Икки томонлама ютуқ: "Очиқ" конвертациядан Ўзбекистонни нималар кутади?
07 июн 2017, 14:14 6529 кўрилди

alt

Конвертация бўйича лойиҳа Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама учун жойлаштирилган эди. Кўпчилик лойиҳа 2017 йилнинг бошида қабул қилинишини ҳам кутганди, бироқ 5 ойдан ошдики, эркин конвертацияга олиб борувчи сезиларли қадамлар, Марказий банкнинг хорижий валютани ҳафтасига 20-30 сўмга оширишидан ташқари, ҳалигача қўйилмади. UZ24 агар конвертация “очилса”, Ўзбекистонни нималар кутиши ва ким фойда кўриши ҳақида фикр билдиришни сўраб, экспертга мурожаат қилди.

Халқаро валюта мажбуриятлари

Мамлакатда конвертацияни очиш учун у ёпиқ бўлиши керак. Ўзбекистон 2003 йил 15 октябрда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) низомининг 8-моддаси бўйича миллий валютани жорий операция бўйича конвертация қилиш мажбуриятларини қабул қилган ва шу кунгача бу мажбуриятлар расман рад этилмаган, имзолар қайтарилмаган, демак, конвертация ҳам ёпилмаган. Муаммо шундаки, мамлакат ҳозир ўзига қабул қилган мажбуриятларни деярли бажармаяпти. Ушбу мажбуриятлар бўйича Ўзбекистон:

-          жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни ишлаб чиқиш ва ўтказишга бўлган чекловларни қўймаслиги;

-          бирор бир  дискриминацион валюта битимларига қўшилмаслиги ёки бир талай валюта курсларини алмаштириш амалиётидан фойдаланмаслиги керак.

Бундан ташқари, мамлакат бошқа аъзо мамлакатдаги ўз валюта қолдиқларини сотиб олишга мажбур.

2008 йилдаги жаҳон инқирозининг таъсири

Жаҳон молиявий инқирози билан боғлиқ муаммолар 2008 йил АҚШда келиб чиқди. Молиявий таҳдид баҳонаси билан миллий валютани девальвация қилиш ўрнига, аввалига оғзаки, кейин бюрократик чеклов ўрнатишди. Дастлаб пул алмаштириш шахобчаларига жисмоний шахслар учун, сўнг халқ истеъмоли молларини импорт қиладиган субъектлар учун ва инвесторлар учун чекловлар бўлди. Акс таъсир сифатида дарров валюта маблағларини алмаштириш параллел бозори пайдо бўлди. Деярли барча чекловлар маҳаллий ишлаб чиқаришни, иш ўринларини ташқи таъсирдан  ҳимоялаш шиори остида амалга оширилди. Натижада ушбу чекловлардан айнан импорт маҳсулотларини сотиб олувчи ва экспортчи тадбиркорлар жабрланишди, иш ўринлари қисқарди (жуда катта иш кучи ва миграция айнан эркин конвертацияга қўйилган чекловлардан сўнг бошланди ва табиийки, бу давом этяпти).

Хатонинг баҳоси

2009-2014 йилларда меҳнат мигрантлари орқали пул ўтказмалари ва трансфертнинг ўсиши ҳукуматни шошириб қўйди. Ҳукуматдагилар улар томонидан конвертация эркинлигига жорий этилган чекловлар механизми рационал ва иш беряпти, деб ҳисоблай бошлашди. Чиндан ҳам валютага бўлган талабни кўпгина тадбиркорлик субъектлари ва меҳнат мигрантларидан пул ўтказмалари қоплай бошлади, бу эса валюта курси босимини пасайтирди, расмий ва бозор курси ўртасидаги фарқ  20-30 фоизни ташкил этди. Афсуски, шартли консенсус 2014 йилгача, яъни Россияга нисбатан хорижий санкциялар жорий этилгунча амал қилди. Энди эса биз яна 2000 йиллар бошидаги вазиятга тушиб қолдик. Фарқи шундаки, энди иқстисодий ўйинчилар ва молиявий марказлар бозори каррасига катта, мамлакат эса халқаро иқтисодиётга боғлиқ: ўз-ўзидан, хато ва ҳаракатсизликнинг, ишни кейинга ташлашнинг баҳоси жуда улкан бўлади.

