ЕХҲТ махсус вакили Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан учрашди
19 ноябр 2013, 12:16 2401 кўрилди

alt

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси раиси - Бош прокурор Р.Х.Қодиров юртимизга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича махсус вакили Мария Грация Джиаммаринарони қабул қилди.

Учрашувда ЕХҲ ташкилотининг Ўзбекистондаги дастурлар координатори-элчи Дьерд Сабо, ЕХҲТнинг ташкилий масалалар бўйича вакили Мюриель Эвигнот ва жамоатчилик билан ишловчи вакили Альфред Купперслар, шунингдек Бош прокуратуранинг тегишли тармоқ раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан Ўзбекистоннинг давлат идоралари томонидан ўзаро ҳамкорлик дастурлари асосида амалга оширилаётган ишлар одам савдосига қарши курашиш бўйича ўзини самарали натижаларини бериб келинаётганлиги таъкидланди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссия ишчи гуруҳини ва Олий ўқув курсларининг ресурс марказини керакли ускуналар билан таъминланиши комиссия ишини бир мунча мустаҳкамланишига имкон яратиб берди.

Ўзбекистоннинг бу борада амалга оширилаётган ишларига юқори баҳо берган ҳолда, М.Г.Джиаммаринаро хоним Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бу борада амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларга ўзининг ёрдамини аямаслигини билдириб, дўстона руҳда ўтган қабул учун миннатдорчилик изҳор этди.

Икки томонлама ҳуқуқий ҳамкорликни мустаҳкамланишига катта хисса қўшган бу учрашув якунида ҳар иккала томон ҳам ўзларининг мамнуниятларини билдириб ўтишди.

Бош прокуратурада бўлиб ўтган қабулдан сўнг, М.Г.Джиаммаринаро Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказига ташриф буюрди. Реабилитация марказида одам савдосидан жабрланганларга кўрсатилаётган барча турдаги хизматлар ва яратилган шароитлар билан танишиб, М.Г.Джиаммаринаро бу борадаги ишларга юқори баҳо берди.

Шулар билан бир қаторда, ЕХҲТ делегацияси Самарқанд вилоятининг одам савдосига қарши курашиш идоралараро комиссиянинг иш фаолияти билан ҳам танишди.

 

 

Шархлар
Реклама