Нега аҳоли долларни конверсион карталарга харид қилишни ҳозирча истамаяпти?
14 сентябр 2017, 16:37 2341 кўрилди

alt

Марказий банк сўмни «эркин сузиш»га қўйиб юборганлигига бир ҳафта бўлди ва валюта конвертацияси юридик шахслар учун ҳам, жисмоний шахслар учун ҳам ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда. Валютани харид қилиш ёки сотиш бўйича юридик шахслар томонидан ҳозирча ҳеч қандай муаммоли масалалар юзага келмаяпти.

Конвертация «очилганлиги»нинг биринчи кунлари аҳоли томонидан ажиотаж кузатилган ва алмашув пунктларида валюта сотиш бўйича навбатлар юзага келган бўлса, ҳозир валюта васвасаси йўққа чиқди. Тижорат банкларининг маълум қилишича, расмий алмашув курслари очилган биринчи кун билан таққослаганда жисмоний шахсларнинг валюта харид қилиш ҳажми бир неча маротаба пасайиб кетган — бунга операцион кунлар ва иш режимининг узайтирилиши ҳам ижобий таъсир кўрсатмаган.

Аҳоли томонидан чет эл валютаси сотиб олиш ҳажмининг пасайиши — эҳтимол нормал ҳолатдир. Бироқ тижорат банкларида 8 000 сўмдан бўлгани ҳолда «қора» бозорда нақд доллар 8 050 сўмдан ортиққа харид қилинаётганлиги факти сергаклантиради. Шу тариқа, «қора» бозор валюта сиёсатининг ўзгаришига жавоб қайтарди, тижорат банклари эса реал конюнктурадан ортда қола бошлади. Янги 50 минглик купюра эффекти массани ҳал қилишга ортиқ таъсир кўрсатмаяпти. Эҳтимол нақд долларни алмаштириш бўйича транзакция ва муомаланинг маълум бир қисми яна «қора» бозорга қайтгандир? Ўйланишга арзийди.

Айни пайтда, қайта-қайта тушунтиришлар, жумладан Марказий банк тушунтиришларига қарамасдан, жисмоний шахслар биринчи навбатда валютанинг фақат конверсион карталар орқали сотилаётганидан шикоят қилмоқда. Четдан қараганда, бу ёш болалар инжиқлигидек кўриниши мумкин, бироқ ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда, улар қисман ҳақ эканлигини кўриш мумкин.

Конверсион карталар ёрдамида валюта харид қилиш таннархи калкульяцияси

alt

Агар мижоз — жисмоний шахс конверсион картага 200 доллар харид қилса, улар унга суғурта депозитини ҳисобга олганда 1 доллари 9 175,99 сўмдан, суғурта депозити ҳисобга олинмаганда эса 1 доллари 10 201,98 сўмдан тушади. Харид суммасининг ошиб бориши билан доллар курсининг «соф таннархи» аста-секин пасайиб боради. Масалан, конверсион операция ҳажми 1000 долларни ташкил қилса, мижоз бир доллар учун суғурта депозитини ҳисобга олганда 8 419,93 сўм ёки суғурта депозитини ҳисобга олмаганда бир доллар учун 8 449,93 сўм тўлайди.

Шу билан бир пайтда «қора» бозордаги сотувчилар валютани ўртача 8 200 сўм курс бўйича сотмоқда. Натижа равшан.

Нима қилиш керак?

Ҳеч қандай ҳолатда баъзилар тавсия қилаётгандек тижорат банкларининг комиссион тўловларини пасайтириш ёки хизматни текин қилиб қўйиш керак эмас — буни бозор ҳал қилиши лозим. Тижорат банки даромад қилмаса, тижоратлаштириш, у билан бирга рағбат ҳам ўлади.

Биринчидан, талаб ва таклифга қараб тижорат банкларида валюта сотиш ва харид қилиш ўртасидаги фарқни пасайтириш зарур. Валюта хавфини банкларнинг ўзи бошқариши лозим, президентнинг 2 сентябрь кунги фармони уларга ана шундай ҳуқуқни беради. Яъни банклар бозор амалиётига қараб харид қилиш ва сотиш курсларини тезкор ўзгартириб бориши лозим. Масалан, бугун жисмоний шахслардан валюта сотиб олиш курси «қора» бозордагидан бир неча ўн сўмга арзон. Шундай экан, тижорат банкларида жисмоний шахсларга валюта сотиш курси (таннархни ҳисобга олганда) «қора» бозорникидан бир неча ўн — эҳтимол юз сўмга баландроқ.

Иккинчидан, жисмоний шахслар бирор бир банкнинг конвертацион картасига эга бўлса, уларга исталган банкда валютани ушбу карталарга ўтказиш йўли билан харид қилиш имкониятини бериш керак. Бу валюта харид қилувчиларнинг транзакцион харажатларини камайтиради.

Ва ниҳоят, учинчидан, конверсион карталар орқали онлайн-харидларни амалга ошириш ва валютани чет элдаги жисмоний шахслар номига ўтказишга рухсат бериш керак. Биринчи навбатда, фарзандларининг таълим олишига қонуний йўл билан пул ўтказишни истовчиларга.

Александр Давлетов

Муаллиф фикри таҳририятникидан фарқ қилиши мумкин

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Ulugbek
  21 сентябр 2017, 23:42
Narxlar ko'tarilib ketdi. Hamma narsa qimmat
Мехмон
  17 сентябр 2017, 09:19
Фарзандлари укиш контракт пулини валютада тулайдиганлар
Сум олиб бориб банкларнинг исталганига топширинг конверсион картага 10 000 $ гача
хеч бир чеклов, тусиксиз, монеликсиз тушириб беришади.
Бюрократияга дуч келмайсиз ...
Муаммо булса изох колдиринг.
Мехмон
  16 сентябр 2017, 11:59
"Ва ниҳоят, учинчидан, конверсион карталар орқали онлайн-харидларни амалга ошириш"- мана шу ишни тезроқ амалга ошириб, ахоли ўртасида кенг тарғиб қилиш керак. Бунга қўшимча тарзда фрилансерлик фаолиятига, интернет орқали ишлаш ва иш хакини конверсион карталарга туширишга ,хамда исталган пайтда нақдлаштиришга имкон бериш керак.
Мехмон
  16 сентябр 2017, 08:32
Пул айрибошлаш факатгина
Банкларда амалга оширилиши керак.
Кора бозор бор экан пул ислохоти
кутилган самарасини бермайди
ёки вакт чузилиб кетади.
Умуман олганда монопол сиёсат
монополии булиши керак.
Хар кандай альтернатив шакл ва куринишларга бархам берилишлиги керак.
Мехмон
  15 сентябр 2017, 21:13
Нималар хакида гапиряпсизлар?канчадан канча фарзандларимиз укиш учун валюта тополмай кийналаётганда....
Мехмон
  15 сентябр 2017, 14:52
Evropada bolganim uchun bilaman. Ular bankamatlarda plastikdan yoki banklardan hohlagan payt istaganicha milliy puli yoki dolarni ozgartieishi chikarishi mumkin. Hech kanday cheklovlarsiz bemalol pularini ola oladilar. Bizlarga bu tizim endi rivojlanib kirib kelib takomillashmokda deydigan bolsam. Bizning ham nakt pulimiz evaziga nakt olishimizga hakimiz bor deb oylayman. Balki bizlar ham vakti keli rivojlangan mamlakatlar katoridan bu yanada ustunrok va yorkinrok sharoitlar ozgarishlar tufayli yanada yuqorirok orinlarni egallaymiz degan umiddamiz
Мехмон
  14 сентябр 2017, 21:35
Сабаб: накд бердим, накд оламан.
Сабаб:куриниш узгардими, шубха
ортади.
Молиявий тизимларимиз кора бозор мененжерлари билан куринмас тарзда инок ёки улардан
нунокрок.
Кора бозор стратегиясини тактик
амалга оширади.
Молиячиларимиз эса тактикасини
стратегик амалга оширади.
Кора бозор " АЙКИДО" реакциясига эга ва шу услубга хос
фаолият олиб боради.
Кора бозор одамлар орасида(!)
демакки , фаолияти реал хаётга хамоханг.
Молиячиларимиз кабинетда, демакки, фаолияти "синтетик".
Конун, банк,солик, пул хаёт билан
хисоблашмас экан.
Ноаник, тушунарсиз холатлар
содир булаверади.
Реклама