Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлади
28 сентябр 2013, 11:19 2947 кўрилди
altСессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
 
Президентимиз Қашқадарё вилоятида эришилаётган ютуқ ва марраларни атрофлича таҳлил қилар экан, қуйидаги рақам ва далилларга алоҳида эътибор қаратди.
 
2012 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 4,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги 7,3 фоизга, чакана савдо 19,7 фоизга, қурилиш ишлари 12 фоизга, пуллик хизматлар 18,6 фоизга ўсганини таъкидлади. Жорий йилда ҳам бундай ўсиш суръатлари давом этмоқда.
 
Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши 39 фоизни ташкил қилади. Мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг қарийб 11 фоизи Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқарилмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
 
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда дон ва пахтанинг энг катта қисмини – 12 фоиздан зиёдини айнан Қашқадарё вилояти етказиб бермоқда.
 
Президентимиз вилоятда эришилган ютуқларни қайд этиш билан бирга йўл қўйилган айрим камчилик ва нуқсонлар, мавжуд муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
 
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
 
Т.Жўраев Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири вазифасида ишлаб келаётган Зафар Рўзиев Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
 
Сессияда сўзга чиққан Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежи директори Исломиддин Аброров, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев, Китоб тумани ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори Муниса Суюнова, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов, Нишон туманидаги “Майна Қурбонова” фермер хўжалиги раҳбари Майна Қурбонова, Қарши давлат университети талабаси Мафтуна Нодирова ва бошқалар Президентимиз нутқида баён этилган танқидий фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, кўрсатиб ўтилган камчилик-нуқсонларни бартараф этиш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни муваффақиятли адо этиш, ислоҳотларимиз самарасини ошириш учун бутун Қашқадарё аҳли астойдил меҳнат қилади ва кўзланган марраларга албатта эришади, деб таъкидладилар.
 
* * *
 
Президентимиз Ислом Каримов шу куни Касби туманидаги “Шоназар ота Авазмуродов” фермер хўжалиги далаларида фермерлар билан мулоқотда бўлди.
 
Сирожиддин Шоназаров раҳбарлик қилаётган мазкур фермер хўжалиги бу йил 35,7 гектар майдонда пахта етиштирди. Давлатга пахта ва ғалла сотиш шартнома мажбуриятларини мунтазам бажариб келаётган ушбу хўжаликда ҳосилдорлик йилдан-йилга ошиб бормоқда.
 
– Бу йил пахтадан мўл ҳосил етиштирилди, – деди Юртбошимиз. – Бу соҳада эришаётган муваффақиятларимизни чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, авваламбор, ерни ҳақиқий эгаларига топширганимиз, фермерларимизда эгалик ҳисси шакллангани, агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилаётгани, деҳқонларимизга унумли меҳнат қилиши учун яратилаётган кенг шарт-шароит ва имкониятлар бугунги ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари пахтачиликда ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитига мос серҳосил, сифатли тола берадиган янги навларни яратиш масаласига алоҳида тўхталди.
 
Пахтанинг хусусиятлари, сифат кўрсаткичлари жуда кўп, деди Президентимиз. Ҳосилдорлигининг юқорилиги, зараркунандаларга чидамлилиги, толасининг узунлиги, пишиқлиги ва текислиги шулар жумласидандир. Пахта етиштиришда, авваламбор, нав танлашда ана шу талаблардан келиб чиқиб иш тутиш зарур. Бугун сифатли пахта етиштиришдан аввало фермерларнинг ўзи манфаатдор. Улар қанча сифатли пахта тайёрласа, шунча кўп даромад топади.
 
Бугун фермерлик ҳаракати ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Фермер қишлоқ хўжалигининг ва ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларини ривожлантириши, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини йўлга қўйиши, ҳудудларимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига, аҳоли фаровонлигини оширишга, одамларни, биринчи навбатда, ёшларни иш билан таъминлашга фаол ҳисса қўшиши лозим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
 
Фермерлар билан мулоқот чоғида одамларимизнинг яшаш тарзи, онгу тафаккури, талаб ва эҳтиёжлари ўзгараётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз янада чирой очиб бораётгани таъкидланди. Айниқса, ёшларимиз ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, дадил интилаётгани, барча соҳаларда катта ютуқларга эришаётгани халқимиз қалбини ғурурга тўлдираётгани қайд этилди.
 
ЎзА
Шархлар
Реклама