Президент Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди
30 август 2013, 10:07 1162 кўрилди

Президентимиз Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳридаги ана шундай иншоотлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Хадра майдонига ташриф буюрди.

alt

Хадра майдони – Тошкентнинг тарихий марказларидан бири. Бу ерда Навоий шоҳ кўчаси, Фурқат, Зарқайнар ва Себзор кўчалари ўзаро кесишади. Майдон атрофида Тошкент давлат цирки, турли идора ва ташкилотлар, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис майдон ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади.

Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулай имкониятлар яратиш мақсадида бу ерда улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинди. Навоий шоҳ кўчасида 46 метрлик ер ости йўлаги қурилди. Фурқат кўчасидан ўтувчи 82 метрлик пиёдалар йўлаги таъмирланди.

Президентимиз мазкур объект билан танишар экан, бундай йирик иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуришда шаҳарнинг иқлим шароитини ҳисобга олиш, рельефидан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, дам олиши учун имконият яратиш, Хадра майдонида мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда улкан фаввора бунёд этилди. Фаввора 12 метр баландликкача кўтарилади. Тунда ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади.

– Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнида доимо инсон манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, – деди Президентимиз. – Аҳолининг яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилмоғи даркор.

Хадра майдонида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари самарасида пойтахтимизда яна бир сўлим маскан пайдо бўлди. Майдоннинг Навоий шоҳ кўчасига яқин қисмидаги асфальт қопламаси олиб ташланиб, унинг ўрнида яшил майсазор барпо этилди. Манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Болалар учун ўйин қурилмалари ўрнатилди.

Бино, йўл ва бошқа инфратузилма иншоотларини қуришда нафақат бугунги кунни, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда иш тутиш зарур, деди Ислом Каримов.

Биз барча иншоотларни, йўллару кўприкларни ўз ақлу заковатимиз, куч ва салоҳиятимиз билан қуряпмиз. Амир Темур бобомизнинг “Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган биноларни келиб кўринг”, деган ҳикматли сўзи барча бунёдкорлик ишларимизда дастуриламал бўлмоғи лозим, деди Юртбошимиз.

Президентимиз Хадра майдонининг қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг, аввало болаларнинг дам олиши учун яратилган қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Президентимиз “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг реконструкция қилинган Қуюв-механика заводи фаолияти билан ҳам танишди.

alt

“Дизель локомотивлари паркини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича мазкур корхона “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ихтиёрига берилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қуйма маҳсулотларнинг салмоқли қисми мазкур завод цехларида тайёрланаётир. Айни пайтда бу ерда 1270 мутахассис иш билан банд.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил июнь ойидаги Қуюв-механика заводида юк вагонларини таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагон қурилишини ташкил этиш ва қуюв ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларига оид қарорига асосан 2012 йилдан бошлаб мазкур ишлаб чиқариш тармоғида 150 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 48,8 миллион АҚШ долларига тенг кредити ва қолган қисми “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳисобидан амалга оширилди. Завод Германиянинг “Kunkel Wagner”, “Otto Junker”, “Nederman” компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди. Таъкидлаш жоизки, лойиҳа асосида заводнинг янги қуюв линиясида ўрнатилган ушбу янги авлод технологиялари Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Энг муҳими, янги қуюв линиясининг модернизация қилингани электр қувватини сезиларли даражада тежаш имконини бераётир.

Мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, импорт ўрнини босувчи бир неча турдаги эҳтиёт қисмларни корхонанинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йилига 26,5 минг тонна қуюв маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур заводда бугунга келиб 167 турдаги саноат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилди. Бу йилига 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валютани иқтисод қилиш имконини беради. Лойиҳа маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар учун йилига 15 минг тоннадан зиёд пўлат, 10 минг тоннадан ортиқ чўян ва 500 тонна рангли металл қуйиш, шунингдек, 1200 янги вагон қуриш, 950 йирик ҳажмли контейнерлар ишлаб чиқариш ва 1500 юк вагонини қайта таъмирлаш имконини беради. Заводда нафақат темир йўл тизимидаги ишлаб чиқариш тармоқлари, балки мамлакатимизнинг етакчи машинасозлик саноати корхоналари учун ҳам зарур эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2012 йилда юк вагонларининг янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Корхонада янги ишлаб чиқариш турлари ўзлаштирилмоқда. Жумладан, юк вагонлари капитал таъмирланиб, модернизация қилинмоқда, янги юк вагонлари қурилмоқда, чўян, металл ва рангли металл қуйиш, ҳаракат таркиби ва темир йўлнинг устки қисмини бутловчи эҳтиёт қисмлар, шунингдек, ностандарт металл конструкциялар каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишар экан, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган замонавий техника ва технологияларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

– Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш жуда долзарб масаладир, – деди Президентимиз. – Шу боис ишлаб чиқариш жараёнида экологик тоза ва сифатли технологиялардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. 

Қуюв-механика заводининг янги металл қуюв цехи ва участкаларида вагон қуриш, мураккаб техника ва ускуналарни таъмирлашга имкон берадиган энг ноёб гидравлик пресслаш, пармалаш дастгоҳлари мавжуд.

Президентимиз корхонада ёш мутахассислар билан суҳбат асносида бугунги кунда ўзбек ёшлари ақл-заковат, иқтидор ва қобилият, интилиш ва ташаббус бобида хорижда ҳам кўпчиликнинг ҳавасини тортаётганини қайд этди.

– Зукко ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни кўриб, уларнинг шижоатидан, замонавий техника ва технологияларни осонлик билан ўзлаштираётганидан хурсанд бўламан, – деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА

Шархлар
Реклама