Ўтган сафар мамлакат бу муаммо бўйича иродали қарор қабул қилганида, конвертация очилиши учун барча жараёнларга деярли икки йил вақт кетган эди. Чунки ўшанда тегишли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар базаси йўқ эди. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ва ХФЖ иқтисодий ва молиявий сиёсат бўйича меморандум имзолаган эди. Айнан шунинг учун жорий халқаро операциялар бўйича миллий валютани конвертация қилишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар Дастури тасдиқланганди. Ҳозир буларнинг барчасига зарурият йўқ. "Конвертацияни очиш" — бу валютага оид тартибга солиш ишларини қонунчилик майдонига қайтариш, дегани. Жорий операциялар бўйича миллий валютани конвертация этиш бўйича қабул қилинган мажбуриятларга аниқ риоя қилиниши учун сиёсий ирода керак, холос. Буни бугун ҳам, эртага ҳам амалга ошириш мумкин.

Эркин конвертация қандай муаммоларни "юзага" чиқаради?

Миллий валюта конвертацияси сеҳрли таёқча эмас, айнан бунинг акси. Эркин конвертация йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли бюрократик муаммолар, бизнинг гибрид ва бозорли бўлмаган иқтисодиётимиздаги нуқсонлар, номутаносибликларни аниқлаб, юзага чиқариб беради. Эркин конвертациянинг жорий этилишидан сўнг бозор, структуравий ва институционал (самарали суд тизими, мулк ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш, мустақил банк тизими, қонун устуворлиги ва ҳокимиятнинг бўлинганлиги) ислоҳотларни ўтказмасликнинг иложи йўқ, чунки ислоҳотлар ўтказмасдан очиқ бозор томон ҳаракат вазиятни янада оғирлаштиради, холос.

Биринчи навбатда давлат монополиялари ва йиллар давомида имтиёзли курсда валюта харид қилиб келган корхоналар жабр кўришади. Бозор курси бўлмаган курсда конвертация — айнан хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг ҳисобидан имтиёзга эга бўлишни билдиради. Нарх шаклланиши занжирида бу имтиёз учун албатта сўнгги истеъмолчи, яъни сиз ва биз ўз чўнтагимиздан тўлаймиз. Улар структурасини ўзгартириб, қисқартиришлар олиб бориши, бозор рельсларига ўтиши ёки шунчаки ёпилишга мажбур бўлишади.

Бугунги кунда имтизёли конқертацияга рухсати бор хусусий структуралар эркин конвертациядан қаттиқ ларзага тушишмайди, шунчаки уларнинг ишлаб чиқариши ва лойиҳалари рентабеллиги қисқаради. Суперрентабелли ташкилотдан улар шунчаки, тенг шароитларда ишлаётган, рақобат қилаётган рентабелли ташкилотга айланишади.

Валюта кредитлари олган ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларга қийин бўлади. Эркин конвертация шароитида уларнинг лойиҳаси қиймати 2–3 баробар ошиб кетиши мумкин. Шу сабабли, самарасиз лойиҳалар ва фақатгина имтиёзли конвертация олиш илинжида тузилган лойиҳалар дарҳол ёпилиши ёки шакли ўзгартирилиши лозим бўлади.

"Конвертациянинг очилиши"га қарши бўлганлар эркин конвертация шароитда халққа ёмон бўлиши билан қўрқитишади. Асло бундай эмас. Якуний истеъмолчилар — халқ эса ҳар доим якуний истеъмолчи бўлиб келган — турли курслар ҳукм суриб турганда товар ва хизматларнинг, албатта, энг қиммат курсга қараб белгиланган нархида харид қилишга маҳкум, чунки нарх ҳосил қилишда бозорнинг барча иштирокчилари энг максимал курсга қараб белгилашади — бу бозорнинг қонуни! Шу сабабли эркин конвертация шароитида истеъмол нархлари бир неча каррага ошиши ҳақидаги чўчитувчи сценарийлар — асосга эга бўлмаган қуруқ гаплардир.

Ким ютади?

Конвертациянинг очилишидан биринчи навбатда экспорт қилувчилар ютади. Улар ҳозир бозорга оид бўлмаган сунъий равишда паст ушланиб турилган курслар билан зўрға нафас олиб юришибди, экспорт тушумининг бир қисмини яширишади ёки назорат органларининг нигоҳига тушиб қолмаслик учун ноқонуний йўллар билан сотишади. Эркин конвертация шароитида, тўлиқ синхрон девальвация ўтказилса, экспорт тушумини яшириш зарурияти йўқолади, экспорт ҳажмини ошириш учун бозор стимули пайдо бўлади.

