Ўзбекистон ғаллакорларига
16 июл 2013, 17:38 1017 кўрилди

altБугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи бор мана шундай мисли кўрилмаган натижага эришиб, кўпчилик вилоят ва туманларда, фермер хўжаликларида ҳосилдорликни юксак даражага етказганимиз фидойи деҳқон ва фермерларимиз қандай буюк ишларга қодир эканини намоён этиб, бутун халқимизнинг кайфияти ва руҳини кўтарди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Халқимизга мансуб бўлган азалий қадриятга кўра, нонни азиз ва табаррук неъмат сифатида қадрлаб, эъзозлаб, уни доимо кўзига тўтиё қилиб яшайдиган эл-юртимиз бу ютуқ қандай оғир ва машаққатли меҳнатингиз, азму шижоатингиз эвазига қўлга киритилганини яхши билади ва юксак баҳолайди.

Ҳақиқатан ҳам, бу йилги мавсумда ўртача ҳосилдорликни 55 центнерга етказганингиз, ўтган йилга нисбатан қарийб 500 минг тонна кўп ғалла олишга эришганингиз ҳар қанча таҳсин ва тасанноларга муносибдир.

Азиз дўстларим, қадрдонларим!

Жорий йилда барпо этилган улкан ғалла хирмонини 90-йилларда мамлакатимизда шу борада мавжуд бўлган ҳолат билан қиёслаб, солиштирадиган бўлсак, бизнинг тарихан қисқа даврда тасаввур қилишнинг ўзи ҳам қийин бўлган буюк йўлни босиб ўтганимиз, бу ғалабанинг нақадар юксак, юртимиз учун нақадар қадрли экани яна ва яна бир бор аён бўлади.

1991 йилда, Ўзбекистон энди мустақилликка эришган кунларда ўлкамизда жами 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик бор-йўғи 17 центнерни ташкил этганини, республикамиз дон ва ун таъминоти бўйича бутунлай Марказга қарам бўлиб кун кечирганини ўзимизга фараз қилсак, ўтган йиллар мобайнида ғалла мустақиллигини қўлга киритганимиз, ҳосилдорлик 3 каррадан кўпроқ ошгани, умумий ҳосил 7 баробардан зиёд кўпайгани, ҳозирги вақтда нафақат ўз эҳтиёжимизни таъминлаш, айни пайтда хорижий давлатларга дон экспорт қилишга эришганимиз бизнинг қандай юксак марраларни забт этганимиздан яққол далолат беради ва ўзгаларнинг ҳайратини тортади.

Албатта, қўлга киритилган бундай улкан натижаларнинг асосий омил ва мезонлари нималардан иборат, деган табиий савол туғилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бизнинг бугунги кунда дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган, ривожланишнинг “ўзбек модели” деб ном олган тараққиёт йўлини, демократлаштириш ва янгиланиш йўлини танлаганимиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш мақсадида чуқур ўйланган, кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни аввало иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалигидан бошлаганимиз мана шундай ютуқларимизнинг негизини ташкил этмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўзини оқламаган эски тизимнинг ўзаги бўлган мулкчилик шаклларидан воз кечиб, бозор муносабатлари ва хусусий мулкчиликни жорий этганимиз қишлоқ хўжалигида мутлақо янги ишлаб чиқариш муносабатларини ривож топтиришда, энг муҳими, қишлоқ аҳлининг бутунлай янгича фикрлаш, ўз меҳнатига янгича қарашини шакллантиришда энг асосий ва муҳим омил бўлди.

Шу борада фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берганимиз, уни мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш учун ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий замин яратиб берганимиз, бу ҳаракатни ҳар томонлама рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаганимиз бугунги кунда унинг қишлоқ хўжалигида чиндан ҳам ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқишида, деҳқон ўзини ҳақиқий ер эгаси, мулк соҳиби деб ҳис қилишида, фермерларни, таъбир жоиз бўлса, жамиятимизнинг таянчига айлантиришда беқиёс аҳамият касб этди.

Шу маънода, барчамизни боқадиган, жамики ноз-неъмат ва бойликларнинг бунёдкори бўлмиш деҳқон ва фермерларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳаётга муносабати, сиёсий савияси ва ижтимоий фаоллиги юксалиб бораётгани бугун қўлга киритаётган улкан марраларимизнинг асосий шарти ва гарови бўлмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Айтиш керакки, бу йилги мавсум ўтган мавсумларга нисбатан осон бўлгани йўқ. Ғаллакорларимиз табиат ва иқлим қийинчиликлари билан боғлиқ турли синовларни енгиб ўтишларига тўғри келди. Қиш фаслида ҳавонинг совуқлик даражаси меъёридан ортиқ бўлгани, март ойида эса ҳароратнинг одатдагидан кўра пасайиб кетгани, дўл ва жалалар ёғиши деҳқонларимиз учун жиддий ташвиш ва муаммолар туғдирди.

Айни шундай мураккаб шароитда дала меҳнаткашлари аввало ишни тўғри ташкил қилиш, замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш ҳисобидан ҳосилни сақлаб қолишга ва белгиланган марраларни эгаллашга муваффақ бўлдилар.

Бу ҳақда гапирганда, мавсум давомида ғаллазорларга жами 12 миллион тонна, ҳар гектар майдонга ўртача 10 тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилгани, деҳқонларимизнинг ҳар туп кўчат устида парвона бўлиб, ўзини аямасдан меҳнат қилганини миннатдорлик билан таъкидлаш лозим.

Албатта, мана шундай юксак хирмон яратишга эришганимизнинг омиллари ҳақида сўз юритганда, охирги йилларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, селекция ишларини тўғри йўлга қўйиш, ғалла навларини ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитини, сув билан таъминланиш даражасини инобатга олган ҳолда жойлаштириш, замонавий техника, янги комбайнлар, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида етказиб бериш, ҳашорат ва зараркунандаларга қарши курашиш – албатта, буларнинг барчаси амалий самарасини берганини унутмаслигимиз керак.

Ишнинг кўзини билиб амалга оширилган ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли барча вилоят, жумладан, нисбатан оғир шароитда бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ғаллакорлари ҳам давлатга дон сотиш шартнома мажбуриятини бажаришга эришдилар. Айниқса, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида суғориладиган ерларда ҳосилдорлик ўртача 57-63 центнерни ташкил қилганини бу йилги мавсумнинг энг муҳим натижаси сифатида баҳолаш ўринлидир.

Бошқаларга ибрат ва намуна бўлган Учқўрғон, Норин, Уйчи, Сариосиё, Вобкент, Яккабоғ, Қарши, Олтинкўл, Иштихон, Пахтаобод, Избоскан, Балиқчи, Оқдарё, Учкўприк, Косон, Дўстлик, Ромитан, Тошлоқ, Фурқат, Пискент, Юқоричирчиқ, Хатирчи туманларида ҳосилдорлик 60-75 центнердан ошганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил”, “Шакар ота”, Учкўприк туманидаги “Фаровон ҳаёт сари”, Норин туманидаги “Аҳмаджон Алижон ота ўғли”, Учқўрғон туманидаги “Гулхумор”, Бувайда туманидаги “Ёқубжон ота”, Олтинкўл туманидаги “Намуна серҳосил ери”, Жондор туманидаги “Бахтиёр Яраш ўғли”, Дўстлик туманидаги “Омонтурди ота”, Хатирчи туманидаги “Тасмачи иқболи”, Ўртачирчиқ туманидаги “Иброҳим Абдураҳмонов” каби ўнлаб фермер хўжаликларида гектаридан 100 центнер ва ундан ошириб ҳосил олингани юртимиз деҳқонларининг ҳақиқий омилкорлик фазилатлари ва меҳнат жасоратининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Энг асосийси, етиштирилган жами ҳосилнинг қарийб 50 фоизи ёки 3 миллион 524 минг тоннаси фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилганини деҳқонларнинг омборлари донга, рўзғорлари қут-баракага тўлиб бораётгани, улар ўз меҳнатидан катта манфаат кўраётганининг ёрқин далили сифатида қабул қиламиз.
Қадрли ва муҳтарам дўстларим!

Ишончим комил – бугунги қувончли айёмда сиз, азиз ғаллакорларимиз, деҳқон ва фермерларимиз эришган бу улкан ғалаба Ўзбекистонимизда каттаю кичик барчани, касбу кори, вазифасидан қатъи назар, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Бугун эл-юртимизнинг тилида ва дилида сизларнинг шаънингизга бағишлаб, “Баракалла, барчамизни қойил қолдирдингиз, ҳеч қачон кам бўлманг!” деб айтиладиган ҳис-туйғулар, эзгу тилаклар мужассам, десам, ўйлайманки, янглишмаган бўламан.

Мана шундай хурсандчилик кунда сиз, миришкор деҳқон ва фермерларни, механизатор ва комбайнчиларни, қишлоқ хўжалиги мутахассисларини, юксак хирмонга муносиб ҳисса қўшган барча-барча юртдошларимизни бағримга босиб, яна бир бор самимий табриклайман.

Фидокорона ва ҳалол меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан таъзим қиламан.

Доимо соғ-омон бўлинг, азизларим, қадрдонларим!

Гўзал ва бетакрор, муқаддас Ватанимизни, заҳматкаш ва олижаноб халқимизни Яратганимиз доимо ўз паноҳида асрасин!

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манбаа: ЎзА

Шархлар
Реклама