Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетди
19 мая 2017, 18:00 733 кўрилди

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19 май куни амалий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг учрашув ва музокаралари Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтади. Унда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Музокараларда Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилади.

Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли тижорат шартномалари ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган ҳудудларидан келган бир гуруҳ болалар дам олаётган "Аваза" миллий сайёҳлик зонасига ташриф буюради.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама