Лотинми, кирилл – қай бири маъқул?
25 феврал 2017, 09:29 2853 кўрилди

alt

1993 йил “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон республикасининг Қонуни эълон қилинди. Орадан қарийб 24 йил ўтди, бу орада алифбо бир марта ислоҳ қилинди, унга ўтиш муддати бир неча бор чўзилди. Ва биз ҳозирги аҳволга етиб келдик.

Ҳозирги аҳволимиз қандай?

Ҳозир бизда қўшалифбо тизими: ҳам кирилл, ҳам лотин алифбоси тенг қўлланиб келмоқда. Бири иккинчиси билан рақобат қилмайди, зиддиятга бормайди, аммо ҳеч бири ўз ўрнини бошқасига бўшатиб бергиси йўқ. Тинчгина қўшнилик қилиб яшаб юришибди. Бу яхшими? Албатта, яхши эмас. Бу катта тарихий хато, акс-садоси, таъсири авлодларга, олис келажакка етиб борадиган хато. Бундай қарасак, алифбо алмаштириш биз учун янгилик эмас. Ҳатто юқорида тилга олинган Қонунда ҳам “...ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб...” деган жойи бор. Фақат амалда бу тажриба камлик қилди. 1929-1940 йилларда араб ёзувида саводи бўлган аҳоли ва бу ёзувда битилган ёзма илмий-адабий мерос билан 1993 йилни ҳеч солиштириб бўлмаслиги ҳисобга олинмаган экан. Бу сафар йўналишни ўзгартириш осон кечмаяпти. Худди табиий, енгил автоуловни тўхтатиш билан катта юк поездини тўхтатиш бир нарса бўлмаганидек: катта уловда инерция узоқроқ давом этади, хавф юқори, талафот ҳам кўп бўлади. Ундай деймиз-у, кирилл алифбосидан воз кечган бошқа постсовет республикаларига қараймиз: туркманлар, озарбайжонлар бирпасда уловни жиловлаб, бўйсундириб, ўз йўлларига солиб олишди-я. Уларда лотин алифбоси кириллчани сиқиб чиқарганига анча бўлган. Унда гап нимада? Гап ўша уловда кетаётганларда, яъни бизда.

Нега шундай аҳволдамиз?

Чўнтагингизга қўл суқиб миллий валютамизни олинг, ҳа, ўзимизнинг сўмни. Унга қайси алифбода ёзилган? Кириллчада. Лотинлаштириш ҳақидаги қонун 1993 йил қабул қилинди, сўм эса 1994 йилдан истифода этила бошлади. Ундан кейин неча марта янги купюралар муомалага киритилди, бари кирилл алифбосида. Биз эса буни сезмаймиз ҳам. Газета-журналлар номи, сарлавҳалари лотинча, мақолаларнинг ўз эса кириллча. Кўчалардаги жой номлари, муассасалар, корхоналар, дўконлар, дорихоналар... хуллас, кўзга кўринган пешёзувларнинг ҳаммасида лотин алифбосидан фойдаланилгани ҳолда, уларда иш юритиш кириллчада. Ҳа, биз қонуннинг ижросига дарҳол киришмай, кўп вақтни бой бердик. Тўғри, қонунда “Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини жорий этиш билан бирга Ўзбекистон халқининг миллий ифтихори бўлмиш бебаҳо маънавий мерос битилган араб алифбосини ва кириллицани ўрганиш ва улардан фойдаланиш учун зарур шароитлар сақлаб қолинади” дейилган (2-модда). Аммо кирилл алифбоси бу “қуш ҳуқуқи”ни суистеъмол қилиб юборди. Биз бу кетмас меҳмонга ҳамон тавозе кўрсатиб келяпмиз.

Ўзимизни танқид қилганимиз яхши, лекин бу муаммонинг бир жиҳати, холос. Объектив сабаблар ҳам бор. Биз истамаяпмиз, кирилл кетмаяпти, бу рост. Аммо нега истамаяпмиз? Бу савол жиддий масалалар устида бош қотиришга олиб келади.

Мен муҳаррирман, қарийб 18 йилдан бери шу соҳада фаолият юритаман. Ҳозирда техник ва гуманитар мавзуларда китоблар чиқарадиган нашриётда бош муҳаррир лавозимида ишлайман. Янги алифбонинг барча қулайлигу ноқулайликларига ҳар куни дуч келман. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, лотинлаштиришнинг муваффақиятсизлигига икки асосий сабаб бор.

1-сабаб. Амалдаги лотин алифбоси кўп ноқулайликларга эга.

Биринчи ноқулайлик o‘ ва g‘ ҳарфлари. Бу ҳарфларни клавиатурада алоҳида тугмачаларга боғлаб қўйишнинг имкони йўқ. Қолаверса, ‘ белгиси тутуқ белгиси ’ билан шаклан ўхшаш. Уларни ифодалаш учун биз клавиатурадаги бир неча (бирваракайига 5 та!) тугмалар комбинациясидан фойдаланамиз ёки матнни териб бўлгач o‘ ва g‘ ҳарфларини “автозамена” функцияси орқали умумий алмаштирамиз. Бу масаланинг техник жиҳати. Амалда эса, масалан, «to‘g‘ri» сўзида икки қўшимча белгидан бири тушиб қолиши кўп учрайди (ё «to‘gri», ё «tog‘ri») ҳатто саводли ёзилган матнларда ҳам. Матн теришда бу жуда ноқулай ҳарфлардир.

Иккинчи ноқулайлик sh ва ch ҳарфларига боғлиқ: бу ҳарфлар инглиз ёки бошқа тиллар учун балки қулайдир (чунки уларда сўзлар аксари қисқа, sh, ch ҳарфларининг бир сўзда икки марта ишлатилиши ёки ўзакка шу ҳарфлар иштирокида қўшимча қўшилиши учрамайди), аммо ўзбек тилида бу ҳарфлар ноқулайлик келтириб чиқармоқда. Масалан, qashshoq, cho‘chish, shishish, pashsha, ishchi, uchrashish каби шу ундошлар бир неча марта иштирок этган сўзлар ёзишга ҳам, ўқишга ҳам ноқулай, улар чўзилиб кетяпти (лотин алифбосидаги матнлар кириллчага қараганда 15 фоизгача катталашиб кетади), шу сабабли амалда бу ҳарфларнинг w, 6, 4 кабилар билан алмаштирилиши кузатилмоқда. Қатордан қаторга кўчирганда эса компьютер икки белгини бир-биридан ажратиб юборади. Бу қўш ҳарфларнинг алифбога киритилиши (эътибор беринг, инглиз алфавитида улар йўқ, ҳарф бирикмалари сифатида алоҳида ўргатилади) ва алифбода йўқ “с” ҳарфи иштирокида қўш ҳарф ясалиши (ch) эса мантиқсизликдир.

Учинчи ноқулайлик “ц” товушининг ҳозирги лотин алифбосида алоҳида ҳарф билан берилмаганлиги. Биз “ц” ни ўрнига қараб “ts” ёки “s” билан ифодалаймиз. Тўғри, “ц” туркий тиллар учун ёт товуш. Аммо тил тараққиёти натижасида бу товуш иштирокидаги интернацинал сўзлар, терминлар тилимизга кўп кириб келган. Кўпчилик “ц”ни ҳамма ўринда “s” деб талаффуз этиш ва ёзишни таклиф қиляпти. Лекин шундай атамалар борки, “s” билан ёзилганда омоним бўлиб қолади: цанга – sanga, церий – seriy, цоколь – sokol ва ҳоказо. Бу айнан шундай матнларни кўп ёзадиган мутахассислар, абитуриентлар ва талабалар томонидан маъқулланмаяпти.

Тўртинчи ноқулайлик “Е”, “Ё”, “Ю”, “Я” каби “ё”лашган ундошлар (биз уларни ўзаро шундай атаймиз) имлоси билан боғлиқ. Шу пайтгача, масалан, қачон “yu” ва қачон “u” ёзилиши бу ҳарфларнинг келган ўрни ва бажарадиган вазифасига боғлиқ деб келинган (Қаранг: Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг янги алифбоси ва имлоси. – Тошкент: Университет, 1999). Лекин бу қараш ушбу ҳарф бирикмаларининг имлосини мураккаблаштириб юборди. Натижада ҳатто имло луғатларида ҳам вариативлик кўпайиб кетди: sentabr – sentyabr, budjet – byujet, rеjissor – rejissyor.

2-сабаб. Кирилл алифбоси чекланмаган, у ҳамма жойда лотинча билан тенг ишлатилиши мумкин. Демак, ундан воз кечмаса ҳам бўлаверади. Шундай экан, ким бошини қотириб янги алифбони ўрганади, унда ўқиш ва ёзишга ўтади.

Нима қилмоқ керак?