Консерватив фикр юритувчилар учун буларнинг бариси ғалати эшитилар, лекин саводли ва комплекс солиқ солиш ислоҳоти ўтказилганда эркин конвертациядан бюджет ҳам ютади, чунки солиқ солинувчи база кенгаяди — бу ўша win-win деб аталувчи, ҳам давлат, ҳам бизнес ютадиган схемадир. Валюта ресурсларига рухсатнинг қонунийлаштирилиши ва тенг имкониятлилиги нафақат хуфёна иқтисодиётни, ҳам экспортда, ҳам импортда ташқи савдонинг "яширин қисми"нинг ҳам очиқланишига сабаб бўлади, бу эса бюджетга тушумларнинг ошишига олиб келади. Албатта, дастлабки пайтларда ташқи давлат қарзига хизмат кўрсатиш қиймати анча ортади, бироқ, масалан, 2003 йилда девальвациядан сўнг бюждет тушумларининг ўсганлиги ташқи қарзларга хизмат кўрсатиш харажатлари ўрнини қоплаган эди. Ҳар қандай ҳолатда ташқи қарз ҳақидаги расмий ва тасдиқланган маълумотларга эга бўлиб, эҳтимолли сценарий ва рисклар юзасидан стресс-тестлар ўтказиш мумкин.

Эркин конвертация "очилган" куннинг эртасига нима бўлиши ҳақида бутун манзарани тасвирлашнинг иложи йўқ, бу ерда жуда кўп омиллар рол ўйнайди. Масалан, пул-кредит сиёсати, хусусан, фоиз ставкаси (қайта молиялаш ставкаси) ва мажбурий заҳираларни оператив тартибга солиш. Янги мувозанатлаштирилган савдо режимининг ишга туширилиши ҳам бунда алоҳида рол ўйнайди.

Калон Яманбаев

Муаллиф фикри таҳририятникидан фарқ қилиши мумкин

 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  21 июн 2017, 14:25
Узимиз пастга урган сумимизни
Ким кутариши мумкин!?
Сум. качонки биз тарафдан кадрлансагина кадри баланд булади.
КУП нарсаларда узимиз нотугри
ёндошиб нотугри хулоса килганимиз ОРТ дан муаммолар куршовида колдик.
Максадларимизни аниклаштирмай
яшадик. Мавхум холатни юзага келтирдик.
Давлат идоралари рахбарлари
давлат бошкаруви ва унинг конунларидан бехабар ёки конунни менсимай фаолият юритиб келишди.
Аксарият амалдорлар Уз амалини буюрук беришу талаб килишдан иборат деб яшаб келишди.
Хаётий узгаришлар, конундаги номутаносибликлар ва энг мухими
Муаммолар нимада эканлигини, унинг ечими хакида сира уйламаган холда халк пулига шохона яшаб зуравонлик Билан хаёт кечириб келишди.
Оддий халк ва амалдорлар орасида бушлик пайдо булди.
Халк булмаса сен кимсан сени амалинг кимга керак, сен кимни пулига укиб ургандингу Энди кимни оёк учида курсатяпсан деб
Суралмади.
Инвеститция киритмай хатто нималигини билмай юрган туман хокимлари канча?
Нима учун улар халкдан устун куйиб келинади.
Президент фармон ва карорларини сузсиз бажариши шарт булган туман хокимлари
бемалол чунтак каппайтириб юрсаю оддий одамлар имкониятидан ташкарида булган холатлар учун жавоб берса.
Шунинг учун хам Мухтарам Президентимизнинг барча сайи- харакатларини олиб бораётган
сиёсатини кизгин макуллайман.
Мехмон
  17 июн 2017, 21:41
Пул алмаштириш муаммо ечими була олмайди.
Бундан ташкари йирик харажат талаб килади.
Узбекистон хар кандай товар ва хизматларини сумда сотиш
ва бунда сумдаги харид бошка валюталарга нисбатан манфатли ,фойдалирок булиши керак.
Сумнинг хукумрон валюталага силами ошиб курслар орасидаги
ФАРК озайиб бориши баробарида
10 000,5000,1000 ва 500 сумликк
купюралар муомаладан боскичма боскич олиб ташланади.
Экспорт товарларни сумда сотишлик келгусида курилган молиявий зарарларни минглаб маротаба коплашлиги. аник.
Россияда товарларимизни рублдагидан кура арзонрок сотилишига эришсак гарчи зарардек куринсада сумнинг хам товар сифатида Россия худудида сотиб олинишлиги курилган зарарни бемалол коплайди.
Мехмон
  13 июн 2017, 06:36
Мингга бир хисобида пул алмашсачи?
Реклама