Президент Ислом Каримовнинг «Шарқ тароналари» фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи
28 август 2013, 10:10 1060 кўрилди

altАввало, дунёнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Самарқанд шаҳрида, мана шу муҳташам Регистон майдонида тўпланиб турган сиз, азиз “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларини қутлашга, барча-барчангизга ўзимнинг самимий ҳурмат-эҳтиромимни билдиришга рухсат бергайсиз.

Бугунги мусиқа ва санъат форумида қатнашаётган юксак мартабали меҳмонларимизга – ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова хонимга, Халқаро маданият ва санъат уюшмаси бош котиби Куо Ли Мин хонимга, Халқаро фольклор ижодиёти ташкилоти бош котиби жаноб Мун Хюнг Сукка, Осиё халқаро санъат фестиваллари уюшмаси раиси жаноб Чен Шенглайга, Корея Республикаси Президентининг маданият ва санъат сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси жаноб Хюнг Ван Ли ва бошқа қадрли дўстларимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва ташаккуримни изҳор этаман.

Фестивалимизда халқаро миқёсда кенг танилган машҳур мусиқа арбоблари – Марокашдаги “Тимитар” халқаро мусиқа фестивали раҳбари жаноб Брахим Эл Мазнед, Япон мусиқа ассоциацияси президенти жаноб Кавасе Тадасуке, шунингдек, Афғонистон ахборот ва маданият вазири жаноб доктор Саид Маҳдум Рахин, Куала-Лумпур шаҳри мэри жаноб Датук Аҳмад Фейсал Толиб қатнашаётгани бизнинг анжуманимизга алоҳида эътироф ва нуфуз бағишлайди.

Халқаро фестивалимизда яна бир ҳурматли меҳмонимиз – Америка Қўшма Штатлари Конгрессининг аъзоси, таниқли сиёсатчи жаноб Жеймс Патрик Мораннинг иштирок этаётгани барчамизга катта мамнуният етказади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, бугун мусиқа байрамимизда ҳозир бўлган хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчилари ва вакилларини қутлашни истардим.

Бугун биз жаҳоннинг 52 та давлатидан келган сиз, азиз меҳмонларимизни шарқона эҳтиром билан “Хуш келибсиз азим Самарқанд заминига, хуш келибсиз меҳмондўст Ўзбекистонимизга!” деб кутиб оламиз.

Ҳурматли дўстлар!

Бугун биз “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини юртимизда тўққизинчи бор ўтказмоқдамиз. Ҳар сафар навбатдаги фестивални ўтказар эканмиз, мазкур анжуманни дунёнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири бўлган Самарқандда ўтказиш ҳақида ЮНЕСКО томонидан қўллаб-қувватланган қароримиз нақадар тўғри бўлганига такрор ва такрор ишонч ҳосил қиламиз.

Асрлар давомида умумбашарий маданият ва цивилизация марказларидан бири бўлиб келаётган, афсонавий Шарқ тимсоли, ўзининг етти иқлимга машҳур меъморий обидалари, буюк салоҳияти, гўзал ва сўлим табиати билан ҳар қандай одамни ўзига мафтун этадиган бу тарихий шаҳар энг юксак халқаро анжуманларни ўзида қабул қилишга ҳар томонлама муносибдир.

Бундай улуғвор ва табаррук шаҳарнинг юраги бўлмиш, Регистон деб ном олган, дунёда кам учрайдиган бу муҳташам саҳна, ҳеч шубҳасиз, миллий мумтоз тароналарга янгича, бетакрор гўзаллик ва нафосат бахш этади, минг-минглаб санъат мухлислари хотирасида ўчмас из қолдиради.

Айнан Самарқанд заминида пойдевор қўйилган “Шарқ тароналари” фестивалининг ўз олдига қўйган ғоя ва мақсадларини қисқача ифода қиладиган бўлсак, улар авваламбор мусиқа санъатини улуғлашга, унинг одамларга бўлган таъсирини ошириш, эзгу орзу-умидларни мусиқа орқали тараннум этишга ва шу асосда дунёдаги турли миллат ва элатларнинг вакилларини ҳеч қандай таржимонсиз бир-бирига боғлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан айниқса эътиборлидир.

Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!

Биз барчамиз сизларнинг тимсолингизда ана шундай буюк ва бебаҳо маънавий бойликни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида беғараз хизмат қилаётган, Шарқнинг мумтоз санъатини янги-янги ёш авлодларга безавол етказиб келаётган фидойи инсонларни, моҳир санъат усталари ва устозларини кўрамиз.

Шу маънода, бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва ўта мураккаб бир замонда халқларни бир-бирига ўзаро яқинлаштириш, муштарак илдизларни бир-бирига пайванд этишда, минтақа ва бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида мусиқа санъатининг беқиёс кучи ва таъсирини намоён этишда “Шарқ тароналари” каби фестивалларнинг аҳамиятини ўлчаш ва қиёслаш қийин, десам, ҳақиқатни айтган бўламан.

Айни мана шундай олижаноб мақсадларни ўз зиммасига олган, турли-турли минтақа ва мамлакатлардан келган сиз, ҳурматли маданият вакилларини азиз меҳмонларимиз сифатида қабул қиламиз, сизга берилган истеъдод ва талант олдида таъзим қиламиз.

Азиз фестиваль иштирокчилари!

Тобора улкан обрў ва эътибор топиб бораётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа анжуманини юксак даражада ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўриш ва керакли имкониятларни туғдириш албатта ташкилотчилардан, аввало Самарқанд аҳлидан катта масъулият талаб этишини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Бугун ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин: айни шундай тайёргарлик ишларида жонбозлик кўрсатган, ўзининг меҳмондўстлиги, ажойиб фазилатлари билан дунёда ном қозонган Самарқанд аҳлига барчангизнинг номингиздан, шахсан ўз номимдан самимий миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Фурсатдан фойдаланиб, шу азим шаҳарда туғилиб ўсган, вояга етган инсон сифатида мен учун доимо азиз ва қадрдон бўлган Самарқанд халқига, кексаю ёш барча ҳурматли ҳамюртларимга фарзандлик меҳрим ва садоқатимни яна бир бор изҳор этиш менга чексиз хурсандчилик ва баланд руҳ бағишлайди.

Азиз юртдошларим!

Муҳтарам меҳмонлар!

Барчангизни бағримга босиб, бугунги гўзал байрам билан – “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиши билан яна бир бор табриклайман.

Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, анжуман ишига муваффақият тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

ЎзА

Шархлар
Реклама