Халқ эртакларини эсланг: бош қаҳрамон олдидан уч йўл чиқади – борса келар, борса хатар ва борса келмас. Биз ҳам айни дамда шундай уч йўл қаршисида қолдик:

1. Ҳеч нарсани ўзгартирмаслик

2. Лотин алифбосини ислоҳ қилиш

3. Кириллчага қайтиш

Ҳеч нарсани ўзгартирмаслик тарафдорлари бир хатони тўғирлайман деб бир неча хатога йўл қўйиш мумкинлигидан огоҳлантирадилар. Кечувда отни алмаштирмайдилар деган гап бор. Ҳозир биз алифбони алмаштирадиган бўлсак, яна қанча ҳужжатлар, китоблар, дарслигу қўлланмалар – хуллас, анча нарсаларни ўзгартиришимиз керак. Бу кўп ҳаражат, меҳнатни талаб қилади, айрим чалкашликларга, ҳатто талафотларга олиб келади. Қолаверса, жаҳон ҳамжамияти олдида бебурд бўлиб қолишимиз ҳам мумкин, ахир бу алифбо ва имло борасида сўнгги 100 йил ичида қилинган олтинчи ислоҳот бўлади. Бу гапларда, ҳадикларда жон бор. Лекин ҳозирги аҳволимиз яхшими? Биз бир ботқоқда ўтирибмиз: бадбўй, хунук бўлса-да, ўзимиз кўниккан, илиққина жой. Фақат ботқоқ барибир ботқоқ-да. Алифбомизда ёзиб бўлмайди, у кириллчанинг ўрнини босолмайди, уни сиқиб чиқара олмайди. Бугун биз қилмасак, эртага авлодлар, хуллас, кимдир барибир аҳволни ўзгартириши керак. Муаммолардан қочиб қутулиб бўлмайди, ягона йўл – уларни ҳал қилиш.

Иккинчи йўл – жорий алифбони ислоҳ қилиш. Бу билан алифбо амалда қулайлашади, ундан фойдаланиш истаги ортади. Хўш, қайси жиҳатларини ислоҳ қилиш керак? Матн билан кўп ишлайдиган одам сифатида бу борада қуйидаги таклифларни киритаман:

1. О‘ ва g‘ ҳарфларини бир белги билан ифодалаш

2. Sh ва ch учун алифбода ҳарф бирикмаси эмас, ҳарф ажратиш.

3. Ц товушини “С” ҳарфи билан ифодалаш.

4. “Ёлашган” ундошлар (ё, ю, я) ни ҳар доим “yo”, “yu”, “ya” тарзида қўллаш,

5. Янги имло қоидалари асосида ягона имло луғати тузиш ва фақат шу луғат асосида ишлаш механизмини ишлаб чиқиш. Ўзбек тили ва адабиёти Университети ягона, кўп сўзли имло луғати ҳамда исмлар, жой номлари луғатини тузиб нашрга тавсия этса, республикадаги барча ўқув муассасалари, нашриётлар, таҳририятлар шу луғатлар асосида ишласа мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мана шу ислоҳотлар алифбони қулайлаштириши ва оммалаштириши йўлида катта қадам бўлади. Лекин шунинг ўзи билан иш битмайди. Ҳозирда болаларга, мактаб ўқувчиларга, абитуриентларга, талабаларга мўлжалланган китоблар, дарслик ва қўлланмалар лотин алифбосида, кенг омма учун китоблар эса кирилл алифбосида чиқариляпти. Чунки лотин алифбоси етарлича оммалашмагани, кириллда ўқийдиганлар сони кўплиги сабаб кириллча китобларга талаб юқори, бозор шартларига риоя қилиб ишлайдиган нашриётлар эса китоблари яхши сотилиши учун харидор талабига кўра кириллча китоблар нашр этишади. Агар лотин алифбосида чоп этиладиган китобларга иқтисодий имтиёзлар яратилса ва уларнинг таннархи арзонлашса, кириллча китоблар эса қимматлашса, табиийки, кўпчилик лотин алифбосидаги арзонроқ китобни олади. Натижада бир ўқ билан икки қуён урилади: ноширлар лотин алифбосида китоб чиқаришга рағбатлантирилади, аҳоли ўртасида эса бу алифбони ўрганиш жадаллашади. Бундан ташқари олдимизга аниқ муддат қўйишимиз керак. Олайлик 3 ё 5 йилдан сўнг кирилл алифбосининг қўлланиш доираси чекланса ва бу доира мунтазам торайтириб борилса, албатта, одамларда лотинни ўрганишга рағбат пайдо бўлади. Тўғри, бу жиддий ва инқилобий йўл. Лекин лотинлаштиришни муваффақиятли амалга оширган қардош миллатлар тажрибаси бу усул самарали эканини кўрсатиб турибди.

