Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи
01 сентябр 2013, 22:20 4399 кўрилди

alt

Бугун мамлакатимиз, бутун халқимиз асрлар давомида орзиқиб, интилиб кутган, ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, онгу шууримизни тубдан ўзгартирган Мустақиллик кунининг йигирма икки йиллигини баланд руҳ ва шоду хуррамлик билан нишонламоқда.

Ана шу буюк айём билан, ҳақиқатан ҳам барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам билан сиз, қадрли юртдошларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклашдан бахтиёрман.

Мустақиллик деганда, унинг маъно-мазмунини биз аввало ҳуқуқ деб қабул қиламиз. Мустақилликка эришиш – бу ўз тақдиримизни қўлимизга олиб, юртимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлиш, биз қандай улуғ тарих, маданият ва маънавиятга эга эканимизни, ўзлигимизни чуқур англаб, беқиёс салоҳиятимизни ишга солиш, қадриятларимизни, дину диёнатимизни тиклаш каби буюк ва муқаддас бурчимизни амалга оширишдир.

Мустақиллик – бу ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ўз миллий манфаатларимизни, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлаш, аҳолимизнинг фаровонлигини, халқаро майдонда Ватанимизнинг обрў-эътиборини муносиб даражага кўтаришдир.

Шу билан бирга, эртанги кунимизни янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратиш, биз бошлаган буюк ишларни давом эттиришга қурби-қудрати етадиган, ҳеч кимдан кам бўлмасдан ҳаётга кириб келаётган етук ва баркамол, мустақил фикрлайдиган янги авлодни камол топтириш демакдир.

Биз олдимизга қўйган буюк мақсадларни амалга оширишда ўтган йигирма икки йил давомида эришган ва жаҳон тан олган ютуқ ва марралар – миллий демократик давлат қуриш, иқтисодиётимизни янги асосда ташкил этиш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларимизни, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимизнинг қиёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётганини кўз ўнгимиздан ўтказадиган бўлсак, қани, айтинг, азиз дўстларим, қадрдонларим, истиқлолга эришмасдан туриб, бундай юксак натижаларга етиб боришимиз мумкинмиди?

Бунга жавоб битта: Йўқ ва асло йўқ.

Фақатгина мустақиллик ва яна бир бор мустақиллик бу йўлда тоғдек мустаҳкам асос ва қудратли замин бўлди.

Барчани ҳайратда қолдираётган бундай улкан ўзгаришларни сарҳисоб қилишда табиий бир саволга мурожаат қилсак ўринли бўлади: яъни, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?

Кеча Ўзбекистонимиз ўта оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолиб кетгани, қолоқ, фақатгина пахта хомашёси етиштирадиган минтақага айланиб қолгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва социал аҳволи қандай аянчли ҳолатда бўлгани ва буларнинг барчаси республикамизни жар ёқасига олиб келгани, ўйлайманки, ҳали-бери кўпчилик юртдошларимизнинг ёдидан чиққан эмас.

Мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда ўзини ўзи боқишга қурби етмаган ночор ўлкадан ўз кучи ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчамизга ғурур-ифтихор бағишламоқда ва аксарият халқаро кузатувчиларнинг ҳавасини тортмоқда.

Эл-юртимиз қандай катта ютуқ ва марраларга эришганининг тасдиғини англаш учун охирги йиллар давомида биз қўлга киритган натижаларни, Ватанимизнинг бугунги салоҳияти ва ўсиш суръатларини ўзида яққол ифода этадиган кўрсаткичларга эътибор қаратишни ўринли деб биламан.

Бугунги кунда 2000 йилга нисбатан мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 3,1 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,6 карра ўсгани, экспорт ҳажми 4,4 баробар, номинал иш ҳақи солиштирма нархларда 22 марта, пенсияларнинг ўртача миқдори 12,7 баробар ошгани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромад эса 8,4 баробар кўпайгани ва охирги олти йил давомида иқтисодиётимизнинг ўсиши 8 фоиздан ошиб келаётгани – буларнинг барчаси дунё миқёсида камдан-кам учраётган рақамлар, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Истиқлол йилларида ёқилғи-энергетика, ғалла мустақиллигига, ўзимизни энг зарур истеъмол моллари билан тўлиқ таъминлашга эришганимиз, энг муҳими, юртимизда аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга узайгани бизнинг қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимиздан ва халқимизнинг ҳаёт сифати ўсиб бораётганидан далолат беради.

