Кўчада қолаётган талабалар... Турар жой дахмазалари ҳақида
22 сентябр 2017, 16:26 2485 кўрилди

alt

Олийгоҳларга ўқишга кириб, талаба деган номга мушарраф бўлган узоқ ҳудудлардан келган аксарият талаба, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёж сезади. Бу улар учун сув ва ҳаводек зарур. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги институту университетлардаги талабалар турар жойларида яратилган шароитлар киши ҳавасини келтиради. Шинам, замонавий. Лекин олий таълим муассасасининг ётоқхоналарида талабалар учун жой етарлими? Ётоқхонадан жой тегмаган ёшлар қаерда яшамоқда? Уларнинг ўқишдан ташқари ҳаёти кимнинг назоратида?

ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙИ ДАХМАЗАСИ

Охирги пайтларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган талабалар олийгоҳ ётоқхонасига жойлашиши негадир анча мураккаб жараёнга айланди. Нега? Яна бу биргина муаммо ҳам эмас экан.

Шу каби муаммоларга ойдинлик киритиш мақсадида пойтахтимиздаги бир нечта олий ўқув юртларининг талабалар турар жойидаги шароит ва белгиланган тартиб-қоидалар билан танишдик.

«Олдин шартнома пулини тўланг»

Аниқланишича, аксарият олийгоҳларнинг ётоқхонасига жойлашиш учун қўйиладиган талаб деярли бир хил. У қуйидагича:

Дастлаб, кам таъминлангани ва жисмоний имконияти чекланганига қаралади. Ана шундай тоифадаги талаба энг биринчилардан бўлиб жойлаштирилади. Сўнг навбат бошқаларга берилади. Бунда талаба ўзи таҳсил олаётган факультет декани номига ариза ёзади. Аризага унинг яшаш жойидан маълумотнома (кам таъминланганлик, жон боши ва ҳақиқатан ҳам шу хонадонда рўйхатда туриши ҳақида) илова қилинади. У чиндан ҳам ётоқхонага муҳтож деб топилгач, талабалар турар жойининг камида олти ойлик тўловини олдиндан тўлашга шарт (аксарият олийгоҳларда тўлов юз фоиз амалга оширилади, юқоридаги ҳолат камдан-кам учрайди).

Фақат истисно ҳолларда, яъни талаба мавжуд маблағни тўла-тўкис тўлашга умуман қурби етмаса, кафолат хати ёзиб бериши мумкин. Борди-ю, талаба тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган бўлса, шартнома пулини тўлаган бўлиши шарт, акс ҳолда, унга ётоқхона берилмайди. Афсуски, бу шарт ҳамма олийгоҳларда бир хил амал қилади.

Талабалар турар жойига жойлаштириш тартиби бўйича бир нечта олийгоҳ ётоқхонасининг хўжалик бекалари билан суҳбатлашдик. Уларнинг берган маълумотига қараганда, ҳар бир факультет деканати томонидан талабалар рўйхати берилади. Рўйхатдаги талаба рухсатнома ҳамда тўлов чекини олиб келиши ётоқхонага жойлашиш учун кифоя экан. Аввало, чекка вилоятдан келган, шартнома асосида ўқийдиган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган талабага хона ажратилиши кераклигини улар ҳам таъкидлади.

Хўш, бу вазиятга талабалар қандай изоҳ беради? Келинг, яхшиси, бу борада уларнинг ўзидан эшитсак.

«Кўчада қолдим...»

— Ўтган йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга киргандим, — дея гап бошлади талабалардан бири. — Илк ўқув йили оғир кечди. Негаки, турар жойим йўқлиги ҳамда тўлов-шартнома асосида таҳсил олганим сабабли, талабалар турар жойига жойлашиш учун декан номига ариза ёздим. Бироқ турли баҳоналар билан менга жой беришмади. Ўқиш пули тўланмаса, ётоқхонага рухсатнома ололмайсиз, дейишди. Контракт суммасини тўлаб бўлганимда эса «кеч қолдингиз, бўш ўрин йўқ» деган жавобни олдим.

Борадиган жойим ҳам, бирор танишим ёки қариндошим ҳам йўқ эди. Кўчада қолдим. Бир йил квартирама-квартира кўчиб, сарсон бўлдим. Ўшанда келаси йил, албатта, ётоқхона берамиз, деб мени ишонтиришган эди.

Бу йил ётоқхона сўраб, яна ариза билан мурожаат этдим. Афсуски, фойдаси бўлмади. Яна жой қолмаганини рўкач қилишди. Ваҳоланки, талабалар турар жойида яшаётган курсдошларим бу гап ёлғонлигини айтмоқда. Ҳали деярли ярим бино талабаларга берилмаган. Очиғи, бўш жой бўла туриб, нега сарсон қилишяпти, буниси менга қоронғи. Хуллас, ҳар куни деканат эшиги олдида зора ётоқхона беришса эди, деган илинжда кутишдан ўзга чорам қолмади. Унга қадар эса арзонроқ ижара уй қидиришга мажбурман.

— Университетда тўртта ётоқхона мавжуд бўлса-да, улардан жой олишнинг ўзи бўлмайди, — дейди яна бир талаба. — Биргина ариза, кам таъминланганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда белгиланган тўловни амалга оширганлик тўғрисидаги бир энли қоғоз билан иш битмайди. Асоссиз чўзиш ҳоллари жуда кўп. Билмадим, нега талабани бунчалик қийнашади?

Талабалар билан мулоқот давомида айрим олийгоҳ ётоқхоналарида кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган ёзилмаган қоидалар борлигидан воқиф бўлдик. Масалан, Ўзбекистон Миллий университетининг талабалар турар жойида яшаётган талаба тўртинчи курсни якунлаётган бўлса, ётоқхонага албатта, ўзидан бирор бир қимматбаҳо совға қолдириши лозим  экан. Бундан ташқари, бу ётоқхонада истиқомат қилаётган талабалардан ўқув йили якунлангач, янги ўқув йили учун ётоқхона таъмирига пул йиғиб олинаркан. Аммо таъмирдан ҳеч қандай дарак йўқ...

Бундан ташқари, талабалар сони кўп айрим олийгоҳларда кузатилаётган ҳолатлар ҳам киши дилини ранжитади. Бу ҳам бўлса, ётоқхонага жойлашишга сунъий тўсиқлар қўйиш, навбатлар ҳосил қилинишидир. Ҳатто айрим талабалар ётоқхонага жойлашиш учун «танка» сураётганини эшитиб, очиғи, жуда ҳайрон қолдик.

Тўғри, ётоқхонага муҳтож талаба бошқа йўл билан бўлса ҳам жойлашишни кўзлайди. Лекин шундайларни қўллаб-қувватлаб, ётоқхоналарни бундай «устамонлик» билан тўлдиришнинг нима кераги бор? Бунақада ижарада туришга моддий имконияти йўқ, ётоқхонага ниҳоятда зарурати бор ёшларнинг эртанги куни қандай кечади? Ахир, улар талабаликнинг дастлабки йилиданоқ шундай ноҳақликка дуч келса, бунинг оқибати салбий ҳолатларга олиб келмайдими?

«Ҳафталаб жой кутиб»

Яна бир масалага тўхталсак. Пойтахтимиздаги олий ўқув юртларини кузатишда давом этар эканмиз, ётоқхона учун тўлов миқдори аксариятида бир хил эканига гувоҳ бўлдик. Бир йиллик тўлов 650 мингдан 750 минггача.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Нега аксарият ётоқхоналардаги нарх-наво бир хил? Ахир, улар орасида сифати ҳар хиллари ҳам бор. Биргина мисол, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига қарашли талабалар турар жойининг ҳаммаси ҳам белгиланган талабларга жавоб бермайди. Шундай бўлгач,  сифатига қараб нархи бичилса, мақсадга мувофиқ эмасми?

