ШҲТ кенгашида автомобилда халқаро ташувга оид масалани кўриб чиқишга келишиб олинди
24 октябр 2013, 10:03 739 кўрилди

 

altКенгаш ишида Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ташқи иқтисодий ва ташқи савдо маҳкамалари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котибининг ўринбосари А.Носиров ва ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский иштирок этди.

 

Кенгаш давомида делегация раҳбарларининг ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболи, ШҲТ Котибиятининг ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ва 2012-2016 йилларда ШҲТ доирасида лойиҳавий фаолиятни янада ривожлантириш тадбирлари рўйхатига оид ахбороти, шунингдек, 2012-2013 йилларда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолияти тўғрисидаги маърузалар тингланди.

 

Томонлар кенг кўламли иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ҳамда 2012-2016 йилларда ШҲТ доирасида лойиҳавий фаолиятни янада ривожлантириш тадбирлари рўйхатини бажариш  бўйича тадбирлар режасини изчил амалга оширишга келишиб олдилар ва ҳамкорликнинг муайян соҳаларига тааллуқли инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

 

Тошкентда 2013 йил 28-29 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги кенгашига ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида автомобилда халқаро ташувлар учун қулай шароит яратиш тўғрисидаги битим, ШҲТ Котибиятининг ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг ижросига оид ҳисоботини кўриб чиқиш учун тақдим этишга келишиб олинди.

 

Кенгаш якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар делегация раҳбарлари томонидан Протокол имзоланди.

Шархлар
Реклама