Ўзбекистонда архитектура ишлари инспекцияси ташкил этилади
12 ноябр 2013, 10:08 1427 кўрилди

alt

Бундан кўзланган мақсад ягона архитектура-шаҳарсозлик сиёсатини амалга ошириш, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги вазифалар бажарилишини таъминлаш, аҳоли пунктларини комплекс ривожлантириш лойиҳа ечимлари даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек қурилиш ишлари сифати устидан зарур назорат ўрнатишдан иборат.

Қарорга мувофиқ, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти тузилмасида ходимлари сони 5 нафар бўлган Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади.

 

Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси

-          республика бўйлаб шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан амалий назоратни таъминлайди;

-          шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик ҳамда санитария нормалари ва қоидалари талабларига риоя қилиниши ҳолатини ҳар томонлама ўрганади;

-          аҳоли пунктларини қуришда ва архитектура ечимларини қабул қилишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилишига йўл қўйганлиги учун тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар беради;

-          белгиланган тартибда рухсат олмасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтда ишлаб чиққан ва молиялаштирган ҳолда объектларни қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўймайди;

-          ноқонуний қурилишнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларидан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширади;

-          шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш чора-тадбирларини кўради;

-          қурилишда замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда илғор технологиялар ва янги конструктив ечимлар қўлланилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, қурилиш объектларининг юқори сифатини таъминлашга ва уларнинг қийматини пасайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади.

 

Қарорда тегишли шахсларга Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясини чуқур билимларга ҳамда архитектура ва қурилиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаси юкланган. 

 

Шархлар
Ibadulla
  16 ноябр 2013, 21:01
Жуда яхши қарор қабул қилинган бу амалда ўз самарасини беради деб ўйлайман. Жуда долзарб ечимини кутаетган тартиб бузарликларни бартараф этилишига ишониб қоламиз.Инспекцияга чуқур билимларга ҳамда архитектура ва қурилиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар ишга қабул қилинса жуда катта самара беришига ишонамиз. Архитектура фанлари номзоди Ибодулла Байджанов
Реклама