«МДҲ шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилиши зарур» — Шавкат Мирзиёев
12 октябр 2017, 22:51 357 кўрилди

alt

Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. 11 октбрь куни бўлиб ўтган МДҲнинг Сочи саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда таъкидлаб ўтди.

«МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш "майдони" эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир», — деди давлат раҳбари ўз нутқида. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтарилгани, мамлакатнинг МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштироки қайта тикланганини алоҳида қайд этди. 

«Биз Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлиги ҳолатини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболини белгилаб олишни режалаштирганмиз. Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз. Пировард мақсадимиз – Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишдир. Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман», — деди Президент. 


«Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз», — таъкидлади давлат раҳбари. 

Илғор технологияларнинг фаол жорий қилинаётгани ва глобал ахборот-коммуникация макони тараққий этаётгани барча жараёнларни жадал ва тез ўзгартирмоқда, қитъалар, минтақалар, давлатлар ва бизнес даражасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқлаётгани, асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим деб ҳисоблайди. «Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур», — қайд этди у. 

Ўзбекистон раҳбари мажлисдаги нутқи давомида Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотга тўхталар экан, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда "Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли" мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама