Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 19 июнь куни Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюрди
20 июн 2013, 14:29 3800 кўрилди

altДавлатимиз раҳбари вилоятга сафарини “Жиззах пластекс” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси билан танишишдан бошлади.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу фабрика мамлакатимизда енгил саноатни изчил тараққий эттириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг яна бир амалий натижасидир, деди Ислом Каримов. Собиқ тузум даврида пахта хомашёси минг азоб ва қийинчиликлар билан етиштирилса-да, уни юртимизда қайта ишлаш масаласига эътибор берилмаган. Аксинча бошқа ўлкаларга ташиб кетилган. Мустақилликка эришганимиздан кейин пахтани ўзимизда қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратдик. Агар мустақиллигимизнинг илк йилларида пахта толасининг 10-12 фоизи мамлакатимизда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошди.

Давлатимиз раҳбари енгил саноатни ривожлантириш орқали пахта толасини қайта ишлаш кўрсаткичларини мунтазам равишда кенгайтириш масаласининг аҳамиятига атрофлича тўхталди. Бу қўшимча даромад топишнинг самарали манбаи, аҳолини иш билан таъминлашдек долзарб масалани ҳал қилишнинг муҳим воситаси эканини алоҳида қайд этди.

Ислом Каримов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, юксак сифатли пахта хомашёси етиштириладиган Жиззах вилоятида толани қайта ишлайдиган ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни кўпроқ ташкил қилиш, бундай корхоналарда ҳаётга катта умидлар билан кириб келаётган ёшларимиз бандлигини таъминлаш ғоят муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлашда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозимлигини таъкидлади. Шаҳарда айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистраль йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

– Пойтахтимиз Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз тажрибасидан келиб чиқиб, Жиззах шаҳрининг маданий марказини яратишимиз лозим, – деди Ислом Каримов. – Бундай марказ авваламбор аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, ҳаётдан завқ олиб яшашига хизмат қилади. Шаҳарда каштан, эман, япон сафораси каби ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилган хиёбонлар ва яшил ҳудудларни барпо этиш ҳам муҳим вазифалардан. Бундай кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари одамларимизнинг дунёқарашини ўзгартиришда, уларнинг янги-янги марралар сари интилиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.

Юртбошимиз Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар ва вилоят фаоллари билан суҳбатлашди.

Шу кунларда Жиззах вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Жиззахлик фермерлар 312 минг 460 тонна дон етиштиришни режалаштиришган.

Ислом Каримов фермернинг мулкдор сифатида ўз оиласи, маҳалласи, қишлоғидаги ҳаёт тарзи янада фаровонлашиши, юртнинг бундан ҳам обод бўлишидаги иштироки муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Ҳозирги давр фермерлари нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, селекционер, бизнесмен ҳам бўлиши даркор. Бошқача айтганда, бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, хусусан, ёшларимизга ҳар томонлама ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишда фаол бўлиши зарур, – деди Президентимиз. – Бунинг учун етиштирилган маҳсулотни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш, жойларда кичик корхоналар ташкил этиш керак.

Мамлакатимиз раҳбари “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш юзасидан қабул қилинган фармон ва мазкур ҳужжат ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар халқимиз фаровонлигини янада оширишга қаратилганини, хорижий сармоядорлар билан амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар иқтисодиётимизни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда янги имкониятлар яратишини қайд этди.

Президентимиз Ислом Каримов шу куни Сирдарё вилоятига келди.

Ислом Каримов Оқолтин туманидаги “Авазбек Умаров” фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашди.

Ғаллачилик ва пахтачиликда муҳим бўлган кунларда деҳқонларимизга ҳорманг, дейиш, уларга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди давлатимиз раҳбари. Сиз каби инсонларнинг фидойилиги билан мамлакатимиз улкан ютуқларга эришмоқда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир шароитда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил этмоқда. Бундай барқарор ривожланишнинг асосий омили мустақилликнинг биринчи кунларидан “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган қоидани асос қилиб олганимиз, юртимизнинг юксак иқтисодий-ижтимоий салоҳиятидан оқилона фойдаланаётганимиз, ўзимиз белгилаб олган тараққиёт йўли – ўзбек моделини тадрижий амалга ошираётганимиздир.

Бугун халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тамомила ўзгарган. Одамларнинг, айниқса, ёшларимизнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти катта эканини алоҳида таъкидлади.

Бугун фермерлар – мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир, деди Юртбошимиз. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини ва Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини яққол кўрсатди.

Шархлар
Реклама