Ислом Каримов ўқитувчи ва мураббийларни табриклади
30 сентябр 2013, 18:40 991 кўрилди
altҲар қайси одамнинг ҳаётда соғлом ва комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онаси билан бирга муаллим ва ўқитувчининг ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп ёзилган, кўп айтилган.
 
Ҳақиқатан ҳам, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийлар, домлаларнинг, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёс эканини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
 
Ана шундай олижаноб вазифани ўз зиммасига олган, ёш авлодимизга илму фан ва ҳаёт сирларини ўргатишдек масъулиятли ишни адо этиб келаётган инсонларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган меҳнатини инобатга олиб, бундан 17 йил олдин мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар кунини таъсис этганимиз, авваламбор жамоатчилигимиз, бутун халқимизнинг хоҳиши ва интилишини ўзида мужассам этган, десам, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
 
Азиз юртдошлар!
 
Биз бугун дунёдаги тараққий топган демократик мамлакатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаётини обод ва фаровон қилиш, халқаро майдонда Ватанимизнинг ўзига муносиб ўрин эгаллаши, лўнда қилиб айтганда, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган мақсадга эришиш каби ўта оғир, шу билан бирга, ўта шарафли вазифани амалга ошириш йўлида бор кучимиз, бутун борлиғимизни сафарбар этиб меҳнат қилаётганимиз барчамизга аёндир.
 
Мана шундай эзгу ва юксак марраларга етишда миллий давлатчилигимизни қуриш, иқтисодиётимизни биз учун янги аснода – бозор муносабатлари негизида ташкил этиш, бутун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини ўзгартираётган кенг кўламли ислоҳотларни жорий қилиш, мухтасар айтганда, мамлакатимизнинг қиёфасини тубдан янгилаш мақсадида амалга оширган улкан ишларимизни бугун дунё ҳамжамияти тан олаётганини ғурур ва ифтихор билан таъкидлашга тўлиқ асосларимиз бор.
 
Биз қўлга киритган, барчанинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва натижаларимиз ҳақида сўз юритар эканмиз, уларга замин бўлган омил ва мезонлар хусусида, халқимизнинг фидокорона меҳнати, онгу тафаккури, сиёсий-ижтимоий фаоллиги юксалиб бораётгани ҳақида албатта кўп гапириш мумкин.
 
Лекин, шулар қаторида авваламбор биз ўз вақтида бошлаган ва амалга оширган таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар, узоқни кўзлаган, чуқур ўйланган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ҳал қилувчи ўрин тутганини алоҳида қайд этиш зарур.
 
Ҳеч шубҳасиз, бу борада янгича фикрлайдиган, ўзлигини, қадр-қимматини чуқур англайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни, чет тилларни пухта эгаллаган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ёшларимиз ҳақиқатан ҳам бизнинг суянчимиз ва таянчимиз бўлиб, биз бошлаган ишларни давом эттиришга қодир эканини бугунги ҳаётимизда исботлаб бераётганининг ўзи барча эришган ютуқ ва марраларимизнинг асосий мезони ва шарти бўлди, десак, асло хато бўлмайди.
 
Шу муносабат билан бир фикрни таъкидлаб айтишни ўринли деб биламан: биз билим ва тарбия бериб вояга етказаётган навқирон ўғил-қизларимиздек, қийинчилик ва синовлар олдида бош эгмайдиган, ўз Ватани, ўз халқига хизмат қилишга бел боғлаган, янгиликка интилиб яшайдиган, ғайрат-шижоатга тўла, кўзлари ёниб турган ёш авлодимиздек авлод дунёда ўзи камдан-кам топилади.
 
Ана шундай соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги фидойи меҳнатингиз учун сиз, азизларга – ўқитувчи ва мураббийлар, устоз ва домлалар, олим ва олималарга ҳар қанча тасаннолар айтсак, таъзим этсак, арзийди, албатта.
 
Ҳурматли дўстлар!
 
Биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган, ўзаро рақобат ва манфаатлар кураши тобора кучайиб бораётган мураккаб бир даврда яшаётганимиз ҳаммага маълум.
 
Бундай кескин рақобат айниқса илм-фан, таълим-тарбия, илмий-техник тараққиёт соҳасида яққол намоён бўлаётганини кўриш, англаш қийин эмас.
 