Вақт ўтиши билан биз танлаган, чуқур ўйланган демократик ислоҳотлар, дунёда “ўзбек модели” деб эътироф этилган тараққиёт стратегияси нақадар тўғри эканига, халқимизнинг манфаатига тўла жавоб бераётганига яна ва яна бир бор иқрор бўлмоқдамиз.

Биз эришган ютуқ ва марраларнинг асосий омили ҳақида гапирганда, ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин – биз бугун ўзимизнинг дунёқарашимиз, онгу тафаккуримиз, ҳаётга, меҳнатга, ён-атрофга муносабатимиз билан кечаги – 90-йиллардаги одамлар эмасмиз.

Биз бугун эркин фикрлайдиган, онгли яшайдиган, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий савияси тобора ўсиб бораётган, ўз келажагини, ким учун ва нима учун меҳнат қилаётганини ўзига аниқ тасаввур этаётган халқмиз.

Биз бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш, дунёдаги тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилишдек олий мақсадни ўз олдимизга қўйдик ва бу йўлдан бизни ҳеч қандай куч қайтара олмайди.

Ҳурматли юртдошларим!

Бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва таҳликали замонда турли минтақаларда, ён-атрофимизда қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар тобора кучайиб бораётганини кўриб, кузатиб, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, ҳушёрлик ва уйғоқлик билан яшашни ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этмоқда.

Биз энг катта бойлигимиз бўлмиш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг энг устувор вазифамиз сифатида кўрамиз.

Шу маънода, халқимизнинг юрак-юрагига сингиб, ҳаётининг мазмунига айланиб кетган “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватни амалга ошириш ҳаммамизнинг энг долзарб вазифамиз бўлишини истардим.

Муҳтарам дўстлар!

Шу фурсатдан фойдаланиб, бугун бизнинг байрам қувончимизга шерик бўлаётган юртимиздаги хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларига, барча ҳурматли меҳмонларимизга самимий ва эзгу тилакларимизни изҳор этишга, уларнинг барчасига сиҳат-саломатлик ва ишларида янги омадлар тилашга ижозат бергайсиз.

Мана шу унутилмас дамларда кўпни кўрган, не-не синов ва қийинчиликларда тобланган, кўп асрлик тарихимизда ўчмас из қолдириб, Ўзбекистонимизнинг бугунги ва эртанги кунини бунёд этишда фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга беқиёс ҳурматимни билдириб, бош эгиб таъзим қилишни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Бугун мана шу кенг майдонни тўлдириб ўтирган, суянчимиз ва таянчимиз бўлмиш ўғил-қизларимизга, менинг фарзандларимга қарата айтмоқчиман: биз ўз олдимизга қўйган келажаги буюк давлат қуришдек олижаноб мақсадга етиш йўлида мен сизлар каби мард ва шижоатли ёшларимизга, илму фан чўққиларини эгаллашга бел боғлаган, қийинчилик ва синовлар олдида бош эгмайдиган, бугун ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлиб майдонга чиқаётган соғлом ва баркамол авлодимизга ишонаман.

Мен қаерда, қандай йиғилиш, қандай анжуман бўлмасин, сиз, навқирон ёшларимизнинг вакиллари билан учрашганда, сизларнинг ёниб турган кўзларингизни, куч-ғайратга тўлган қадди-қоматингизни кўрганда қалбимда беихтиёр катта ғурур ва ифтихор пайдо бўлади. Мен сизларнинг барчангизни ҳақиқатдан ҳам яхши кўраман, сизлар учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун бутун борлиғимни бағишлашга ҳам тайёрман.

Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!

Муҳтарам ватандошларим, қадрдонларим!

Мана шу мунаввар оқшомда ҳаммангизни бағримга босиб, Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан, ёмон ниятлардан асрасин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Шархлар
Реклама