Хориждан 2 млн дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари харид қилинади
14 ноябр 2017, 10:30 1011 кўрилди

alt

13 ноябрь куни Президент «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди.

Қарорга кўра, электр энергияси ҳамда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия томонидан «Sagemcom» (Франция), «Elster GmbH» (ГФР), «Landis & Gyr» (Швейцария) компаниялари ва «Toshelectroapparat» МЧЖ ХК (Ўзбекистон) билан Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини (кейинги ўринларда Лойиҳа) амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилган.

Дастлабки босқичда 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилинади. 

Шунингдек, яқин келажакда республикада хорижий компания иштирокида юқорида кўрсатилган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни маҳаллий ишлаб чиқариш ташкил этилади. 

Бир ой муддатда электр узатиш линиялари ва газ қувурларини модернизация қилиш бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, шаҳарлар ва вилоятлар марказларининг устуворлигини инобатга олган ҳолда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни ўрнатиш жадвалини тасдиқлаш режалаштирилди. 

Қарорга мувофиқ, лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади, ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш эса “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Бюро томонидан таъминланади. 

Бунда истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади. 

Таъкидланишича, фақат охирги 2 йилда реал кўрсаткичларни юқори даражада (20 фоизгача) бузиб акс эттирадиган 24,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги 410 мингдан ортиқ эскирган ҳисоблаш ускуналари мамлакатга олиб кирилган. Қарор билан бундан буён республика ҳудудига лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш тақиқланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  15 ноябр 2017, 19:09
яна нима колди алмаштиралмаган............
Мехмон
  14 ноябр 2017, 15:03
Mana endi butun O'zbekiston bo'yicha gaz va elektr energiyasi taminoti uzluksiz bo'ladi bu xam xalqimizni turmushini yuqori cho'qqilar sari yetaklaydi bu xabarni eshitib juda juda quvondim.
Реклама