2018 йилдан заргарлик буюмларига акциз солиғи бекор қилинади
11 август 2017, 17:52 1141 кўрилди

alt

Президент 10 август куни “Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2017 йил 1 октябрь кунидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қимматбаҳо металлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бекор қилинмоқда.

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни қуйидаги схема бўйича олади:

- ваколатли тижорат банкларига Марказий банк томонидан тасдиқланадиган шакллар бўйича заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқарувчининг қимматбаҳо металларга бўлган эҳтиёжини кўзда тутадиган буюртмалар юборилади;

- ваколатли тижорат банклари ишлаб чиқарувчиларнинг заргарлик буюмларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, Марказий банкка зарур ҳажмларда қимматбаҳо металларни ажратиш тўғрисидаги буюртмани юборади;

- Марказий банк ваколатли тижорат банклари буюртмаларига асосан  пластина кўринишидаги вазни 100 граммдан бошланадиган қимматбаҳо металларни миллий валютага тўлиқ олдиндан тўлов шартларида Лондон қимматли металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархидан келиб чиқиб ажратади (қимматбаҳо металларнинг соф оғирлигига қайта ҳисоблаб);

- ваколатли тижорат банклари заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга  қимматбаҳо металларни қайта сотиш ҳуқуқисиз, 1%дан кўп бўлмаган миқдорда маржа ундирган ҳолда сотади.

2020 йил 1 январгача:

- тижорат банклари Президентнинг 10.08.2017 йилдаги ПҚ-3199-сон қарорига мувофиқ қимматбаҳо металларни сотиш борасида ҚҚС ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди;

- заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар заргарлик буюмларини сотишда, жумладан экспортга сотишда бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш ва модернизация қилишга, шунингдек айланма маблағларини тўлдиришга  мақсадли йўналтирган ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС тўламайди.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан:

- чакана савдо тармоғида сотиладиган заргарлик буюмларига акциз солиғи;

- устав фондида (капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар томонидан амалга ошириладиган ва “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштириладиган аффинланган қимматбаҳо металларни қайта ишлаш жараёни техник-иқтисодий асосларини Ташқи савдо вазирлиги билан келишиш бекор қилинди.

2017 йил 1 октябргача бўлган муддатда Марказий банк республика ҳудудларида белгиланган тартибда заргарлик буюмларининг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалашни амалга оширадиган Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг филиаллари ташкил этилишини таъминлайди.

«1-Заргарлик корхонаси» давлат корхонасининг Тошкент шаҳар, Заргарлик кўчаси, 46Б-уй манзилидаги мулкий комплекси замонавий заргарлик ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун “Асака” акционерлик-тижорат банкига ўтказилади (2018 йил охиригача фойдаланишга топширилади), деб ёзади "Норма".

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама