Фарғонадаги айрим қишлоқ поликлиникаларидаги нохуш манзаралар ҳақида
24 август 2017, 08:47 1318 кўрилди

alt

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Фарғона вилоятидаги айрим қишлоқ оилавий поликлиникаларида йиғилиб қолган кўплаб муаммолар ҳақида ёзди.

Жумладан, Қўштепа тумани, “Барот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 88-қишлоқ оилавий поликлиникасида нохуш манзара кишини ранжитади. Поликлиника ҳудудини ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоналар таъмирга муҳтож. Соат ўн икки бўлишига қарамасдан, фақат бир нафаргина умумамалиёт шифокори ўз ўрнида экан.

Мазкур оилавий поликлиника 19 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Тор соҳа мутахассисларининг навбатчилиги бўйича жадвал тасдиқланган бўлса-да, ўз вақтида аҳолига хизмат кўрсатиши назоратга олинмаган. Тиббий жиҳозлар етарли эмас, ЭКГ аппарати умуман ишламайди. Ичимлик суви билан таъминланмаган.

Тиббиёт масканида куз-қиш мавсумига ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Албатта, ишнинг бундай ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

alt

“Гармдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тез тиббий ёрдам станцияси филиалида кундузги сменада бирорта ҳам олий маълумотли шифокор ишламайди, бўладиган барча чақирувларга фақат ҳамширалар чиқади, холос. Тунги сменада ҳар тугул олий маълумотлилар бор. Лекин, ходимлар учун зарур шароит яратилмаган.

Шомирза қишлоғидаги “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пункти негизида шифокорлар уйини ташкил этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиладиган хоналар санитария талабларига жавоб бермайди. Умумамалиёт шифокори Сайдулло Асадуллаевнинг таъкидлашича, улар қўлларидан келганча аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ҳисса қўшмоқда. Албатта, бу яхши. Аммо давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш вазифаси қатъий қўйилаётган бир пайтда "қўлдан келганча" қабилида иш тутиш нечоғли тўғри?! Аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадларга камарбаста бўлиш, қолаверса, қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини ошириш, бунинг учун кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш ҳам саломатлик посбонларининг вазифаси эмасми?

Бинобарин, тумандаги мавжуд 4 қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам патронаж хизматини такомиллаштириш, ҳар бир оилага кириб бориш ва аҳоли саломатлигидан хабардор бўлиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш каби ишларда мутасаддилар масъулиятини етарли даражада, деб бўлмайди.

alt

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 5 январь куни тиббиёт ходимлари билан учрашувида соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Туман ва қишлоқлардаги тиббиёт муассасалари бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани, лекин ана шу ускуналарни ишлатадиган мутахассислар камлиги, айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётгани, чекка ҳудудларда малакали шифокорлар етишмаётгани танқид қилиниб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Халқимиз бугунги тиббий хизмат сифатидан рози эмаслиги, қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши лозимлиги, бунинг учун шу ерда ишлайдиган врачга пункт ёнидан уй қуриб бериш зарурлиги қайд этилиб, мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Лекин халқимиз саломатлиги, келажак авлод камолоти билан боғлиқ ғоят муҳим бу вазифани барча жойлардаги тегишли мутасаддилар астойдил бажараяпти, дейиш қийин.

Қўштепа туманидаги аҳволдан ҳам кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мутасаддилар ҳамон ишни ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Одамларнинг бугунидан рози ҳолда ҳаёт кечириши, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлиши юртимизда амалга оширилаётган изчил ишларнинг жойларда ўз вақтида ва сифатли бажарилишига бевосита боғлиқ. Бунда эса жойлардаги раҳбарларнинг масъулияти, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши муҳим аҳамиятга эга.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  09 октябр 2017, 13:02
judayam achinarli va odamni o`ylantiradigan holat sog`liqni tiklash uchun birinchi o`rinda tozzalik bunday ahvolda qanday ishlab xalqni sog`ligini tiklash mumkin. nahotki o`zlari shu haqida o`ylab ko`rishmasa
Мехмон
  28 август 2017, 13:31
Ушбу материал берилганига бир неча кун булди.
Аммо, тегишли одамлар муносабатларини билдиришмади.
Вахоланки, пресс клуб йигилишида хаммаси бошлигига хисобот бераётгандай тутишган эди узларини....
Орада кандайдир нотабиийлик бордек!....
Ёки шунчалик турланадиган булиб кетдикми!!??
Пресс клубдаги холат билан ушбу тиббиёт масканидаги холат кескин фаркланади....
Ёки бизга тушунарли булмаётган нимадир бор...
Кутамиз....
Вакт барчасига жавоб беради!!!!
Мехмон
  28 август 2017, 02:37
afsus yurtimizda hali shunaqa tibbiyot muassalari bor ekanda
Мехмон
  25 август 2017, 12:05
Жудаям ачинарли аҳвол.
Мехмон
  25 август 2017, 10:18
Президент фармонларига беписандлик билан муносабатда булганларнинг "япрогидан илдизигача" сугириб етарлича тартиб урнатилиши зудлик билан назорат килиниши керак!!!
Реклама