Оқсаройда қабул
27 август 2013, 15:02 719 кўрилди

altДавлатимиз раҳбари меҳмоннинг ЮНЕСКО раҳбари сифатида юртимизга илк ташрифи мамлакатимизни янада яқинроқ билиш, халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишиш имконини беришига ишонч билдирди.

Томонлар Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини тиклаш ва чуқур ўрганиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, маданият, таълим, фан ва бошқа соҳаларда турли лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқда.

Ўтган 20 йил мобайнида ЮНЕСКО шафелигида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби буюк аждодларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент, Марғилон сингари дунёга машҳур шаҳарларимиз, “Алпомиш”, “Авесто” каби бебаҳо адабий ёдгорликлар, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 2001 йилда Бухоро “Тинчлик шаҳри” деб эълон қилинди. Бойсун маданий мероси, Шашмақом, Катта ашула ва Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ирина Бокова самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдириб, Ислом Каримовни мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги билан табриклади. Дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Самарқандда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган, мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини, маънавий ҳамфикрлиликни мустаҳкамлашга қаратилган олижаноб ғоя ва мақсадлари боис тобора оммавийлашиб бораётган IХ халқаро санъат ва маданият анжуманининг муваффақиятли ўтишига тилак билдирди.

Меҳмон Ўзбекистоннинг бутун дунёда тан олинаётган ютуқлари барча соҳаларда узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотлар, Ўзбекистон раҳбарининг маданият ва таълимни ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратаётган доимий эътибори самараси эканини алоҳида таъкидлади.

Шархлар
Реклама