Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраисини қабул қилди
01 ноябр 2013, 13:53 1049 кўрилди

altУчрашувда давлатимиз раҳбари стратегик ҳамкорлик, дўстлик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Хитой муносабатлари бугунги кунда ҳамкорликнинг барча йўналишларида изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифлари давомида ўзаро муносабатлар юксак даражага кўтарилганлиги яна бир бор яққол намоён бўлди. Ушбу ташрифлар якуни бўйича умумий қиймати 20 миллиард доллардан зиёд бўлган 50 қўшма лойиҳа бўйича шартнома ва битимлар имзоланди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларни амалга ошириш, икки давлат раҳбарлари эътиборида бўлган ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш эканлиги учрашувда алоҳида таъкидланди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ривожланиб, кейинги икки йилда қарийб икки баробар ошди. Ўзбекистон Хитой бозорига пахта толаси, минерал ўғитлар, табиий газ, рангли металлар ва бошқа стратегик товарлар етказиб бермоқда. Шу билан бирга, Нохомашё ва юқори технологиялар соҳалари бўйича ҳамкорлик дастури доирасида ўзаро савдо номенклатураларини янада кенгайтириш ва диверсификациялаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Энергетика соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири. Йирик минтақавий лойиҳани амалга ошириш – Ўзбекистон-Хитой газ қувурини барпо этиш бунинг ёрқин мисолидир. Бугунги кунда ушбу газ қувурининг дастлабки икки тармоғи фойдаланишга топширилган ва муваффақиятли ишламоқда. Келгуси йилда газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини якунлаш ва тўртинчи тармоқ қурилиши лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланган.

Сармоявий ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда Хитой –Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик инвесторларидан бири бўлиб, ўзлаштирилган Хитой инвестицияси ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги 488 корхона фаолият кўрсатмоқда, мамлакатимизда Хитойнинг йирик компаниялари ваколатхоналари очилган.

Хитой компаниялари истиқболли нефть-газ конларида қидирув ишлари олиб бориш, энг муҳим инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбати, Деҳқонобод калий ўғитлари заводининг иккинчи босқичи ва бошқа йирик иншоотлар қурилишида иштирок этмоқда. Хитой томони янги йирик лойиҳалар, хусусан, Муборак газ-кимё комплекси, “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамиятида ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилишида, шунингдек, 150 МВт қувватга эга Ангрен ИЭСнинг янги энергоблоки ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишда фаол қатнашмоқда.
Жорий йилда ташкил этилган “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида хитойлик сармоядорлар учун қулай шароит ва преференциялар яратилгани уни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда “Жиззах” махсус индустриал зонасида мобиль телефонлар, замонавий қурилиш материаллари ва бошқа юқори технологик маҳсулотлар, шу жумладан, экспорт учун ишлаб чиқариш бошланган. Хитой компаниялари ХХРдан 30 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этган ҳолда янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш тўғрисидаги 14 битимни амалга ошира бошлади.

Қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни молиявий, жумладан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки орқали қўллаб-қувватлаш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ва унинг таркибидаги еттита қўмиталарнинг мажлисларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, маданий-гуманитар ва илмий-техникавий ҳамкорлик, шунингдек, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм ҳамда молиявий соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Оқсаройдаги учрашув чоғида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мэн Цзяньчжу Президентимиз Ислом Каримовга самимий қабул ҳамда икки мамлакат ўртасида ривожланиб бораётган ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди.

ЎзА

Шархлар
Реклама