Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Корея Республикасига келди
22 ноябр 2017, 08:56 1387 кўрилди

alt

Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябрь куни давлат ташрифи билан Кореяга келди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган. 

Аввал хабар қилинганидек, ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн ва Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашиши, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши кўзда тутилган. 

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама