2018 йилгача Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида йўл ҳақини пластик карточка орқали тўлаш тизими жорий этилади
12 янвuary 2017, 10:27 1373 кўрилди

alt

2017-2021 йилларда 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240 тасини (79,2 фоизи) шаҳар атрофида ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновларда очилади. Бу ҳақда Президентининг "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда, асосан автобуслар етишмаслиги туфайли қатнов тўхтатилган йўналишлар тикланади. 

Ҳужжатга кўра, келгуси 5 йилда 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланишга қулай микроавтобус сотиб олинади. 

2018 йилнинг 1 июль санасига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида шаҳар йўловчилар транспортида йўл ҳақини банк пластик карточкасида нақд пулсиз тўлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган. 

Келгуси 5 йил мобайнида Дастурни молиялаштиришга 840 миллиард сўмдан зиёд, асосан “Ўзавтосаноат-лизинг” ва бошқа лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг ўз маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар йўналтирилади. 

Қарорда лизинг компаниялари ва ташувчиларнинг ўзлари янги сотиб оладиган микроавтобуслар учун Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғим тўловидан озод қилиниши назарда тутилган.

Четдан келтириладиган ва республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, автобуслар ва микроавтобусларнинг ишини онлайн режимида (GPS) мунтазам тарзда масофадан кузатиб боришни, шунингдек, йўлкирани нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш учун мўлжалланган барча материаллар, асбоб-ускуналар, деталлар божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилиниши ҳам назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, юридик шахслар шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобусларда йўловчилар ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинади. 

Дастурнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борадиган ишчи гуруҳитомонидан ёқилғи қиймати ва бошқа иқтисодий шарт-шароитлар ўзгарган тақдирда йўлкира тарифлари ўз вақтида қайта кўриб чиқилишини назорат қилиш вазифаси ҳам топширилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама