Шон-шараф ва ғурур тимсоли
18 ноябр 2013, 18:38 4428 кўрилди

alt

Миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида байроқ Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Хусусан, Амир Темур салтанатида давлат рамзларига алоҳида эътибор  берилган. Соҳибқирон жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам у Ватани байроғини баланд тутсин, деб фармон берган. Чунки жангу жадалларда байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият белгиси, деб қабул қилинган. Шайх Нажмиддин Кубронинг юрт озодлиги йўлидаги тенгсиз жасорати барча авлодларга ибрат намунаси бўлиб келаётганининг боиси ҳам шунда.

 

         Ватанимиз мустақилликка эришгач, 1991 йилнинг 18 ноябрида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда таъкидланганидек, миллий  байроғимиз давлат суверенитетининг рамзларидан биридир.

 

Шундан буён миллий байроғимиз халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида ҳилпираб турган юзлаб байроқлар орасида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳам борлиги қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахрланамиз.

 

         Давлатимиз байроғи Президент девони, Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган  халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди.

 

Президентимизнинг хорижий давлатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша мамлакат кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафи, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини ёрқин акс эттирадиган омиллардан бири ҳам айнан байроғимиздир.

 

Ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғлонлар байроқ олдида тиз чўкиб, уни кўзига суртади. Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғалаба қозонган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ғолиблик нашидасини суради.

 

         –  Давлатимиз байроғи биз, спортчиларга нечоғли куч-қудрат, жасорат бахш этишини шу йил 20-27 октябрь кунлари Польшанинг Вроцлав шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида совриндор бўлганимда яққол ҳис этдим, – дейди оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Улуғбек Алимов. – Эришган ғалабам шарафига майдон узра Ўзбекистон байроғи кўтарилганида қалбим чексиз фахрга тўлди. Мустақиллик шарофати, Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор туфайли ўнлаб давлатлар вакиллари орасида меҳнатим муносиб рағбатлантирилганидан, юртимиз номи тилга олинганидан бошим осмонга етди.

 

         Давлатимиз байроғидаги ҳар қайси ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Улар миллий давлатчилигимиз тарихидаги эзгу ифодаларни, айни пайтда мамлакатимизнинг табиий, миллий ва маънавий хусусиятларини ўзида мужассам этган. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунда миллий тимсолимизни тасвирлаш ва ўрнатишга оид рангли-схематик тартиблар белгиланган.

 

         Байроқдаги мовий ранг – мусаффо осмон ва тиниқ сув еру кўкдаги ҳаёт манбалари  ифодаси. Оқ ранг тинчлик ва поклик рамзи сифатида давлатимиз ошадиган довонларга йўл очади. Яшариш ва янгиланиш тимсоли бўлган яшил ранг юртимизнинг гўзал табиатига қиёсдир. Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони – ҳаётий қудрат ва бардавомлик нишонасидир.

 

         Янги ой юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни, айни пайтда давлатчилигимиз тарихида янги давр бошланганини ёрқин акс эттиради. Унинг ёнида саф тортган 12 юлдуз эса беғуборлик, мукаммаллик, донишмандлик каби сифатлар  ифодасидир.    

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ (ЎзА шарҳловчиси)

 

Шархлар
Реклама