"Катта шаҳар"нинг ҳалокатли ўйинлари: Тошкентда 5 нафар мактаб ўқувчиси "ўлим гуруҳи"дан сақлаб қолинди
17 апрел 2017, 16:21 6329 кўрилди

alt

Интернетни катта шаҳарга қиёслашади. Унда турфа характердаги, турли ниятдаги одамлар кезади. Одатда ота-оналар ўз фарзандини мактаб ёки боғчага кузатганда бегона кишилардан эҳтиёт бўлишни, улардан нарса олмасликни тайинлайдию аммо, виртуал оламда ҳам ана шундайлардан огоҳлантириш зарурлигини унутиб қўяди. Гўёки, фарзанди ёнида, кўз ўнгида бўлса, унга хавф етмайдигандек.

«Югур ва ҳалок бўл»

Аммо айни пайтда инсон, айниқса, ўсмирлар ва болалар онгини ­масофадан туриб бошқариш, уни ­заҳарлашга уриниш авж олмоқда. Яқинда оммавий ахборот воситаларида МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, «Кўк кит», «Тинч уй», «Югур ва ҳалок бўл» каби «ўлим гуруҳлари» ҳақидаги маълумотлар тарқатила бошланди. Мазкур «гуруҳлар» асосан ижтимоий тармоқларда фаол иш олиб бориб, турли номлар ва «ҳештег»лар остида ўсмир ёшларни банди қилади. Маълумотларга кўра, фожиага чорловчи илк «ўлим гуруҳи» аллақачон ёпилган. Ижтимоий тармоқларда Филипп Лис номи остида рўйхатдан ўтган гуруҳ яратувчиси эса яқинда ҳибсга олинган. Бироқ унинг ўйини кўплаб издошларини пайдо қилган. Бугунги кунда улар бошқа номлар ­остида ижтимоий тармоқларда фаолиятини давом эттир­япти.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўйин шартлари 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади. Дастлабки босқичларда вазифалар содда ва оддий бўлади. Гуруҳнинг рамзини чизиш кабилар шулар жумласидан. Лекин бора-бора шартлар мураккаблашади. Хусусан, тиғ билан қўлни тирнаб ёзиш вазифаси юкланади. Иштирокчи топшириқ бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ «куратори»га кўрсатиши керак. «Ўлим гуруҳлари» қўяётган ўйин шартларининг энг сўнгги босқичида юқори қаватдан ўзини ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқларни бажариш асносида худкушликни амалга оширишга ундайди.
«Ўлим гуруҳлари»нинг илк қурбонларидан бири 2015 йилда ўзини поезд тагига ташлаган, ўша пайтда 16 ёшда бўлган Рина Поленковадир. Жонига қасд қилишига сабаб эса йигитининг ташлаб кетгани бўлган. Бу бахтсиз ҳодисага ТВ ва таниқли блогерлар эътибор қаратади. Бу эса ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш оммалашишига сабаб бўлади. Ринанинг ўз жонига қасд қилгани хусусидаги маълумот кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди, айримлар уни қаҳрамонга айлантирди, хатти-ҳаракатини қўллаб-қувватловчилар кўпчиликни ташкил этди.

Роботлар гуруҳ ёрдамчилари

Маълумотларга кўра, «ўлим гуруҳлари» қурбонларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига қолдирилаётган изоҳларнинг 90 фоизи интернет оламидаги роботлар, ёки тролл(мақсади аниқ номаълум шахс томонидан очилган саҳифа эгаси)лар томонидан қолдирилар экан. Асосий мақсад бу ахборотнинг долзарблигини виртуал оламда ушлаб туриш, унга барчанинг диққатини қаратишдир. Айрим мутахассислар бундай ўйинларнинг таг замирида гибрид уруш ётганини таъкидламоқда.
Айни пайтда мутахассислар мазкур ҳолатларни жиддий ўрганиб, бу борада тадқиқот олиб бормоқда. Ҳалок бўлган ҳар бир ўсмирнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига қолдирилган изоҳлар манзили ўрганилмоқда. Маълум бўлишича, фикр­ларнинг тенг ярми интернет-троллар (сохта саҳифалар) томонидан қолдирилган. Ўта агрессив изоҳ билдирган саҳифалар Польша, АҚШ ва Украинада яратилгани аниқланган. Бундан ташқари, ўйинга жалб этиш автоматлаштирилган бўлиб, у туну кун фаолият кўрсатади. Бундан мақсад ўсмирлар истаган пайтида ўйин ўйнашига шароит яратишдир. Тад­қиқотларга кўра, «ўлим гуруҳлари»нинг тарғиботи билан шуғулланадиган минглаб интернет-ботлар фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, ижтимоий тармоқларга ўйинга оид пост­лар қолдираётганлар ҳам асосан ботлардан иборат.
Таъкидлаш жоизки, бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун катта маблағ сарфланади. Масалан, интернет-бот, тарғиботчилар   муайян ҳақ эвазига ишлайди. Шу билан бирга, интернет биржалар орқали самарали ботларни харид қилиш ҳам қимматга тушади. Шунинг учун мутахассислар бундай ғаразли ўйинлар ортида муайян манфаатдор кучлар турибди, деб ҳисобламоқда.
Ҳозирги кунда МДҲ мамлакатларида мазкур гуруҳларга қарши кураш олиб борилмоқда. Россияда интернетдаги бундай ёвузликка қарши курашиш асносида «ўлим гуруҳлари» ўйинига алоқадор сайтлар эгаларига нисбатан иш қўзғатилган. Айрим сайтлар фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, болаларни, ўсмирларни виртуал олам орқали ҳалок этишга чорлашнинг кўплаб технологиялари мавжуд.
— Саккиз яшар қизимга планшетимда босқичма босқич ривожланиб борадиган ўйинни ўйнашига рухсат бердим, — дейди украиналик Зоя Андре­ева. — Мазкур ўйинда қизил рангдаги пони оти майдон узра сакраб юриб, турли топшириқлар беради. Дастлаб бу ўйинда хавфли бирон жиҳат борлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Бир куни тасодифан планшетдаги ушбу ўйинга кириб, топшириқларга кўзим тушди. Очиғи, жуда қўрқиб кетдим. Пони қизимга қуйидагиларни ёзган. «Пони сени яхши кўришини хоҳлайсанми? Унда ойингга ҳеч гапни айтма, иккаламизнинг сиримиз бўлиши керак». Унинг охирги топшириқларидан бири «Сен мустақил тарзда дераза токчасига чиқа оласанми?» эди. Албатта, ўйинни зудлик билан ўчириб юбордим. Аммо ҳозиргача чўчийман. Шу боис ҳозирги ўйинларда хавф йўқ деб ишонч билан айтиш жуда қийин.
— Инсон онгини масофадан туриб бошқаришга ҳаракат кучайиб бормоқда, — дейди Россия Давлат Думаси депутати Ирина Яровая. — Афсуски, қонунчиликда инсонга етказиладиган бундай зарар хусусида меъёрлар мавжуд эмас эди. Шу боис ҳозирда бу ўйинларга қарши қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонунчилик бундай жиноятга қарши жазо муқаррар эканининг амалдаги исботи бўлади.

Эътиборсизлик қимматга тушади!

Таассуфки, бундай ўйинлар кўпроқ биздан олисда содир бўляпти, деб бефарқ қараб бўлмайди. Чунки сўнгги пайтларда улар мамлакатимиз ўсмирларини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Хусусан, жорий йил март ойининг нав­батдаги профилактика кунида пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 135-умумтаълим мактабида ўтказилган «Давомат» тадбирида ўқувчиларнинг нафақат дарсларга қатнашиши, балки уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига қанчалик риоя этаётгани ҳам эътибордан четда қолмади. Мактабнинг бир синфига кирганда туман ички ишлар бошқармаси ходимлари ўқувчиларнинг билакларини текшириб кўришга қарор қилди. Кутилмаган ҳолат рўй берди: икки ўқувчининг билакларида ўткир буюм билан кесиб чизилган балиқнинг расми борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув давомида ушбу ўқувчилар интернет тармоғида «кўк кит» номи билан тарқалган ўйиннинг видеоролигини кўриб, билакларига китнинг суратини чизганликлари маълум бўлди. Ўқувчиларнинг ота-оналари бундан мутлақо бехабар экан. Аянчли ҳодиса қандай оқибатга олиб бориши нафақат ўқувчилар, балки ота-оналарга чуқур тушунтирилди.
Шу билан бирга, ИИББ вакили «Тошкент» телеканалининг «Пойтахт» ахборот дастурига берган интервьюсида таъкидлашича, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари якуний мақсади ўз жонига суиқасд қилиш бўлган «кўк кит» ўйинида 15-даражага ўтган беш нафар мактаб ўқувчисини «ўлим гуруҳи»дан сақлаб қолган.
Дарҳақиқат, замонавий технологиялар жадал ривожланаётган даврда хавф-хатар кутилмаган жойлардан келмоқда. Бу жараёнда эса ўз фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлган кишилар манфур ниятли кучлар ишини осонлаштиряпти. Бугунги хавф-хатарни инобатга олиб, ота-оналар ҳар лаҳза, ҳар қадамда фарзандидан бохабар бўлиб туриши керак. Шунда у нафақат ўз фарзандининг, балки бошқаларнинг ҳам келажагини асраб қолган бўлади.

Руфат НЕЪМАТОВ,
«Жамият» мухбири

Мавзуга доир: "ЎЛИМ ГУРУҲЛАРИ": "МЕНИ ТОНГГИ 4:20 ДА УЙҒОТ"

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  18 мая 2017, 13:48
БИЛАСИЗМИ БУНИНГ САБАБИ НИМАДА БОЛАЛАР ЁШЛАР ЖУДА КИЗИКУВЧАН БУЛИШАДИ УЛАР ХЕЧ БУЛМАСА 1 МАРТА ШУ САЙТГА КИРИБ КУРМОКНИ ИСТАШАДИ БУНАКА 1 МАРТА КИРИБ КУРУВЧИЛАР КАНЧАДАН КАНЧА БУ САЙТЛАР АЛБАТТА БЕПУЛ ЕМАС САБАБ ПУЛ ИШЛАШ
Мехмон
  18 апрел 2017, 16:25
Ўсмирларни худкушликка жалб қилиш албатта жиноят,бироқ мақолада ушбу жиноятнинг мотивацияси очиб берилмаган,бу хақда бошқа манбалардан хам маълумот топа олмадим. Нечтадир ўсмирни ўлдириш билан бу жиноятчилар нимага эришадилар? Бу мақсад учун пул тўлаётган шахс ёки гуруҳ қандай манфаат кўради?
Реклама