Кореяда Шавкат Мирзиёев ҳақида китоб чоп этилди
23 ноябр 2017, 09:17 549 кўрилди

alt

Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб 50 минг нусхада чоп этилди. 

ЎзА хабарига кўра, жорий йил 20 ноябрь куни нашр этилган ушбу китоб 8 бўлим, 320 саҳифадан иборат бўлиб, кўплаб суратлар билан бойитилган. 

Нашрда Шавкат Мирзиёевнинг аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, сўнг Президент сифатидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилган. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ва хорижда сўзлаган нутқлари, жумладан, Президент лавозимига киришиш маросими, Конституция байрами, Янги йил байрами, БМТ Бош ассамблеяси сессиясидаги нутқидан иқтибослар келтирилган. 

Китобда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда бошланган жуда муҳим ислоҳотлар таҳлилига катта эътибор қаратилган. Иқтисодиётнинг либераллашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар, валюта бозорини либераллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, вилоятларга нисбатан янги сиёсат, сўз эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш, буларнинг барчаси Президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган янги ислоҳотларнинг дастлабки натижаларидир. 

Китобнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” номли бобида ушбу дастур чуқур таҳлил қилган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсатдаги минтақавий ҳамкорликнинг янги суръатига туртки бўлган, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиққан ташаббуслари ҳақида сўз юритилган. Ўтган бир йил давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижий давлатларга ташрифи, Ўзбекистонга ташриф буюрган бир неча давлат раҳбарлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар етакчилари билан бўлиб ўтган музокаралари ҳақида атрофлича маълумот берилган. 

Корейс миллатига мансуб ватандошларимизнинг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганига 80 йил тўлди ва бу сана мамлакатимизда кенг нишонланди. Китобда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп йиллик савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам кенг ўрин ажратилган. 

Китоб “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган. Унинг муаллифи машҳур журналист ва ёзувчи Чо Чоль Хён. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 
Шархлар
Реклама