Президент Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди
17 июл 2013, 11:24 849 кўрилди

altДавлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Хитой Ўзбекистон учун дўст мамлакат бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини, ушбу давлат билан муносабатлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида ривожланишини таъкидлади. Ислом Каримов қайд этганидек, томонлар Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига муҳим аҳамият қаратмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда, шунингдек, БМТ, ШҲТ каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида изчил ривожланмоқда.

Пекин шаҳрида 2012 йилда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув чоғида имзоланган Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация мамлакатларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорликнинг ифодаси бўлди, кенг қамровли Ўзбекистон-Хитой мулоқотини янада ривожлантиришга янги суръат бахш этди.

2012 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2011 йилга нисбатан қарийб 25 фоиз ўсди ва 3,23 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилда ҳам ўзаро савдо ҳажмининг ана шундай изчил ўсиши таъминланмоқда.

Томонлар нефть-газ ва нефть-кимё, кимё ва тоғ-кон саноати тармоқларида, транспорт ва логистика, машинасозлик, телекоммуникация соҳаларида, электротехника ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда, шунингдек, иқтисодиётнинг Хитой компаниялари катта тажриба ва илғор технологияларга эга бўлган бошқа соҳаларида ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.

Ҳозир Хитойнинг бир қатор етакчи компаниялари “Жиззах” махсус индустриал зонасида юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда. Бунинг учун қулай шароитлар яратилган ва катта солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда.

Мулоқот чоғида томонлар мамлакатларимизда маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

ХХР ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари самимий қабул ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Манбаа: ЎзА

Шархлар
Реклама