Ҳозирги вақтда дунёдаги етакчи олимлар ва экспертлар орасида кенг тарқалаётган фикрни инобатга оладиган бўлсак, давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳақида гапирганда, улар, биринчи навбатда инсон капиталини, таълим ва илм-фан соҳасини ҳозирги замон тараққиётининг ҳал қилувчи кучи сифатида кўраётган, уларнинг ривожи учун катта маблағ ажратаётган ва кенг имконият очиб бераётган давлатгина бу инқироздан янада кучли бўлиб чиқишини башорат қилаётгани бежиз эмас, албатта.
 
Бугун ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларимизни холисона баҳолар эканмиз, таълим-тарбия соҳасида ҳали қиладиган кўпгина вазифаларимиз борлигини, ўз ечимини кутаётган долзарб муаммоларни ҳал қилиш, энг муҳими, бу борада бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш, уларнинг ярим йўлда қолиб кетишига, ўзибўларчиликка йўл қўймаслик зарурлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
 
Авваламбор, барча таълим муассасалари, хусусан, умумтаълим мактаблари ва лицей-коллежларни давр талабларига мос ҳолда ривожлантириш, замонавий жиҳоз ва ускуналар, ўқув лабораториялари ва устахоналар билан таъминлашни давом эттириш, янги таълим стандартлари, дастур ва қўлланмаларни жорий этиш масаласини энг муҳим вазифамиз сифатида кўришимиз даркор.
 
Мамлакатимизда шаклланган узлуксиз таълим тизимининг юқори босқичи бўлмиш олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, юксак малакали мутахассис ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида уларнинг фаолиятини такомиллаштириш эҳтиёжини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
 
Шу борада кўзланган режаларни амалга ошириш ва уларни молиялаштириш учун Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш фонди ташкил этилгани, ҳар йили давлат бюджетидан айни шу йўналишларга катта ҳажмдаги маблағлар ажратилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
 
Юртимиздаги эски, яъни, икки босқичли аттестация тизимидан воз кечиб, иқтисодий ривожланган давлатларда қабул қилинган стандартларга мос равишда, тўғридан-тўғри фан доктори унвонини олиш бўйича диссертация ёқлаш тизимига ўтганимиз ва бу йўналишда туб ўзгаришлар амалга оширилаётгани олий таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар йўлида янги бир амалий қадам бўлди.
 
Энг асосийси, бундай ишларимиз аввало институт ва университетларимиздаги ўқув жараёнларини, уларнинг юксак талабларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш салоҳиятини дунёдаги илғор олий ўқув юртлари даражасига кўтариш, ушбу билим даргоҳларида фидокорона меҳнат қилаётган домлаларни нафақат моддий ва молиявий нуқтаи назардан рағбатлантириш, балки уларнинг нуфузи ва ҳурмат-эътиборини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
 
Бугунги кунда юртимизда барпо этилган, ўзаро узвий боғланиб, бир-бирини тўлдирадиган, уч босқичдан иборат узлуксиз таълим тизимини – бу умумтаълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўладими, олий таълим соҳаси бўладими – буларнинг барчасини ягона бир ғоя, умумий бир мақсад бирлаштириб турганини ҳаммамиз яхши англаймиз.
 
У ҳам бўлса, жондан азиз фарзандларимизни жаҳон илм-фани чўққиларини забт этган, чуқур билим ва ўз мустақил фикрига эга бўлган етук инсон ва мутахассислар этиб тарбиялаш, барча куч ва имкониятларимизни шу йўлда сафарбар этишдир, десак, олдимизда турган буюк вазифанинг маъно-мазмунини ифода этган бўламиз.
 
Биз сиз, азизлар – мактаб, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларида, умуман, таълим соҳасида меҳнат қилаётган юз минглаб ўқитувчи ва мураббийлар, домлалар тимсолида эл-юртимизнинг келажаги, ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи таълим ва тарбия соҳасига бамисоли жон бағишлаётган қудратли кучни кўрамиз ва юксак баҳолаймиз.
 
Сизларнинг Ватанимиз равнақи ва тараққиёти йўлида қўшаётган юксак ҳиссангиз учун, ёш авлодни вояга етказиш, ҳаётга йўлланма бериш йўлидаги беқиёс хизматингиз, беғараз меҳнатингиз учун барча ота-оналар, миллионлаб ўқувчи ва талабалар, бутун халқимиз номидан яна ва яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдириб, сизларга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат ва файзу барака, ишларингизга янги омадлар тилашга рухсат бергайсиз.
 
Доимо омон бўлинг, азиз ва меҳрибон устозлар!
 
Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти
 
ЎзА
Шархлар
Реклама