Масалан, янги, ҳамма қулайликларга эга ётоқхоналар учун бошқа нарх. Эски, шароити ҳаминқадарларига эса бироз арзонроқ белгиланса, бу талабалар ўртасида ҳеч қандай эътирозни вужудга келтирмайди. Қолаверса, бу ҳар бир талаба учун чўнтаги кўтарган ётоқхонага жойлашиши учун асос бўлади.

Бундан ташқари, айрим олий таълим муассасаларида талабанинг ётоқхонага жойлашиши бир-икки ҳафтага чўзилиб кетмоқда. Бу ҳолат ариза топшириш, уни кўриб чиқиш, ўрганиш, рухсат бериш ҳамда тўлов сингари қатор жараёнлардан сўнг якун топади. Бу вақт ичида талаба қаерга боради-ю, кимникида тунаб қолади — бировнинг иши йўқ…

Замонавий ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган бир шароитда ушбу жараёнларни ҳам онлайн тарзда йўлга қўйиш фурсати келгандир балки.

Ўқиш иккинчи «план»да…

Ётоқхонадан жой ололмаган талаба нима қилади? Албатта, ижара уй топишига тўғри келади. Бу масала уни том маънода қийнаб қўймоқда. Айниқса, моддий жиҳатдан. Ўзи­нгиз ўйлаб кўринг, ҳозирги кунда бир ойлик ижара ҳақи 800 мингдан 1,5-2 миллион сўм атрофида. Шаҳарга янги келган талаба учун бу пулни топиб, ижарага тўлаш осон эмас. Оқибатда бу талаба дарсдан ташқари ҳолларда, баъзан ўқиш вақтида ҳам пул топиш билан кун ўтказишга мажбур бўлади. Бу эса билим олиш иккинчи даражали вазифага айланиб қолишига асосий сабабдир. Таъбир жоиз бўлса, бундай ҳолат талаба учун нобоп йўлларга кириб, ахлоқан бузилишига ҳам замин ҳозирлаши ҳеч гап эмас.

 — Ўқишга кирган йилим тўлов контракт пулини тўлаш бирозгина чўзилгани учун талабалар турар жойига жойлаша олмадим, — дейди Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларидан бири.

— Шу сабабли ижарада туришга мажбур бўлдим. Контракт асосида ўқиётганим, боз устига, оиламиз ўртаҳоллиги учун ўқишдан сўнг ишлаб пул топишдан ўзга чора қолмади. Ижара ҳақини тўлаш керак деб, ҳатто, баъзи вақтларда ўқишга ҳам бормай қўйдим. Бу ўқишимга салбий таъсир кўрсатди. Оқибатда, биринчи курсни зўрға тамомладим. Келаси йил контракт пулини ўз вақтида тўлаб, ётоқхонага жойлашдим. Ортиқча ташвиш бўлмади. Шундан сўнг, вақтимни ўқишга сарфладим ва бора-бора олийгоҳнинг намунали талабалари қаторига қўшилдим.

Шу ўринда бир мулоҳаза юритайлик. Ўзбек хонадонида қиз фарзанд дунёга келса, ота-она уни кипригида асраб-авайлаб ўстиради. Лекин у вояга етгач, таҳсил олиш мақсадида яқинларидан йироқда, назоратсиз қолса-чи?

Ҳозирги турли ёт ғоялар хавф солиб турган айни бир пайтда талабалар ётоқхонаси талабалар, айниқса, қиз болалар учун айни муддао эмасми? Чунки ётоқхонада маълум тартиб-интизом, назорат бор. Уларнинг ўз ҳолича иш тутишига асло йўл қўйилмайди. Қолаверса, бу ота-она учун ҳам анча ишончли, хавотирсиз. Улар фарзанди ўқишдалигида юрак ҳовучлаб, хавотир олиб юришига асло ҳожат қолмайди. Демак, талабалар турар жойига муҳтож ҳамма талабани қамраб олиш — кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала.

Ҳам талабага, ҳам ўзига масъул

Бугун уюшмаган ёшларни бир жойга жамлаш, улар билан жиддий иш олиб бориш ҳақида кўп гапирилмоқда. Шу маънода, ижарада турган талабага ҳам алоҳида эътибор зарур. Хўш, уларнинг тақдири не кечади?

