Хитой Халқ Республикаси Раиси Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди
11 сентябр 2013, 10:47 2733 кўрилди

altОлий мартабали меҳмон қадим шаҳарнинг тарихий обидалари билан танишувни Мирзо Улуғбек расадхонасидан бошлади. Мазкур расадхона аждодларимизнинг буюк закоси, юртимиз илм-фанининг чуқур илдизлари ва тараққиётидан далолат беради. Си Цзиньпин Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий мероси билан таништирилди.

Икки давлат раҳбарлари Амир Темур мақбараси ва Регистон мажмуини бориб кўрдилар.

Хитой раҳбари Шарқ меъморчилигининг ноёб обидаларидан бўлган Регистон мажмуини катта қизиқиш билан томоша қилди. Бу ерда доимий фаолият юритувчи миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини кўздан кечирди. Самарқандда азалдан ҳунармандлик, савдо-сотиқ ривожланган. Қўли гул усталаримиз тайёрлаган маҳсулотлар Буюк ипак йўли орқали бутун дунёга, жумладан, Чин заминига ҳам етиб борган. Хитойнинг турли мамлакатлар билан савдо алоқаларини ривожлантириш ва маданиятини янада бойитишда Самарқанд муҳим роль ўйнаган.

Олий мартабали меҳмон қадим маданиятимиз ва миллий давлатчилигимиз тимсоли, меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган Самарқанд обидалари унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.

– Жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлганимдан хурсандман. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, қадимий осори-атиқаларни асраб-авайлаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим, – деди Си Цзиньпин. – Қатъий ишонаманки, Ўзбекистон халқи Президент Ислом Каримов раҳнамолигида бундан кейин ҳам юксак ютуқ ва марраларга эришаверади.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи ҳар томонлама самарали бўлди. Кўксарой қароргоҳида ўтган музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, саноат, минерал ресурсларни ўзлаштириш, энергетика, транспорт ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳукуматлараро, вазирлик ва идоралараро ўзаро манфаатли кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Шу билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи якунига етди. Хитой раҳбари Ўзбекистонга ташрифи жуда самарали бўлганини таъкидлаб, самимий қабул учун Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирди.

ЎзА

Шархлар
Реклама