Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Латвия Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди
18 октябр 2013, 10:31 1382 кўрилди
alt
Ташрифнинг асосий тадбирлари 17 октябрь куни бўлиб ўтди.
Латвия Президенти қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. 
Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида Президентлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.
Ўзбекистон ва Латвия ўзаро муҳим ва ишончли ҳамкор эканлиги, мамлакатларимизни кўп йиллик анъанавий ҳамкорлик ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туриши таъкидланди. 
Қайд этиш керакки, музокаралар ёрқин воқеа билан бошланди: Ўзбекистон Республикаси Президентига Латвиянинг олий давлат мукофоти – биринчи даражали «Эътироф крести» ордени топширилди. Латвия Республикаси Президенти мамлакатимизнинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бу бир жиҳатдан икки давлат раҳбарларининг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги улкан хизматларининг ўзаро эътирофи бўлса, бошқа томондан, муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги умумий манфаатдорлик ва интилишларнинг ифодасидир. 
Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига оид қирқдан ортиқ давлатлараро шартнома ва ҳукуматлараро битимлар имзоланган. 
Парламентлараро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда – парламентлар аъзоларининг ташрифлари мунтазам амалга оширилиб, қонун ижодкорлиги борасидаги  ўзаро тажриба алмашиш яхши самаралар бермоқда. 2010 йилда Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилди. 2012 йилда Ўзбекистон парламентида Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ташкил қилинди.  
Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам ва конструктив маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган.
Музокаралар чоғида терроризм, экстремизм, наркотрафик каби замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашишга оид масалаларга  ҳам эътибор қаратилди. Латвия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни иқтисодий ва ижтимоий тиклаш борасида кўрсатаётган ёрдами, хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро коалициянинг иштирокчи давлатлари билан ҳамкорлигига юксак баҳо берди. 
 
Томонлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Латвиянинг ёндашув ва позицияси ўхшаш ва яқин эканлигини таъкидлади. 
 
Ўзбекистон ва Латвия Президентлари савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. 
 
Мамлакатларимиз ўртасидаги масофа анча узоқлигига қарамай, транспорт, жумладан, автомобилда ва халқаро ташувлар соҳасида, таълим, фан, қишлоқ хўжалиги, аккредитация ва метрология, ахборот технологиялари, туризм ва бошқа йўналишларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
 
Таъкидланганидек, мамлакатларимиз ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириши учун барқарор шартномавий-ҳуқуқий асослар яратилган. Иқтисодиёт ва саноат соҳасидаги ҳамкорлик, инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа торишнинг олдини олиш борасида эришилган келишувлар амал қилмоқда.
 
Латвия – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Энг кўп қулайлик яратиш тизими самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда қарийб 20 фоиз ўсиб, 246 миллион АҚШ доллардан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, бу кўрсаткич 126 миллион долларни ташкил этди. 
 
Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мотор мойлари, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб беради. Латвия мамлакатимизга ускуналар, транспорт воситалари, пластмасса экспорт қилади, шунингдек, логистика хизмати кўрсатади. 
 
Ўзаро инвестициявий ҳамкорлик ривожланмоқда. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокидаги 22 корхона фаолият юритмоқда. Латвияда эса мамлакатимиз компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган қирқдан ортиқ корхона ишлаб турибди. 
 
Мамлакатларимиз ҳамкорлигида транспорт, илмий-техникавий, туризм, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Эришилаётган бундай улкан ютуқ ва марралар мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар, икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари ва ишбилармон доираларининг доимий алоқаларининг муҳим самараларидир.  
 
Ўзбекистон ва Латвия иқтисодиёт соҳасида улкан салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди. Томонлар бу имкониятлардан янада самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар.  
 
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Латвия тенг ҳуқуқли иқтисодий ҳамкорлардир. Мамлакатларимиз ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириши мумкин бўлган йўналишлар кўп. Ўзбекистон компанияларининг жорий йил сентябрь ойида ўтган «Riga Food – 2013» халқаро кўргазмасидаги иштироки натижалари ҳам бунга мисол бўла олади. Ушбу кўргазма якунларига кўра, Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини Латвия ва Европа мамлакатларига етказиб бериш бўйича 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги шартнома ва келишувлар имзоланди.  
 
Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлган транспорт соҳасини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Бу асосий минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш мақсадида мамлакатларимиздан амалдаги транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, бунинг учун мавжуд транзит салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланишни тақозо қилади.
 
Ўзбекистон ва Латвия қишлоқ хўжалиги, туризм, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга.
 
Ўзбекистон томони, шунингдек, латвиялик ишбилармонларни туризм соҳасида ҳамкорликка жалб этиш, бу борада кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашишга ҳам қизиқиш билдирмоқда. 
 
Латвия, умуман, Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолиси Ўзбекистоннинг  Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби шаҳарларини яхши билади. Қадимий Мовароуннаҳрнинг сеҳрли олами, бой тарихи ва анъаналари барчани мафтун этиши табиий.  
 
Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи доирасида Ригада бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Латвияда биргаликда бизнес юритиш имкониятлари, ҳамкорликнинг янги йўналишлари, Латвия логистика тармоқларидан  Ўзбекистоннинг фойдаланишини кенгайтириш, Ўзбекистондан Латвияга озиқ-овқат саноати маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмларини ошириш масалалари муҳокама этилди.
 
Ишбилармон доираларнинг бевосита алоқалари мустаҳкамланиши    муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Бу, хусусан, Болтиқбўйи бозорларини Европа Иттифоқининг барча талабларига жавоб берадиган аъло сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади. Маълумки, бугунги кунда Латвияда сотилаётган Ўзбекистон маҳсулотлари кўп ҳолларда бевосита эмас, учинчи мамлакатлар орқали келтирилади. Бу уларнинг нархига ҳам салбий таъсир кўрсатаётир. Аслида, Ўзбекистон ўз озиқ-овқат товарларини нафақат Болтиқбўйи бозорларига, балки қуритилган мева ва полиз маҳсулотларини савдо флотига ҳам етказиб бериши мумкин. Бу, албатта,  ишбилармон доираларнинг вазифаси. Томонлар икки мамлакат тадбиркорларини мазкур йўналишда иш олиб боришга жалб этишга келишиб олдилар. Бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар мавжуд. Энди гап тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишда. 
 
Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2004 йилда Рига шаҳрида машҳур аллома ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг, 2006 йилда улкан мутафаккир Абу Али ибн Синонинг ҳайкали ўрнатилиши латвияликларнинг халқимизга, буюк аждодларимизга ва бой меросимизга юксак ҳурмат-эҳтиромининг амалдаги яққол ифодаси бўлди. 
 
Мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театри ҳамда Латвия миллий операси ўртасидаги ижодий ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Бадиий ва фото кўргазмалар, кино декадалари, концертлар ташкил этилмоқда, икки мамлакатнинг фольклор жамоалари Ўзбекистон ва Латвияда ўтказилаётган турли маданий тадбирларда иштирок этмоқда. Хусусан, Латвия санъаткорлари Самарқандда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келади.  
 
Таълим соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Бугунги кунда Ўзбекистон Латвияда ўқиётган хорижлик талабалар сони бўйича бешинчи ўринда туради. Латвияда қарийб 200 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда. 
 
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Латвия Республикаси Президентининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт ва юклар транзити, савдо алоқаларини кенгайтириш, туризм ва инвестициявий ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Сеймига ташриф буюриб, Спикер Солвита Аболтиня билан музокаралар ўтказди. Давлатимиз раҳбари Латвия парламенти фаолияти билан танишди. Суҳбат жараёнида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 
 
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Латвия Бош вазири Валдис Домбровскис билан учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Президентимиз Ислом Каримов Латвия Президенти Андрис Берзиньш ҳамроҳлигида Озодлик монументи пойига гул қўйиб, Латвия озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 
 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Латвия Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди.  
 
Ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорлик ривожига янада жадал суръат бахш этиши ва уни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. 
 
Анвар БОБОЕВ,
ЎзА махсус мухбири.
Тошкент – Рига – Тошкент.
 
Шархлар
Реклама