали ўзбек-туркман алоқаларининг мунтазам ривожланиб бораётгани қайд этилди.  Шунингдек, кун тартибидаги асосий масала - Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юртимизга амалга оширадиган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Ўмон ва Қатар ўртасида транспорт-транзит йўлагини шакллантириш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

 

Шархлар