Афғонистон Президенти Тошкентга келди
04 декабр 2017, 21:17 871 кўрилди

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг Афғонистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ва долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан, шунингдек, Бухоро шаҳрини зиёрат қилиш ҳам ўрин олган. Олий мартабали меҳмон Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда улар ҳузурида маъруза қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама