Президент Ислом Каримов ОТБ президентини қабул қилди
22 ноябр 2013, 09:57 1512 кўрилди

altЎзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 21 ноябрь куни Оқсаройда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Такехико Накаони қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ОТБ билан мамлакатимиз ўртасида мустаҳкам ва ишончли ҳамкорлик қарор топганини, ушбу банк Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади, деб хабар беради ЎзА.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон – ОТБ ҳамкорлиги 14,5 миллиард АҚШ долларига тенг 40 лойиҳани ўз ичига олган. Бу лойиҳалар учун ОТБнинг умумий қиймати 4,9 миллиард доллардан зиёд ресурслари жалб қилинган. Ҳамкорликда Таллимаржон ИЭСида 900 МВт қувватга эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этиш, автомобиль йўллари қуриш ва уларни реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастур, Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуини барпо этиш, қишлоқ жойларда уй-жой қуриш дастури каби стратегик муҳим инвестициявий лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда.

Музокарада томонлар Ўзбекистон билан мамлакатимизнинг етакчи халқаро молиявий шериги бўлган Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этиши ва узоқ муддатли асосга эга эканини мамнуният билан таъкидладилар.

ОТБ президентининг ушбу ташрифи доирасида “Самарқанд шаҳрида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясини барпо этиш”, “Аму-Бухоро ирригация тизимини реабилитация қилиш” ҳамда “Кичик ва микромолиялашни ривожлантириш” лойиҳалари бўйича умумий қиймати 380 миллион АҚШ долларига тенг молиявий битимлар имзоланди.

Т.Накао самимий қабул ва ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятига берилган баҳо учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, Осиё қуёш энергияси форумининг 6-мажлиси Тошкентда ўтказилиши қўллаб-қувватлангани ва юксак савияда ташкил этилгани учун ташаккур изҳор этди.

 

Шархлар
Реклама