Президент Корея Республикаси хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирини қабул қилди
03 июл 2013, 10:57 879 кўрилди

altМамлакатимиз раҳбари учрашув аввалида ушбу ташриф Жанубий Корея раҳбарияти Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдори эканининг яна бир ёрқин белгиси эканини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича етакчи давлатлардан бири бўлган Корея Республикаси Осиё-Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригидир. 2012 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 31 фоиз ортиб, 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси миқдори эса 6 миллиард доллардан ошди.

Юртимизда кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 401 корхона, Корея Республикасидаги 88 йирик компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари ҳамкорликнинг устувор йўналишига айланди. Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида ахборотлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Жанубий Корея АКТ соҳасида ҳамда “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш борасида етакчилардан саналади. Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, тақдим этилаётган интерактив давлат хизматлари сонини ошириш, рақамли телевидение жорий қилиш борасида юксак натижаларни қўлга киритмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ахборот-коммуникация тизимини комплекс ривожлантириш бўйича 2013-2020 йилларга мўлжалланган ҳукумат дастури қабул қилинган бўлиб, унда аҳоли учун давлат органлари билан электрон шаклда мулоқот қилиш имкониятини яратиш, давлат бошқаруви тизимида “ягона ойна” тизимини жорий этиш каби кўплаб мақсадлар белгиланган. Бу йўналишда зарур дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимлари ишлаб чиқадиган қўшма корхоналар ташкил этиш, давлат бошқарув органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик айниқса муҳим аҳамият касб этади.

Оқсаройдаги суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Жанубий Кореянинг АКТ соҳасидаги муносабатларига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ю Чон Бок самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси, хусусан, Хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирлиги Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

ЎзА

Шархлар
Реклама