Кириллга қайтсак-чи?

Буни ҳам кўриб чиқиш керак, назаримда, жуда нотўғри йўл эмас. Муваффақиятсиз лотинлаштириш бу иш аввал бошдан тўғри бўлганмиди деган саволни келтириб чиқариши табиий. Хўш, кирилл алифбосига қайтсак, нима бўлади? Шундай қилсак, биз тарихимизни, улкан илмий ва адабий меросимизни, хусусан, том-том китоблар, архивлардаги газета-журналлар, тарихий ҳужжатларга жо бўлган катта маълумотлар уммонини сақлаб қоламиз. Уларнинг барини лотинчага ўтказиш имконсиз. Яна лотин алифбосини ислоҳ қилиш кетидан рўй бериши мумкин бўлган йўқотишлар, хавфлар ҳам йўққа чиқади. Кириллча анча тажрибадан ўтган, тилимизга мослашган алифбо. Компьютер ва смартфонларда ҳам ўзбек тили учун мослаштирилган кириллча “раскладка”лар ишлаб чиқилган, яъни замонавий технологиялар кириллча-ўзбекчани “танийди”, “ўқийди” ва бу алифбода “ёза олади”. Ҳатто интернет сарҳадларида ҳам кириллча-ўзбекча ўз ўрнини эгаллади, аввалги техник муаммолар кўп жиҳатдан ечимини топди. Биз компьютер технологияларига яқин бўламиз деб алифбомизни лонтинлаштиргунча, технологияларнинг ўзи кириллчамизга яқинлашиб олди. Қолаверса, лотин алифбосини мажбуран сингдиришга уринсак, кўпчилик рус тилида ёзиш ва ўқишга ўтиб кетиш хавфи бор, ахир, ҳозир фарзандини рус мактабларига бериш урфда-ку. Ана шу акс натижани ҳам назарда тутишимиз керак. Бу кириллчанинг бизга берадиган имтиёзлари. Фақат бир муаммо юзага келади: шу пайтгача лотинча ўрганиб келган авлод-чи? У энди саводсизланиб қоладими? Асосли ҳадик. Лекин ёшларни ўргатиш катта авлодни ўргатишдан осонроқ экани ҳам бор гап.

Ўзи нимага лотинга ўтгандик? Мустамлакачиларнинг алифбосида ёзишни истамаганимиз учун. Бироқ энди 90-йилларнинг эҳтироси сўнди-ку. Алифбони сиёсатдан ажратармиз, унга бу қадар катта сиёсий маъно юкламасмиз балки? Ахир, бу ёзув, холос.

Нима бўлганда ҳам, қўшалифболик ҳолатидан чиқиб кетишимиз керак. Бу масала бугун кун тартибида янада долзарб тус олди. Ҳозир аҳвол шундайки, кимдир масъулиятни бўйнига олиб масалани бир ёқлик қилиши керак. Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ишчи гуруҳ тузилди. Бу гуруҳ мавжуд аҳволни ўрганиб, лотин алифбосини ислоҳ қилиш бўйича таклифларни тақдим этиши керак. Айни кунларда гуруҳ иши жадал давом этмоқда, ижтимоий тармоқларда бу масала кенг муҳокамага қўйилган. Лекин бу билан иш битмайди, муҳокамада Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси иштирок этиши керак. Шу сабабли матбуот, босма нашрлар ҳам масалани кенгроқ ёритиши ва аҳоли фикрини ўрганиш бўйича аниқ ишларни амалга оширмоғи зарур.

Шаҳноза Тўрахўжаева,

“Ҳуқуқ ва бурч” журнали

Шархлар
Мехмон
  01 сентябр 2017, 15:53
Кирилл алифбосига кайтиш зарур. Узбек тилининг кирилл алифбоси харфлари узбек тилига жуда мос, битта харф битта товушни англатади (35 харф)
obid
  25 август 2017, 16:07
Judayam yaxshi tashkillashtirilgan lotin alifbosi. xech qachon ' - undov unli xarflar bilan birga qo'llanilmaydi. shunday ekan buni chalkashtirish mumkin emas.

(o‘ ва g‘ ҳарфлари. Бу ҳарфларни клавиатурада алоҳида тугмачаларга боғлаб қўйишнинг имкони йўқ.) - juda qiyin bo'libdi sizga bog'lab qo'yishni imkoni yo'qligi.

(«to‘g‘ri» сўзида икки қўшимча белгидан бири тушиб қолиши кўп учрайди (ё «to‘gri», ё «tog‘ri») ҳатто саводли ёзилган матнларда ҳам. Матн теришда бу жуда ноқулай ҳарфлардир.) - agar to'g'ri yozsa to'g'ri yoziladi shu so'z.

xullas 200% qiynalib ketipsiz, yaxshisi kirill alifbosida yozvurin biz yosh avlod sizga ruxsat beramiz. Lekin jaxonnning deyarli barcha nuqtalarida lotin xarflarini tanishadi kirill xarflarini emas, shuni inobatga olib, yoshlarni chet el davlatlarida o'qish va ishlashini va u yerlarda asosan ingliz tilida o'qish va ishlash jarayonida osonroq bo'lishini inobatga olib, lotin alifbosini kirill alifbosiga o'zgartirish kiritish taklifini bermasligingizni so'raymiz. Yoshlar albatta shu yaqin yillarda OAV larida va davlat tashkilotlari xujjatlarni yuritishda albatta lotin tiliga o'tishadi, shuningdek 5000, 10000, 50000 so'mlik pullarimiz xam xozirda lotin tilida chop etilgan e'tibor berib qarang. shuni xisobga olib xalqimizda bir ibora bor MUSULMONCHILIK ASTA-SEKINCHILIK. Asta-sekin xammasiga erishamiz muxtaram maqol muallifasi.
Мехмон
  24 август 2017, 13:46
жуда тугри фикр билдирилган.чунки барча тиббиётга оид зарур китоблар рус тилида ёки кирилл алифбосида чоп этилган .ж.шифокор.
Мехмон
  18 август 2017, 19:49
Узбекистонда 1929 йилда хам,1940 йилда хам (у даврда бу фикрни аклга келтириб булмасди,балки) ва мустакиллигимиз йилларида яъни 1993 йилда хам алифбомизни алмаштириш буйича умумхалк мухокамаси,аникрок килиб айтганда референдум утказилмади.Менимча бу масалани Узбекистон халки умумхалк мухокамаси ва референдум оркали хал килиши керак.Мен айримларнинг фикрларига умуман кушилмайман.Хаттоки кирилл алифбосини рус алифбоси дейишгача боришмокда,ахир кирилл алифбосида нафакат руслар бошка славян халклари хам фойдаланади-ку.Алифбони алмаштиришдаги шошма-шошарликлар нималарга олиб келишини куриб турибмиз,бундан кейин адашмайлик.
Мехмон
  17 август 2017, 15:15
бизнинг фикримиз кирил алифбосига кайтганимиз маъкул
Мехмон
  16 август 2017, 14:32
КИРИЛЧАГА КАЙТИШ ТУГРИ
устоз
  15 август 2017, 16:50
кирилга кайтиш тугри
Мехмон
  10 апрел 2017, 09:58
Тугри масала кутарилган. Хозиргача Фармонлар ва Карорлар биринчи рус тилида, кейин эса узбек тилида берилади. Карор иловалар эса факат рус тилида. Нахотки ушу карор ва фармойишларни ёзиб нашр килаётган узбек тилини билишмаса!!! Вилоятларда хамма хам рус тилини билишмайди. Хозир ёшларимиз лотин тилида яхши узлаштириб олишган, крилл харфларига утилса тугри булади деб булмайди. Биринчи президентимиз мухтарам И.Каримовга хурматсизлик булмайдими! Бу кунларга етишгунча канча кийинчиликлардан утилди. Масалани уша масъул вазирликлардан бошлаш керак.
Мехмон
  26 март 2017, 15:49
Мени фикрим кирилл алифбосига кайтиш керак!
Мехмон
  26 март 2017, 15:33
Ассалому алайкум! Шукунгача мани кийнаб келган саволларни айримларини ёриттингиз маколангиз учун катта рахмат! Лекин агар лотин алифбосига утиш атиги узлигимизни билдириш учун утилган болса эсиз олимларимиз! Нахот сизга ухшаган бир олимтой топилмадими шу пайт уртоклар ахир бу алифбо холос номи кирил болса болар олдимизда бошка долзарб масалалар турибдит демадими! Канча пул кукка совурилди! Янги лотин тилидаги йул белгилар, хариталар миллионлаб китоблар эх эсиз увол! Алифбо саволини уялмасдан катта оммага чикариш керак етар бир марта ишониб бериб койдик! Халк узи хал килсин! Факат хамма + ва - ларни тогри хар икки алифбога халол езиш керак!
Реклама