— Ҳақиқатан ҳам илгари курс раҳбарлари ижарада турадиган талабалар билан етарлича иш олиб бормас эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-аҳлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек БОЗОРОВ. — Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йил 27 июль куни Президентимизнинг «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, энди ҳар бир курс раҳбарига ижарада яшаган талаба билан жиддий ишлаши учун ойлик маошига 25 фоизли устама қўшиб берилади. Илгари курс раҳбари ижарадаги талабаси билан юзаки ишлаган бўлса, бундан буён ўзи учун ҳам жиддий ишлайди. Чунки айнан шунинг учун унга устама ҳақ белгиланади.

Бундан ташқари, шу йилдан ҳар бир олийгоҳ ётоқхонасида янги тарбиячи педагог штати жорий этилди. Энди ўқитувчи-устозлар олдингидек ётоқхоналарга навбат билан навбатчиликка эмас, балки маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюради. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги ёшларни янада қўллаб-қувватлашга, қолаверса, ҳар бир талабанинг тақдири беэътибор қолмаслиги йўлида қилинаётган амалий ишлардир.

Манба: "Оила даврасида" газетаси, 38-сон

Шархлар
Мехмон
  29 сентябр 2017, 19:59
Америкага боргани лоторея ютволдим, сунгра бордим.
Корнимга пулим бор аммо ёток
учун мехмонхонага пулим йук.
Одамлар номард бирортаси ке демади бошпана бермади.
Вахоланки, мен Америка тарихини
урганиш уларга ёрдам бериш учун боргандим.
Мен олим булсам....
Илмга хурмат шуми.....
Ахир мен Глобал муаммолар ечими устида тадкикот утказишга
харакат килаётган булсам....
Мен асосли, адолатли талаб киляпманми ё аксинча!?
СИЗ нима деб уйлайсиз ?
Шу тугрида БМТ га шикоят килсам
буни уйизда уйлашингиз керак эди дейди.
Хеч булмаса уй кургани чек ЕР беришса хам майли .... ... ....
Узи дунё галати трамвайга чиксам пул сурайди...
Чикмасам хам барибир буш кетардику.... Орифларга хурмат шуми .
Узи шу вактгача улганим йук худо хохласа, улмасам амаллаб битиририб олсам ....э э кайтиб келвосам америкадан узим биламан ... ....
Фойдаси булармикин мехмонхонадан мехмонга жой беришармикин деган умид билан ёздимда интернетдан айланай....
"Оила даврасида" газетасидан хам.

"Зиёли Турист" Нью Йоркдан махсус.
Мехмон
  27 сентябр 2017, 20:05
Эх студент "Ишламаган тишлайди. Урган студент"
Давлатимиз томонидан олкишланаётган ёшлар билан ишлаш ташкилотлари рахбарлари нега бу муоммоларга жавоб бермайди.
Мехмон
  26 сентябр 2017, 21:11
O'zbekiston Davlat joxon tilar unversitetida yotoxona olish un 1$ berish kere aks xolda yotoxona olaolmesiz sababi turli boxonalar bn joy go'q deyishadi bu xolat uzoqdan kelgan talabalar un juda momo tug'diradi o'zingiz kelib bir ko'ring yotoxonalarni va yotoxonadegi talabalarni kimlarnidir farzandlari yoki kimlarnidir jiyanlari yotishadi odiy oylaning farzandi yotoxona xam ololmedi qani xaqiqat bizada xamayo'q yuzaki
Мехмон
  26 сентябр 2017, 21:01
СОҚҚАСИНИ БЕРИШ КЕРЕДА УКАМ. ХАММА ЖОЙ ШУ АХВОЛ. БИР ИККИ ЙИЛ ТОШКЕНДА ЮРСЕН КЎЗИН ОЧИЛИБ ҚОЛАДИ. ПУЛ БИЛАН БИТМАГАН ИШ КЎП ПЎЛ БИЛАН БИТАДИ.
Мехмон51
  26 сентябр 2017, 20:18
эээээ вапше
Реклама