Ишонч ёрлиқлари топширилди
09 октябр 2013, 11:41 962 кўрилди
altДавлатимиз раҳбари элчиларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон улар вакили бўлган мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва дипломатларга мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ишида муваффақиятлар тилади.
 
Словакия элчиси Павол Иван билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Словакия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 20 йил давомида икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича бой тажриба тўплангани ва бу узоқ муддатли, ўзаро манфаатли муносабатларда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
 
Словакия элчиси мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги анъанавий дўстона алоқаларни кенгайтиришни Ўзбекистондаги ўз миссиясининг асосий вазифаси, деб билишини қайд этди.
 
Ўзбекистон билан Фаластин халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган кенг кўламли савдо, маданий-гуманитар алоқалар бугунги кунда янги шакл ва мазмун касб этмоқда.
 
Фаластин элчихонаси раҳбари нафақат минтақада, балки бутун дунёда юксак обрў-эътиборга эга, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият юритишни ўзи учун юксак шараф, деб билишини таъкидлади.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Исроил ўртасидаги муносабатлар амалий ҳамкорликни ривожлантириш, аввало, мавжуд савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка оид юксак салоҳиятни тўла рўёбга чиқариш, Исроилнинг илғор технологиялари асосида қишлоқ хўжалиги, сувни тежаш ва энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Кармела Шамир Ўзбекистондаги миссиясини мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли барча соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш учун қулай имконият, деб билишини таъкидлади.
 
Ўзаро савдо алоқалари Ўзбекистон ва Бангладеш муносабатларида муҳим ўрин тутади ва икки томон ҳам савдо-сотиқни изчил ривожлантиришдан бирдай манфаатдордир. Икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд механизмлари иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини биргаликда белгилаш имконини бермоқда.
 
Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасидаги изчил маданий-гуманитар ҳамкорлик серқирра алоқаларнинг муҳим йўналиши экани таъкидланди.
 
Элчи Масуд Маннан мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун бор имконияти ва дипломатик тажрибасини ишга солишини қайд этди. Унинг фикрича, бунинг учун кўплаб имкониятлар мавжуд.
 
Ўзбекистон Францияни ўзининг муҳим ташқи сиёсий ҳамкорларидан бири деб билади. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланмоқда.
 
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашув, бир-бирининг манфаатларини инобатга олишга асосланган амалий сиёсий мулоқот ўрнатилган, шартномавий-ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида алоқалар кенгаймоқда. Томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий хавф ва таҳдидларни биргаликда бартараф этиш масалаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
 
Франциялик дипломат ўз мамлакати раҳбарияти Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.
 
ЎзА
Шархлар
Реклама